Йўлдаги асаббузарликлар

  • 17:08
  • 23,08-2019
  • 775
  • Улашинг

Уйдан кўчага чиққан киши, албатта, йўл ҳаракати иштирокчисига айланади. У ана шу жараёнда ҳаракат хавфсизлигига қатъий риоя қилиши, амалдаги тартиб-қоидаларни бузмаслиги лозим. Чунки йўллардаги кичик бир қоидабузарлик ҳам катта кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.

Бунга ишонмасангиз пойтахтимиздаги Жанубий вокзалдан ўтиб, Ўзгариш маҳалласига кираверишдаги чорраҳани бориб кўришингиз мумкин: турнақатор бўлиб турган транспорт воситалари бири-иккинчисига йўл беришни истамагани, ҳаракат иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳурмат, маданиятнинг йўқлиги сабабли тирбандлик келиб чиқмоқда, баъзи пайтлар камида 15-20 дақиқа туриб қолинади.

Ёзнинг иссиқ кунида йўловчиларга тўла автобуслар енгил машиналар бу жойдан ўтиб кетмагунича ўрнидан қўзғалмай туришга мажбур. Энг ачинарлиси, орқадан келаётган «Тез ёрдам» машинаси сиренасини ёқиб олган бўлса-да, олдинда турган ҳайдовчиларнинг парвойи фалак. Энди тасаввур қилинг, кимдир оғир хасталик туфайли «Тез ёрдам»нинг етиб келишини интизор бўлиб кутмоқда...

Буниси ҳали ҳолва экан: 58-йўналишдаги автобус ҳайдовчиси юришга навбат келганидан қувониб, жойидан қўзғалишга улгурмай, тормозни қаттиқ босди. Шундоқ ҳам куннинг иссиғида зўрға нафас олаётган йўловчилар бир-бирларига урилиб, ҳайдовчини койий бошлашди. Сабабини кейинроқ билдик: чорраҳадаги вазиятдан «унумли» фойдаланган аёл боласини кўтариб олиб, машиналарни оралаганча тиланчилик қилиб юрарди...

Авваллари фақат кечки пайт бу жойда ана шундай манзара кузатиларди. Энди эса эртадан-кечгача деярли шундай аҳвол.

Муаммо шундаки, ҳаракат иштирокчиларига ноқулайликлар келтириб чиқараётган, одамларнинг асабини бузаётган бундай ҳолатдан наҳотки, мутасадди идоралар бехабар бўлса?!

Абдулла САМИЕВ