Нега дийданг қотиб боряпти, инсон?

  • 09:08
  • 21,08-2019
  • 815
  • Улашинг

Инсоният пайдо бўлибдики, унинг ҳаёти урушлар, очлик, қаҳатчилик, табиий офатлар гирдобида кечган. Лекин ҳеч қачон унинг дийдаси қотмаган, юраги тошга айланмаган, ҳамиша ва ҳар доим виждони уйғоқ бўлган, имонини ялов қилган.

Хўш, нега энди, бугунги дориламон кунда, тинч-осойишта замонда, ҳамма нарса керагидан-да бисёр бўлганда, одамлар темиртанларга айланиб бормоқда. Арзимаган нарсалар сабаб бир-бирига – фарзанд отага, хотин эрига, қиз онасига тиғ кўтармоқда? Қуйида шу ҳақда мулоҳаза юритамиз.

«Мен илонни ўлдириб қўйдим»

Мўйлаби эндигина сабза ура бошлаган Комил амаким дарё бўйидаги тўқайда дағал хашак йиғарди. У туйқус қуёш нурида олмосдек ялтираётган кетмонини улоқтирганча ерга ўтириб олди. Болалик шуурим билан англаганим шу бўлдики, у қўллари билан юзини беркитиб, ҳўнграб йиғларди. Амакимнинг ёнига ўқдай учиб бордим, лекин кап-катта йигитни қандай юпатишни, нима деб овутишни билмасдим. Амаким эса нуқул «Илонни ўлдириб қўйдим. Бир жонзотни жонсиз қилдим» деб изиллаб йиғларди.

Бундоқ қарасам, одам бўйи янтоқнинг тагида билакдай келадиган кўлвор илон бир неча бўлакка бўлиниб ётибди. Кўлвор кулча бўлиб ётган шекилли, ўткир кетмон тиғидан Қарши гиламидек нақшинкор гуллари бурдаланиб кетибди. Бир ранги совуқ бўлса-да, чиройли илоннинг тасодифий ўлимига, бир хуни гирён бўлиб йиғлаётган амакимга ачинаман. Лекин на унисига, на бунисига ёрдам бериш қўлимдан келарди...

...Бу воқеага эллик йилдан ошди. Лекин бугун-чи? Бугун биз бир жониворга билиб-билмай озор етказсак, виждонимиз қийналадими? Юрагимиз озурдаланиб, нолон бўладими? Наинки, заҳарли илонни, табиатнинг гултожи бўлмиш инсонни маҳв этиб, одамзотни тўғри йўлга бошловчи, ҳар хил бало-қазолардан асровчи виждонни, имонни ўлдириб ҳам бир сесканиб қўймасак, этимиз жунжикмаса, юрагимиз увушмаса, биз қандай одам боласи бўлдик? Шунчалар дийдамиз қотиб, юрагимиз метин тошга айланганми?! Яратганнинг гўзал хилқати, ўзи ҳам гўзалликлар яратувчи инсонни бу офатдан нима қутқаради? Ким қутқаради?!

 

Ота ўтирган уй

Халқимизда «Ота ўтирган уйнинг томига чиқма» деган нақл бор. Бу ҳикматнинг зоҳирий маъноси ҳеч вақт отангдан баланд келма, падаринг қолиб ўзинг тўрга чиқма, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзингни ундан устун қўйма, деганидир. Лекин маталнинг ботиний маъноси бундан-да теран. Зеро, фарзанднинг бу олам томи остида дунёга келишига ота сабабчидир. Ота ва олам томи, яъни фарзанд дунёга келган уй бир хил маънога эга. Оқил фарзанд ҳеч қачон отасига овозини кўтариб гапирмайди, унинг кўзларига тик боқмайди...

Бироқ бугун бу тамойиллар бир қадар унутилгандек, назаримизда. Йўқса, отасига овозини кўтариб гапиришни уят, номус, ор деб билган фарзандлар бугун отасига тиғ кўтарармиди?! Ҳозир шу сўзларни қоғозга туширяпман-у, кўз олдимдан ижтимоий тармоқда тарқалган хабарлар ўтмоқда...

