Орзулар инсонни олға бошлайди

  • 10:07
  • 08,07-2019
  • 486
  • Улашинг

Ички ишлар вазирлиги Фарғона академик лицейининг ёшлар иттифоқи бош­ланғич ташкилоти етакчиси Гуллола Ҳайдарова жорий йилда «Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти» кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб, «Энг фаол ёшлар етакчиси» йўналишида ғолибликни қўлга киритган эди. Биз академик лицейда бўлиб, ташаббускор етакчининг фаолияти билан яқиндан танишдик.

– Гуллола изланувчан, ўз вазифасига сидқидилдан ёндашадиган, шижоатли, ташаббускор етакчи, – дейди академик лицей директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Адҳамжон Эсонов. – У лицейда ўтказиладиган барча тадбир, беллашув ва кўрик-танловларга бош-қош бўлиб, ёшларни ўз ортидан эргаштира оляпти.

 Гуллола Ҳайдарова Фарғона давлат университетида аввал бакалавр, сўнг магистратура босқичида таҳсил олди. Ўқишни тугатгач, Ички ишлар вазирлиги Фарғона академик лицейида ўқитувчи бўлиб иш бошлади. Бугунги кунда мазкур таълим масканида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси сифатида фаолият юритмоқда. Унинг ташаббуси билан ташкил этилган «Заковат» клуби, ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Шерзод Турдибоев билан ҳамкорликда йўлга қўйилган «Мунозара» клуби лицейдаги жуда кўп билимдон ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштирди.

– Ёшларнинг ҳаётда ўз йўлини топиши бевосита уларнинг маънавий баркамоллигига боғлиқ. Агар ёшларимиз ота-боболари кимлиги, қандай буюк олим ва алломаларнинг авлодлари эканини чуқур ҳис этса, уларга ҳеч қандай мафкуравий таҳдидлар таъсир этмайди. Шу боис ёшлар онгу шуурига миллий истиқлол ғоясига садоқат, Ватан тақдирига дахлдорлик, элу юртнинг эртаси учун масъулият туйғусини сингдириш муҳим аҳамият касб этади. Бизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини тарғиб қилаётган қатор лойиҳаларимиз навқирон авлод вакилларини изланишга, ўз устида тинимсиз ишлашга, янги марраларни эгаллашга ундамоқда, – дейди Гуллола Ҳайдарова.

Дарҳақиқат, таълим муассасасида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш, иқтисодий билимларини ошириш, инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида «Бизнес клуб» фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Ушбу клубда ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ёшларга тадбиркорлик, бизнес ва инновацион ғоялар соҳасида ўқув машғулотлари ўтказилади. Эътиборлиси, бу қисқа муддатдаёқ ўз натижасини кўрсатди. Тўгарак аъзоси Муҳаммадилло Ёқубов «Ёш инновациячи» танловининг шаҳар ва вилоят босқичида ғолиб бўлиб, республика босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди ва бир йиллик стипендия соҳибига айланди.

Етакчи томонидан ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, лицейда ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси ҳамда ҳуқуқий саводхонлик йўналиши сардори билан бирга турли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ўқувчи ёшларнинг бу борадаги билимини ошириш мақсадида ҳуқуқий соҳага оид янгиликлар ва маълумотлар лицейда ташкил этилган эълонлар бурчагида доимий ёритиб борилади. Асосий қонунимиз қабул қилинган кун муносабати билан ҳар йили «Конституция – бахтимиз пойдевори» деб номланган иншолар, расмлар кўрик-танлови ўтказилмоқда. Бундан ташқари, лицейда «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлиги тизими намунали йўлга қўйилган.

Билим масканида «Тарғиботчи китобхон ўқувчи» ҳамда «Китобхон» танловларини ўтказиш ҳам анъанага айланди. Ғолиб бўлган ўқувчилар мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатга юборилмоқда. Бундан ташқари, энг кўп китоб ўқиган ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар юборилди. Шунингдек, ёшларнинг экологик билимларини ошириш мақсадида «Экопатруль», «Ёшлар боғи» лойиҳалари ҳам татбиқ этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қатор ташаккурномаларига сазовор бўлган Гуллола Ҳайдарова ана шундай ташаббускорлиги билан ҳам эътирофга, мақтовга лойиқ. Унинг жонкуярлиги, изланувчанлиги «Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти» кўрик-танловининг республика босқичида номинация ғолиби бўлишига замин яратган бўлса, ажаб эмас. Биз ундан келажак режалари ҳақида сўраганимизда, табассум-ла шундай жавоб берди:

– Эзгу истакларим жуда кўп. Орзу қилишдан тўхтамайман. Чунки орзулар инсонни олға бошлайди. Эришган ютуқларим замирида истиқлол берган чексиз имкониятлар мужассам. Шу имкониятлардан фойдаланиш эса барчамизнинг бурчимиздир.

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

Суратда: Гуллола Ҳайдарова кўрик-танловнинг

республика босқичида тақдирланмоқда.