«Озодликка чиққан» касофат

  • 10:08
  • 20,08-2019
  • 2257
  • Улашинг

   Халқимизнинг меҳмондўстлиги ва бағрикенглиги азалдан қадрланади, эътироф этилади. Бола-чақасига бермай, яшириб қўйган ширинликларини ҳам меҳмон келганда дастурхонга қўйган халқмиз. Ўзимиз пойгакда ўтириб, уй тўрига меҳмонни чиқариш ҳам фақат бизнинг халқимизга хос фазилат. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшовчи С. Р.нинг уйига таниши М. Х. меҳмонга келади. Зиёфат чоғида спиртли ичимликка тўйиб олган қадрдонлар ўртасида жанжал чиқиб, мезбонлик бурчини унутган С. Р. танишининг бошига ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказади. Эътибор беринг, жиноят маст холда содир этиляпти. Агар шу касофат ичкилик бўлмаганда, балки чиройли бошланган меҳмондорчилик илиқ хайрлашув билан бўлармиди.

   Шу ўринда донишмандларнинг, майхўр ҳаёт қадрини билганида эди, майни дўстларига эмас, душманларига ичирган бўларди, деган ҳикмати ёдга тушади. Бир-бирига яхши тилаклар билдириб, соғлиқ ва омад учун қадаҳ кўтараётган дўстлар мастлик оқибатида жанжаллашиб туришса-я. Шу нарса дўстликнинг бузилишига арзирмикан.

   Ундан ҳам ёмони Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида содир бўлди: ёшларга ақл ўргатадиган, қариндош-уруғ ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга чақирадиган, насиҳат қиладиган ёшдаги ака-укалар ўзаро жанжаллашишди. Маст ҳолда бўлган 47 ёшли О. Ҳ. ўзи билан бир уйда яшайдиган акаси А. Ҳ. нинг оёғига пичоқ ва кетмон дастаси билан уриб, жароҳат етказади. Бу хабарни ҳам ўқир эканман, «маст ҳолда», деган жойида тўхтаб қолдим. Наҳотки, бир ота-онадан туғилган жигарлар орасига шу касофат тушиб, тиғ кўтаришгача бориб етса. Бу болаларга қандай ибрат бўлиши мумкин, эртага ака-укаларнинг фарзандлари бир-бирига қандай муносабатда улғайишини тасаввур қилаверинг. Бутун бошли оилани пароканда қилаётган шу ичкилик эмасми?!

   Мастликни донишмандлар ихтиёрий телбаликка қиёслашади. Чунки бу ҳолда инсон ўзини бошқариши, бажараётган иши, сўзлаётган сўзига эгалик қилиши қийин бўлади. Маст одам эса ўз иҳтиёри билан шу телбаликни ўзига раво кўрган бўлади. Биз, андишага бориб, мастликда бўлади-да, деб қўямиз-у, у «эркатойимиз» эса маст бўлиб хурмача қилиқларини кўрсатаверади. Оқибатда кимнингдир нафсониятига тегиб, орада жанжал чиқади.

   Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида яшовчи В. С. Хирмонтепа маҳалласида Г. З. билан тортишиб қолади. Маст ҳолда бўлган В. С.нинг юзига қўллари билан уриб жароҳатлаган Г. З. қилмишининг нима билан тугашини билмас эди. Олган жароҳати туфайли жабрланувчи шифохонада оламдан ўтди.

   Яна бир мисол. 8 август куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи 22, 23, 26 ёшларда бўлган уч нафар шахс маст ҳолда жиноят содир этди. Улар шаҳарнинг Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган автобус бекатида 40 ёшли Қ. Ҳ.ни уриб, тепиб жароҳатлайди. ИИВ расмий сайтида жанжал пайтида жабрланувчининг ўзи ҳам маст ҳолда бўлгани айтилмоқда. Фарзанди қатори йигитлардан калтак еб, жарохат олган Қ. Ҳ. шифохонага жойлаштирилди. Зўравонлар ҳам тезда қўлга олинди.

