Экологик муаммоларнинг глобаллашуви

  • 10:07
  • 15,07-2019
  • 1071
  • Улашинг

Долзарблиги ортиб бормоқда

Фан-техниканинг жадал ривожланиши, аҳоли сонининг кескин ошиши озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа маҳсулотларни кўпроқ ишлаб чиқаришни тақозо этмоқда.

Ҳозирги даврга келиб, табиий захиралардан фойдаланишнинг кескин кўпайиши, инсониятнинг табиат қонуниятларига бўйсунмаслиги оқибатида экологик муаммоларнинг долзарблиги янада ошиб бормоқда.

Бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг ҳар олтинчиси экологик номақбул ҳудудда яшайди, ҳар ўнинчи катта дарё бир неча ой мобайнида денгизга етиб бормайди.

Экологик хавфсизликнинг энг нозик ва мураккаб қирраларидан бири – тоза ичимлик суви муаммоси дунё аҳолисини жиддий ташвишга солмоқда. Чунки айни пайтда жаҳон аҳолисининг 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган жойларда яшамоқда. Бу ҳолат 2025 йилга бориб янада мураккаблашиб,  ҳар ўн одамдан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик суви танқис бўлган ҳудудларда яшаш эҳтимоли бор.

Йилига ер юзидан 13 млн. гектар ўрмонзор йўқолиб кетмоқда. 2050 йилга бориб ҳайвонот турларининг 25 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида қолиши мумкин. Биологик турларнинг табиий суръатлардан 100 маротаба тезроқ тугаб битиш хавфи бор. Иқлим географияси ўзгармоқда. Сўнгги 15 йилда ўртача ҳарорат энг юқори кўрсаткичга етди.

Бу муаммолар минтақамиз учун ҳам ўта долзарб. Орол денгизининг қуриши инсоният тарихидаги энг йирик экологик фожиалардан биридир. Сайёрамиздаги қадимий ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи йириклиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган.

Бугун денгизнинг ҳажми 13 баро­барга, майдони 7 баробарга қисқарди.

Сув чегараси юзлаб километрга чекинди, шўрланиш, яъни минераллашуви ғарбий қисмида 120 г/л га, шарқий қисмида 280 г/л гача етди.

Экологик ҳалокат оқибатлари Оролбўйи аҳолисининг турмуш тарзига салбий таъсир ўтказди. Бугун халқаро миқёсдаги экологик муаммоларнинг мураккаб мажмуи Орол фожиасида ўз аксини топди. Очиғи, минтақадаги барча жараён ва ҳолатлар глобал иқлим ўзгариши шароитида янада кескинроқ, шиддатлироқ намоён бўлмоқда.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган эҳтиёжи асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли Амударё ва Сирдарёнинг сув захираси манбаи бўлган музликлар яқин келажакда 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда.

Орол денгизининг қуриган қисмида майдони тахминан 5,5 млн. гектар бўлган янги чўл – Оролқум, оппоқ туз билан қопланган кенг ҳудудлар пайдо бўлди. Ундан юзлаб километрга миллионлаб тонна туз, чанг ва қумларни тарқатувчи довуллар кўтарилади. Туз шлейфлари 400 км. дан ошади, қумли ва тузли бўронларнинг таъсир доираси – 300 км. гача етмоқда.

Ҳар йили атмосферага 100 млн. тоннагача қум аралаш тузли чанглар кўтарилади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари бошидан буён бундай довуллар йилига 90 кундан ортиқ содир бўлмоқда.

