«Ҳожатбарор» қўлга тушди

  • 12:06
  • 25,06-2019
  • 950
  • Улашинг

Ўзганинг ҳаққига хиёнат қилиш, алдов йўли билан пул ундириш жиноят эканлигини, бунинг учун қонуний жазога тортилишини кўпчилик яхши билади. Шундай бўлса-да, ҳозирги кунда фирибгарлик жиноятлари урчиганлиги, юртдошларимиз орасида фириб тўрига тушиб қолаётганлар тез-тез учраб турганлиги ушбу мақола ёзилишига туртки бўлди.

Ғиждувон туманида яшовчи Шерали (исмлари ўзгартирилди) айни ишлаб чарчамайдиган навқирон ёшда. Аммо осон йўл билан пул топиш пайида ўзини «ҳожатбарор» кўрсатган бу йигит бир зумда таксида кетаётган ҳамроҳининг ишончига кирди. Унинг «ички ишлар органларида ишлайдиган танишларим бор, хоҳласангиз, сизни Навоийдаги жазони ижро этиш муассасасига ҳайдовчи қилиб ишга жойлаштириб қўяман» деган алдовига учган Алибек фириб қурбонига айланди. Ҳатто «эвазига 600 доллар берсангиз бўлди», дея пора сўраётганида ҳам ўзининг чув тушаётганини илғамади. Ҳожатбарорга уяли телефони рақамини бераркан, иши хамирдан қил суғургандек осон битаётганидан қувонди.

– Орадан бир-икки кун ўтиб, таксида ўзини «Шерали» деб таништирган киши менга қўнғироқ қилиб, олдиндан уч юз доллар беришимни, қолганини иш битгач олишини билдирди, – дейди Алибек воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига маълум қиларкан. – Навоий шаҳридаги «Малика» дўкони қаршисида учрашиб, унга сўраган пулини бердим. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, у яна юз доллар беришимни сўраб қўнғироқ қилди. Очиғи, ҳали иш ҳал бўлмасдан туриб яна пул сўрагани менда шубҳа уйғотди...

Ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбири натижасида фирибгар келишилган пулни олаётган вақтда ашёвий далил билан қўлга тушди.

– Қилган ишимдан афсусдаман, – деди у суриштирув жараёнида надомат билан. – Шахсий манфаатимни кўзлаб, жиноятга қўл урдим. Оқибатини ўйламай, хато қилдим...

Ўтказилган суриштирув жараёнида у бир неча бор қилмишидан қаттиқ пушаймон эканлигини бирдирди. Аммо энди афсус-надоматдан фойда йўқ.

Шу ўринда турли кўринишда фирибгар чангалига тушиб қолаётган юртдошларимизни огоҳ этиш ниятида айрим мулоҳазаларимизни билдиришни лозим топдик. Ёлғон ваъдаларга учиб, меҳнат билан йиллаб йиққан маблағингизни бировнинг қўлига тутқазишдан олдин чуқурроқ ўйлаб кўринг: жиноятга шерик бўлиб қолмаяпсизми? Ноқонуний хатти-ҳаракатни кўра-била туриб, унга лоқайд қараш, эътиборсизлик – фирибгарлик ва бошқа жиноятларнинг илдизига сув қуйиш билан баробардир.

Афсуски, аксарият ҳолларда ўзганинг алдов ва ёлғонларига учиб, «куйиб» қолганлар «ўзим ҳам сезмай қолдим» дейишади. Аммо ўз вақтида хатти-ҳаракатларининг оқибатини ўйлаб иш тутсалар, қонунларимизни яхши билган ҳолда, унга тўла амал қилишса, муқаррар жиноятнинг олди олиниши шубҳасиз.

Фарҳод САФАРОВ,

 Навоий шаҳар ИИОФМБ 2-сонли

 ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси,

капитан.