«Жиззахда ўз отасини ўлдирган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди...». «Фарғона шаҳрида 1995 йилда туғилган М. Мирзадавлатов Мотрудий кўчасида жойлашган «Мирзадавлат» озиқ-овқат савдо дўкони ертўласида ўзаро жанжал оқибатида
1968 йилда туғилган отаси Қ. Очилдиновга пичоқ урган. Натижада Қ. Очилдинов касалхонага ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, вафот этган», «Қашқадарё вилоятининг Косон туманида ота ва фарзанд ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида 19 ёшли фуқаро пичоқ билан отасининг чап тарафига зарба берган. Олинган тан жароҳатлари натижасида жабрланувчи вафот этган»...

Бу хабарларнинг адоғи йўқ. Уларни ўқиган са­йин ноқобил фарзандларга, падаркуш ўғилларга нафратингиз ошиб бораверади. Зеро, падаркушликни, яъни отасининг умрига зомин бўлган фарзандларни на Яратган, на-да одамлар кечирган. Бу маломатнинг қанчалар оғирлигини ҳис қилсин учун, одамларга сабоқ бўлсин учун, Низомий Ганжавий ва ҳазрат Навоийдек буюк зотлар Шеруя каби отасига тиғ кўтарган каслар олти ой ҳам умр кечирмаслигини башорат қилган.

Бизнинг бу мулоҳазаларимиз ўзини дунёга келтирган отанинг кимлигини унутган ноқобил ўғиллар ҳақида эди. Агар падари бузрукворига овозини кўтариш у ёқда турсин, кўзларига тик боқиши ножоиз саналган ожизалар, яъни пуштикамаридан бўлган қизлар отасига тиғ кўтарса-чи... Яна интернет хабарларини ўқиймиз: «Сурхондарёда 26 ёшли аёл ўз отасига пичоқ урди», «1996 йилда туғилган хоразмлик Д. М. отаси Б. Қ. билан жанжаллашиб, уни пичоқлаб ўлдирди», «Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи О. А. маст ҳолда уйида ўзаро жанжал оқибатида ўгай отаси И. Ю.нинг сон қисмига пичоқ уриб, жароҳат етказди. И. Ю. касалхонага ётқизилди, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ўша ерда ҳаётдан кўз юмди»...

Бу хабарларни кўздан кечирган одамнинг юраги ларзага келмай илож йўқ. Наҳотки, нозик хилқат саналган аёл қўлига тиғ олиб, отасининг кўксига урса? Наҳотки гулдай нозик, гулдай нафис, оламни ифорга, гўзалликка буркашга буюрилган аёл отадек буюк зотнинг умрига зомин бўлса?!

 

Тиғ – муаммонинг ечими эмас

Севги, муҳаббат, ишқ... Бу тушунчалар бир хил маънога эга бўлишидан ташқари, бир хил вазифани ҳам бажаради, яъни инсонни комилликка етаклайди, маънавиятнинг юксалишига хизмат қилади. Зеро, севги бизни суйгучи Яратганнинг сийловидир. Муҳаббат меҳмон бўлмаган кўнгил уйининг ўзи йўқ. Ишқ эса, хоҳ у самовий, хоҳ арзий бўлсин, одамзотни самоларга кўтаради. Бироқ улардаги меъёр бузилса, сўнгсиз офату балоларга гирифтор қилади... Йўқса, 4 фарзанднинг отаси, шириндан-шакар невараларнинг бобоси бўлган
70 ёшли Р. Тўйчиев 45 йиллик ёстиқдошини арзимаган гап-сўзни деб, набираси кўз ўнгида ошхона пичоғи билан 20 маротаба уриб, шафқатсизларча қасддан ўлдирармиди?!