 Чиқиндилар муаммоси ва атмосферанинг ифлосланиши

Маълумотларга кўра, дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар салмоғи аҳоли жон бошига йилига бир фоизга ортиб бормоқда. Хўжалик фаолияти натижасида атроф-муҳитга юзлаб турдаги чиқиндилар чиқарилади. Бугунги кунда уларнинг атиги бир неча турларидан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланилмоқда, холос. Чиқиндилардан фойдаланиш атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ бир қатор муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади. Жумладан, бунда бирламчи хомашёни ишлатиш сезиларли даражада қисқаради, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, хомашёни қайта ишлаш жараёнига сарфланадиган меҳнат сарфи камаяди. Баъзи мамлакатларда бирламчи хомашё ресурсларининг тугаб бораётганлиги ишлаб чиқариш технологияларининг фақат иккиламчи хомашёни қайта ишлашга татбиқ этилишига олиб келмоқдаки, бу ўзининг сезиларли иқтисодий самарасини бераётир. Масалан, чиқинди қоғозни қайта ишлашдан олинган қоғозга ёғочдан олинадиган қоғозга нисбатан 60 фоиз кам энергия сарфланади ва бунда ҳавонинг ифлосланиши 15 фоизга, сувнинг ифлосланиши эса 60 фоизга камаяди.

 Экологик таълим-тарбиянинг зарурати

Инсоннинг табиатга нотўғри таъсир кўрсатиши натижасида юзага келадиган салбий ҳолатларнинг олдини олишда экологик таълим-тарбиянинг ўрни ниҳоятда катта. Ота-боболаримиз қолдирган нодир мерос – мусаффо осмон, тиниқ сув, тоза тупроқ, ер ости ва ер усти бойликларини асраш, уларни асл ҳолида келгуси авлодларга топширишни тушунтириш энг долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган умуммиллий масаладир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Ватан равнақи, аввало, унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу, ўз навбатида, ҳар бир юртдошимиз зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади. Юксак маънавиятли халқимиз она Ватанни асраш муқаддас бурч эканлигини эътироф этиб келган. Қарангки, халқимиз мўътабар «Она» сўзини табиатга нисбатан ҳам қўллаб, Она табиат деб, табиатимизни ҳам эъзозлайди.

Дарҳақиқат, миллий маънавиятимиз илдизига чуқур сингиб кетган ва асрлар оша унинг такомил босқичларида чуқурлашиб, теранлашиб борган халқимиз қадриятида табиатга бўлган эҳтиром беқиёсдир, юртимизда уни эъзозлаш анъанаси эса инсоният тарихи қадар қадимийдир.

 Экологик маданият – энг муҳим масала

Экологик таълим тизимининг долзарблиги мамлакатимиз табиатини асраш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ушбу ўта жиддий, ҳаётий масалага аҳолининг барча қатлами, айниқса, ёшлар томонидан салмоқли ҳисса қўшилиши зарурлиги билан белгиланади.

Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарорида белгиланган аниқ мақсад ва вазифаларни ҳамда йўналишларни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш» концепцияси республикамизда экологик таълим тизимини янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Бу концепциянинг асосий мақсади ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантиришдан иборат.

 Эътироф этиш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаларида ҳам экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ҳар бир инсонда табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, «...Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин», – деб таъкидлаган эди.

Мазкур соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакатда экологик ҳолатни яхшилаш ва юзага келган муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш заруратини қўймоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ўтган йил декабрь ойидан Орол денгизининг қуриган майдонининг 363 минг гектарига саксовул уруғини экиш бошланди.

Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги «Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилишни самарали ташкил этиш ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ва аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2019 йилда амалга ошириладиган тадбирлар учун 100 миллиард сўм ажратилди.

Юқоридаги саъй-ҳаракатлар бу борадаги амалий ишларнинг илк қадамлари саналади.

Дарҳақиқат, экологик муаммолар ижтимоий-ғоявий ва ҳудудий чегара билмайди. Уларнинг олдини олишда ягона самарали йўл, дунё халқлари, барча миллат ва элатлар эътиборини табиат ҳамда жамиятдаги номутаносиблик, унинг кун сайин кескинлашиб бораётганлигига қаратиш лозим.

Хулоса шуки, ота-боболаримиздан мерос ҳисобланмиш она табиатни софлигича келгуси авлодларимизга етказиш нафақат табиатни муҳофаза қилувчи мутахассислар, балки ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Борий АЛИХОНОВ,

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси.