Ғурурини ичкиликка алмашган эр

  • 12:09
  • 04,09-2019
  • 1223
  • Улашинг

Ривоятда айтилишича, бир ҳукмдор қўшни давлатларни босиб олиш учун аввал у жойлардаги ҳолатни билиш мақсадида жосусларни жўнатаркан. Улар ўрганиб қайтгач, биринчиси ўзи бўлган жойда одамлари бепарво, айш-ишратдан бош кўтармасликларини айтганда ҳукумдор бу давлатни бир ҳамлада босиб олишини англайди. Иккинчиси эса, борган мамлакатининг халқи ўта ҳушёр, айниқса, аёлларини жуда қадрлашини кўрганини айтганда подшоҳ, – аёлини эъзозлаган юртни ҳеч қачон маҳв этиб бўлмаслигини билдириб, шаштидан қайтаркан.

Албатта, ривоятлар ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Зотан, уларнинг замирида қайсидир маънода ҳақиқат ётади. Гап шундаки, сизу биз яшаётган дориломон кунларда ҳам юқоридаги сингари ҳолат учраб тургани боис айнан ана шу мисолни мақола аввалида келтириб ўтдик. Хулосани эса мақолани ўқигач чиқараверасиз.

Ўзнинг жазирама кунлари эди. Автобусдан тушгач, иш бошланишга ҳали анча вақт бўлгани учун йўлнинг нариги томонидаги фаввора олдидаги ўриндиққа ўтирдим. Ён-атрофни супуриб-сидираётган хотин-қизларни айтмаса, ўриндиқлар бўм-бўш, ҳеч ким кўринмасди. Яқинда қуриб битказилган замонавий фавворага тикилиб, хаёлга чўмган эканман, хушрўйгина жувон қачон ёнимга келиб ўтирганини ҳам сезмай қолибман. Бу ноқулайликдан чиқиш мақсадида энди ўрнимдан тургандим:

– Ака, шошманг, шаҳарликмисиз, қаерда турасиз ёки менга ўхшаб... деди-ю, кўзлари жиққа ёшланди.

Афтидан турмуш қурганига ҳали ҳеч вақт ўтмаган бу жувоннинг ҳолатидан бироз эсанкираб қолдим. Унинг сўлғин ва нафрат тўла кўзларида ҳеч кимга айтолмайдиган сирлар борлиги сезилиб турарди.

– Тинчликми синглим, бирор ёрдам керак бўлса айтаверинг, пойтахтни яхши биламан, дея унга қарадим. У саволга жавоб бериш ўрнига, ўксиб йиғлай бошлади. Нима қилишни, ҳали исмини ҳам билмаганим бу жувонни қандай юпатишни ўйлаб турардим. Шу пайт унинг ўзи тилга кирди:

– Ака, ҳолатимга ачинаётганингизни кўриб турибман. Аммо мен ундай эмасман. Шукрки, ота-онам, ака-укаларим бор, бири ўқитувчи, бошқаси қурувчи ва шифокор. Лекин дардимни уларга айтолмайман. Касб-ҳунар коллежини тугатгач, ота-онам ўзим танимайдиган қўшни қишлоқдаги бир йигитга турмушга узатишди. Тўйимиздан ўн кунча ўтгандан сўнг оиладаги аҳволни тушуна бошладим. Қайнота ва қайнонам кексайиб, ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолишган, икки нафар қизи турмушга чиқиб кетган экан. Турмуш ўртоғим кенжа фарзанд бўлиб, ҳеч қандай ҳунари йўқ, бировларнинг у-бу юмушини қилиб, топганини ичкиликка сарфларкан.

