Маҳалланинг жонкуяр оқсоқоли

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 71
  • Улашинг

Фарғона шаҳридаги 1-Беш бола маҳалласида жойлашган 4-уйда ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги катта сержант Шермат Бўстонов истиқомат қилади. Отахон яқинда 71 ёшни қаршилади. Аммо унинг ҳамон ёшлардек серғайрат ва шижоатли эканини кўриб ҳавасингиз келади.

Шермат отани ким йўқлаб борса, доимо маҳалла аҳли орасида учратади: гоҳ профилактика инспектори билан хонадонларни ўрганиб чиқаётган, гоҳида эса фаоллар билан кўчалардаги ободонлаштириш ишларига бош-қош бўлиб юради. Кимникидадир тўй, бошқасиникида маърака, яна бировнинг уйида қурилиш, бунёдкорлик ишлари, хуллас, маҳаллада қандай тадбир бўлса, бари Шермат отанинг иштироки ва маслаҳатисиз ўтмайди.

Ш. Бўстонов фаолиятини икки даврга ажратиш мумкин. Биринчисида 1970 йилдан 1993 йилгача ички ишлар органларида хизмат қилиб, эл-юрт осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Кейинги 25 йил давомида маҳалла тизимида фаолият олиб бормоқда.

У киши узоқ йиллар Фарғона шаҳридаги 10-тергов ҳибсхонасида ишлаб, нафақага чиққач, «Шунча йил ҳуқуқ-тартибот органида ишлаб таж­риба тўпладингиз, энди маҳаллага бош бўлинг» деб, шаҳардаги 34-Дўстлик маҳалласига раис этиб сайлашди. Сўнгра «1-Беш бола» маҳалла фуқаролар йиғинида шу вазифада фаолият кўрсатди.

– Ҳозир оқсоқолликни шогирдларим давом эттирмоқда, – дейди отахон. – Аммо маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги доимий комиссиянинг аъзоси сифатида фаолларга елкадош бўлиб, қўлимдан келган ёрдамимни аямайман. Уйда ўтираверишдан нима наф? Маҳаллага чиқиб ёшларга маслаҳат бераман, профилактика инспектори билан ҳамкорликда нотинч оилаларга кириб, тушунтириш ишларини олиб борамиз. Қисқаси, маҳалла ишлари ҳаётимнинг мазмунига айланган.

Шермат ота раислик даврида жуда кўп хайрли ишларга бош-қош бўлганини алоҳида эътироф этиш лозим. Масалан, маҳаллада яшовчи тадбиркор, ички ишлар органлари фахрийси Искандар Хидиралиев томонидан ёшлар учун мини футбол майдони, кексаларга эса оталар чойхонаси қуриб берилди. Яна бир тадбиркор Собитхон Акбаров томонидан
500 ўринли тўйхона қурилишида ҳам отахоннинг ҳиссаси катта. Қишлоқ қабрис­тони ҳам у кишининг елиб-
югуришлари туфайли ободонлаштирилди.

Шермат ота бош бўлган хайрли ишларнинг санаб адоғига етиб бўлмайди. Айни кунда эса бундай эзгу юмушларга унинг шогирди – «1-Беш бола» маҳалла фуқаролар йиғини раи­си Баҳодиржон Усмонов бошчилик қилмоқда.

– Маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий ажримларни камайтириш, профилактик ҳисобда турган шахслар билан ишлашда Шермат ота катта ёрдам бермоқда, – дейди профилактика инспектори, катта лейтенант Ғайратжон Мирзаев. – Ана шундай фидойи ва жонкуяр фахрийларимиз беминнат кўмак бераётгани учун ҳам ҳудудимизда ҳуқуқбузарликлар сони сезиларли камайди.

          Араббой УСМОНОВ,

истеъфодаги подполковник.

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

 

Суратда: Шермат Бўстонов профилактика инспекторларига маслаҳат бермоқда.