Фарёд

  • 16:08
  • 12,08-2019
  • 3765
  • Улашинг

Дамир уйига кеч қайтди. Фазилат ва фарзандлари уни ухламасдан кутиб ўтирарди. Хотини овқат сузиб берди. Қорни тўйган Дамир охирги сигаретасини тутатди. Бугун иши юришмаган, шунинг учун яна чекмоқчи бўлди...

– Даврон, ўғлим, бор сигарета олиб кел!

10 ёшли болакай «хўп бўлади» дея дарвоза томон чопқиллади. Орқасидан укаси Дониёр ҳам эргашди.

Эндигина беш ёшга кираётган Дониёр аввал ҳам акасига «дум» бўлишга одатланган эди. Чунки отаси берган пулнинг қайтимига ул-бул олиб ейишга қизиқарди.

– Дадаси ўғилларингиз ҳали кичкина. Нима қилардингиз уларни юбориб. Ҳар гал кўчага чиқишганида юрак ҳовучлаб ўтираман. Кўча катта, бунинг устига, серқатнов.

Шундоқ ҳам асабийлашиб турган Дамир: «Ишинг бўлмасин, нима ўз болаларимга ҳам иш буюра олмайманми», дея жеркиб берди.

Аёли тилини тишлади. Орадан чамаси ўн дақиқалар ўтди. Кўча томондан машинанинг қаттиқ тормоз бергани эшитилди. Фазилат: «Вой ўлай, нима бўлди», деди.

Эр-хотин ташқарига отилди.

Шаҳар чеккасида жойлашган бу ҳудудда атроф қоп-қоронғи эди.

– Давронжон, уканг қани? – жонҳолатда бақирди Фазилат.

Кўзларида жиққа ёш, ўзини тўхтата олмай йиғлаётган Даврон зўрға қўлини чўзиб, укаси ётган томонни кўрсатди.

Фазилат ва Дамир ўша томонга югурди. Эр-хотин не кўз билан кўрсинки, Дониёр қонига беланиб ётарди.

– Болам, болажони-и-им!

Фазилатнинг фарёди оламни тутди. Онаизор даҳшатдан титраб ҳушини йўқотиб ерга йиқилди. Дилбандини қучоқлаб олган Дамир: «Болажоним, Дониёр кўзингни оч» дея додларди. Фарзандининг жажжи қўлчаларини ушлаган отанинг кафтига бир нарса тегди. Маҳкам сиқилган бармоқлар орасида сигаретадан ортган пулнинг қайтимига олинган «чупа-чупс» бор эди...

 

Сарвар СОБИРОВ.