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида юз берган қотиллик ҳам киши қалбини ларзага келтиради. Шу туманда яшовчи М. М. уйида оилавий жанжал туфайли маст ҳолда бўлган турмуш ўртоғи Т. И.га пичоқ билан жароҳат етказиши натижасида Т. И. воқеа жойида вафот этган. Хоразмнинг Урганч шаҳрида эса 1997 йилда туғилган Р. Жуманиёзова ўз уйида таниш йигити, 1992 йилда туғилган
Р. Тожибоевнинг кўкрак қисмига пичоқ билан уриб жароҳат етказган.

Бундай нохуш хабарлар нафақат Хоразм ё Қашқадарёдан, балки республикамизнинг исталган ҳудудидан оқиб келмоқда. Қуйидаги хабар эса ўзининг ғоятда ғайритабиийлиги билан кишини ажаблантиради. «...26 ёшли йигит 23 ёшли аёлни пичоқлаб ўлдирди ва ўз жонига қасд қилишга уринди... Тергов хулосасига кўра, ўзи билан бирга яшайдиган аёл у билан муносабатларни давом эттиришга рози бўлмаганидан кейин унинг танасига 17 марта пичоқ урган. Олинган жароҳатлар оқибатида аёл воқеа жойида ҳалок бўлган».

Навбатдаги хабар ҳам диққатни тортади: «Янги­йўл туманида Ш. Х. уйида, турмуш ўртоғи С. М. билан ўзаро жанжал натижасида ошхона пичоғи билан С. М.нинг қорин қисмига бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган». Беихтиёр ўйланиб қоласан: аёл қўлидаги ошхона пичоғи, унинг маҳорати билан бетакрор мўъжизалар яратувчи тиғ муаммонинг ечими бўла оладими?!

 

Хулоса ўрнида

Мулоҳазаларимизга бир асрдан буён бизнинг тузалишимизни, тош юрагимиз эришини истаган буюк шоиримиз Чўлпоннинг сўзлари билан якун ясамоқчимиз. Зора, бу даъватлар дилимиздаги ғуборларни аритиб, музга дўнган юракларни эритиб юборса...

«Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда «баёз» ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук. Меним бу ожизона фикрима қўшилатурғонлар бўлса адабиётнинг фойдаси тўғрусинда «Оина» ва «Садо»ларимизга тарихий ва адабий мақола ва шеърлар ёзсунлар, китоблар тартиб берсунлар. Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса — адабиёт, адабиёт, адабиёт...».

Камтарона мулоҳазаларимизни айни шу нуқтада якунласак ҳам бўларди. Лекин айтилмаган, айтолмаган гапларимиз шеърий тизмаларга айланди-ю, сизнинг истиқболингизга шошди. Ўқиб кўрсангиз, аслида, улар ҳам юқорида деганларимизга уйқаш эканига амин бўласиз...

 

Бу кўҳна дунёнинг зилдай юкини

Елкасига ортиб боряпти инсон.

Кимдандир юлқиниб, кимга юкуниб,

Нега дийданг қотиб боряпти, инсон?

 

Сенмасми, ерда ҳам жаннат яратган,

Қадоқ қўли билан қиммат яратган.

Дилларга эзгулик нурин таратган,

Нега дийданг қотиб боряпти, инсон?

 

Икки дунё аро жони ҳалакда,

Фарзандига имдод кутган фалакдан.

Не қасдинг бор эди жажжи гўдакда,

Нега дийданг қотиб боряпти, инсон?

 

Минг жафо ёғилар бир хатомизга,

Баъзан қўл кўтариб ўз отамизга,

Тубсиз бу ботқоққа хўп ботамиз-да...

Нега дийданг қотиб боряпти, инсон?

 

Аёл қўлидаги ўткир пичоқ, тиғ,

Ошхонада қилар тенгсиз яратиқ.

Бу бани башарни ҳайрон қаратиб,

Нега дийданг қотиб боряпти, инсон?

Темир ҚУРБОН,

«Postda» мухбири.