Эҳтиром рамзи

  • 11:05
  • 13,05-2019
  • 396
  • Улашинг

Қашқадарё вилояти ИИБда бунёд этилган Хотира монументининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўтганларни ёд этиш, уларга эҳтиром кўрсатиш мақсади мужассамдир унда. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир».

Хотира монументида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган
15 нафар фидойи инсон сиймоси акс эттирилган. Унинг очилиш маросимида вилоят ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар, ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва яқинлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Ички ишлар органи ходими зиммасидаги масъулият жуда оғир, – деди тадбирни очган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев. – У ўз ҳаловатидан, оиласи ташвишларидан, керак бўлса, жонидан ҳам кечиб, эл осойишталигини таъминлайди. Бошқармада мана шундай мажмуанинг очилиши ўз жонини эл-юрт осойишталиги йўлида фидо қилган жасур ва мард ходимлар хотирасига кўрсатилаётган ҳурмат намунаси бўлди.

– Ватан учун жон фидо қилиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди, – дей­ди вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник Содиқ Исломов. – Ҳаётини она Ватан тараққиёти учун бахш этиш – ҳақиқий мард ва фидойи инсоннинг ишидир. Бундай инсонларни халқ ҳеч қачон унутмайди.

Шундан сўнг Давлат мадҳия­си ижро этилди, марҳумлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди, хизмат пайтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига совғалар топширилди.

– Монументда сиймоси акс этган бу жасур фарзандлар эл-юрт осо­йишталигини асраш йўлида азиз жонларини ҳам аямадилар, – деди вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Дилшод Турсунбоев. – Уларнинг жасорати тизимда хизмат қилаётган ҳар бир ходим учун ибрат намунасидир.

– Турмуш ўртоғим сингари мард инсонлар хотирасига ўрнатилган бу ёдгорлик мажмуасини кўриб, жуда миннатдор бўлдик, – дейди сержант Абдуҳалим Тошқуловнинг рафиқаси Дилшода Қулматова. – Айни пайтда ўғлим Шаҳзод Миллий гвардия сафида отасининг ишини давом эттираётганидан ғурурланаман...

 

Нуриддин ЭГАМОВ.

Қашқадарё вилояти.

Муродилла КОМИЛОВ
олган суратлар.