Бир ойдан ошиқроқ тинч яшадик. У тамоман уйда ўтириб қолган экан. Бирор жойга ишга кириши кераклигини айтсам сакраб тушар, жаҳли чиқиб, мени ҳақоратларди. Бир куни қарияларнинг пенсиясини ичкиликка сарфлаб тугатгач, «бор отангникидан пул олиб кел» дея уйдан чиқариб юборди. Бир ярим ойлик келинчак ҳолимда нима қиларимни билмай уйга бордим ва турли баҳоналарни рўкач қилиб, отамдан бироз пул олиб қайтдим. Қуруқ келмаганимдан қувонган эрим қўлимдан пулни юлиб олиб, уйимиз яқинидаги ароқ сотадиган дўконга отланди. Қисқаси, ота-онам, дугоналарим, ҳатто коллежда ўқитган устозларимдан сўраб олган қарзларимнинг ҳисоби йўқ эди. Оиламдаги бу воқеаларни ота-онамга қандай айтаман, улар ҳамқишлоқларнинг олдида нима деган одам бўлишади, шуларни ўйлаб ич-этим увишарди.

Мана, саккиз ой бўлди, турмушга чиққанимга. Ҳаёт, одамлар кун сайин ўзгармоқда. Аммо умр йўлдошим ўзгариш ўрнига жирканч ботқоққа ботяпти. Тўғрисини айтсам, эрим туфайли эркак зотидан нафратлана бошладим. Наҳотки, ҳамма эрлар шундай бўлса. Мана, бугун ҳам тонг саҳарда кўчага чиқариб – «Тошкентда раҳимдиллар кўп, тиланчилик қиласанми, ўзингни сотасанми, нима қилсанг-қил, лекин пулсиз қайтиб келма» деб ҳайдаб юборди.

У эски қадрдонлардай дилидагини тўкиб солар, кўзларидан шашқатор оқаётган ёшга ҳам эътибор бермас эди.

Шу атрофда хизмат вазифасини бажариб юрган ички ишлар органлари ходимлари келиб қолмаганда жувоннинг аянчли тақдири билан боғлиқ суҳбат яна қанча давом этарди, билмадим. Уларга жувон билан боғлиқ воқеани қисқача гапириб бердим. Шу жойнинг ўзидаёқ пойтахт вилояти ИИБдагилар билан боғланиб, сўнг жувонни ўша жойга олиб кетишди...

Мана, шу воқеага ҳам икки йил бўляпти, ҳаёт тасодифларга тўла экан. Яқинда жамоамиз билан ҳам хизмат сафари, ҳам маданий дам олиш мақсадида пойтахт вилоятининг Бўстонлиқ туманига бордик. Сўлим тоғлар бағрида жойлашган маскандаги сўрилар одамлар билан тўла эди. Уларнинг бирида қўним топган бир гуруҳ йигит ва жувонларнинг самимий суҳбатлашиб ўтиргани ўтган-қайтганларнинг ҳавасини келтирарди. Боласини ўйнатиб ўтирган аёлнинг чеҳраси жуда таниш кўринарди. Уч-тўрт бор уларнинг ёнидан ўтиб-қайтдим...

Хаёлимга келган фикр ҳушёр торттирди. Бу ўша, ғурурини ичкиликка алмашган ношуд йигитнинг аёли эди. Бироз ўтиб у хархаша қилаётган ўғилчасини кўтариб, шаршара томонга юрди. У мени дарҳол таниди. Фурсатдан фойдаланиб, ҳол-аҳвол сўрадим, жуда бахтли экан. Айтишича, турмуш ўртоғи билан ажрашибди, ичкилик туфайли жиноятга қўл уриб, жазога тортилган... Жувон эса ўз қишлоқдошига турмушга чиқиб, фарзандли бўлибди. Унинг битта гапи бир умр эсдан чиқмаса керак: ҳамма нарсани унутиш мумкин, аммо ўз нафсини қондириш учун хотинини ёмонликлар сари ундаганни унутиб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди. Бундайлар кези келса, ота-онаси, ватанидан ҳам воз кечиши мумкин.

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ.

Тошкент вилояти.