ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ Б У Й Р У Ғ И

  • 09:08
  • 10,08-2019
  • 994
  • Улашинг

 

Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларига бериладиган рухсатнома ва махсус эмблемалар (голограммалар) намуналарини тасдиқлаш тўғрисида

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги 646-сон «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, буюраман:

  1. Қуйидагилар:

Автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) бериладиган рухсатномалар намуналари ва тавсифи 1-иловага мувофиқ;

Ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида туси ўзгартирилганлигини (қорайтирилганлигини) билдирувчи махсус эмблемалар (голограммалар) намуналари ва тавсифи 2-иловага мувофиқ;

Автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) берилган рухсатнома ва махсус эмблемалар (голограммалар) ҳисобини юритиш китоби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Белгилаб қўйилсинки:

ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида туси ўзгартирилганлигини (қорайтирилганлигини) билдирувчи махсус эмблемалар (голограммалар) автотранспорт воситаларининг олд ойналарига жойлаштирилади;

ойнасининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олган автотранспорт воситаларига доир маълумотлар автомототранспорт воситаларини рўйхатга олишнинг ягона автоматлаштирилган тизимига жойлаштирилган ҳолда ҳисоби юритилади;

автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома ва махсус эмблемалар (голограммалар) бериш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматининг
2018 йил 24 августдаги қарори билан тасдиқланган «Енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш, уни рўйхатга олиш ва рухсатноманинг амал қилишини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом» (рўйхат рақами 3059, 2018 йил 25 август)га мувофиқ амалга оширилади;

автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатномалар беришда фақатгина «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланган рухсатномалар бланкалари ва махсус эмблемалар (голограммалар)дан фойдаланилади.

  1. Қорақапоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари:

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмаларида қатъий ҳисобдаги бланкаларни қабул қилиб олиш, сақлаш, сарфлаш ва ҳисобини юритиш ишларини алоҳида назоратга олсин;

ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олган автотранспорт воситаларига доир маълумотларнинг ҳисоби ўз вақтида ва тўлиқ юритилишини ташкиллаштирсин;

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги 646-сон «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда мазкур буйруқнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти шахсий таркиб ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

  1. Вазирлик Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бош­қармаси (Х. А. Сайдалиев):

ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида туси ўзгартирилганлигини (қорайтирилганлигини) билдирувчи махсус эмблемалар (голограммалар) ва автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) бериладиган рухсатномалар бланкаларининг белгиланган тартибда олинишини, сақланишини ва жойларга тарқатилиши ҳамда қатъий ҳисоби юритилишини таъминласин;

автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома беришдан тушган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва молиявий ҳисоби юритилиши устидан назоратни кучайтирсин;

тегишли рухсатномасиз ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситаларини аниқлаш ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш юзасидан назорат текширувларининг доимий равишда ўтказилишини йўлга қўйсин;

ушбу буйруқнинг «Postda» газетасида чоп этилишини таъминласин.

  1. Мазкур буйруқ ижросини таъминлаш ва назорат қилиш ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва вазирлик Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник
    Х. А. Сайдалиевга, умумий назорат вазир ўринбосари, полковник М. У. Жўраев зиммасига юклансин.

 

Вазир

генерал-лейтенант        П. Р. Бобожонов

 

Тошкент шаҳри,

2019 йил 3 август.   226-сон.