   Воқеанинг тун пайтида, соат 22:20 да содир этилганини ҳисобга олсак, бу вақтда кўпчилик оила даврасида бўлади. Бундай пайтда кўчада маст бўлиб жанжаллашган ёшларнинг қилмишига энди қонуний баҳо берилиши аниқ. Ароқ билан саломлашган, ақл билан хайрлашади, деб шуни айтишсалар керак-да!

   Ривоят қилишларича, бир обид одамнинг уйига мусофир киши қиёфасида шайтон келибди ва уч кун яшабди. Уй эгаси унга таом келтирар, лекин меҳмон ҳеч нарса емайди ҳам, ичмайди ҳам, Уй эгаси: Сен қандай одамсанки, еб-ичмай яшай оласан? – дебди. Шайтон уни алдаб:

— Бир гуноҳ қилиб қўйгандим. Сўнгра шундай чин дилдан тавба килдимки, унинг шарофатига Аллоҳ таоло мендан емоқ эҳтиёжини кўтарди, – дебди.

— Менга ҳам ўргат, мен ҳам еб-ичиш эҳтиёжидан қутулишни истайман, — дебди обид инсон.

 — Ё май ичиш, ё зино қилиш ёки бир одамни ўлдиришинг лозим, —дебди шайтон.

   Бечора обид кўп ўйлабди. Одам ўлдириш бўлмайди, зино ҳам оғир гуноҳ. Озроқ май ичаман, сўнгра тавба қиламан, деган фикрга келибди. Бу орада шайтон қизи касал бўлган бир подшоҳнинг олдига бориб, фалон жойда бир обид бор, нафаси жуда ўткир, иншоаллоҳ, у ерда қизингиз соғаяди, деб подшоҳни алдабди. Қизни обиднинг уйига ташлаб кетишибди. Обид маст ҳолида қизни зўрлаб, зино қилибди. Қилган ишидан пушаймон бўлиб ўтирганида унинг ёнида яна шайтон пайдо бўлибди.

— Уни ўлдириб кўмишдан бошқа чора йўк, сўраб келишса, тузалиб уйига кетган, деб айтасан, дея – уни аврабди.

   Шу тариқа обид қотиллик ҳам қилибди. Лекин қизнинг ўлдирилгани фош бўлиб, ўзи ҳам қатл қилинибди.

   Албатта, бу бир ривоят. Аммо шиша ичида жим турган касофатнинг инсонлар ичига Кириши билан разолатга бошлашининг исботи бу. Чунки содир этилаётган айрим жиноятларни кўриб тафаккур қилсангиз, бунинг бош сабаби ичкилик эканига ишонч ҳосил қиласиз. Масалан, шу йилнинг 5 август куни Тошкент вилоятининг Пискент туманида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноят содир бўлди. Ёши салкам 60 га яқинлашиб қолган Ў. А. маст холда уйида жанжал кўтаради.    Шу пайт унинг ўғли, О. А. отасини аямай дўппослайди.            Ўз жигаргўшасидан олган тан жароҳати туфайли ота воқеа жойида ҳаётдан кўз юмади. Падаркуш фарзанд-ку, қонун олдида қилмишига яраша жавоб беради, албатта. Лекин отасининг қотилига айланган ўғил ўз фарзандларининг кўзига қандай боқади. Отам ўзи кўп ичарди, жанжал кўтарарди, шунинг учун ўлдирганман, деган сўзлари уни юпата оладими? Ёшларга панд-насиҳат қиладиган, ибрат бўладиган кишининг маст ҳолда жанжал кўтаришини, зурриёди қўлидан ўлим топишини қандай изоҳлаш мумкин?

   Юқорида келтириб ўтилган жиноят тафсилотларининг барча жорий йилнинг бир ойи давомида содир бўлган холос. Ичкиликнинг қисқа даврда кўрсатган «каромати» шу бўлса, бир йиллиги ёки беш-олти йиллигини тасаввур қилаверинг. Шиша ичидаги касофатнинг одамлар ичига кирганда қандай қабиҳликларга қодир эканидан хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

 

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

лейтенант.