Муаммолар муҳокама қилинди

  • 10:08
  • 14,08-2019
  • 69
  • Улашинг

   Яқинда «Ўзбекистон» меҳмонхонасида «Istiqbolli avlod» нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан «Одам савдосига қарши курашиш ва жабрланувчилар ҳимояси масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлиги» мавзусида ҳудудлараро амалий семинар бўлиб ўтди.

   Унда мазкур ташкилот вакиллари билан биргаликда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти, Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тергов фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармалари ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг ички ишлар бошқармалари ҳузуридаги тергов бошқармаларининг ходимлари иштирок этди.

   Тадбирни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев очиб, Президентимизнинг «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинганлиги ва унинг янги таркибда тасдиқланганлигига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ушбу фармон одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимидаги муҳим ҳужжат сифатида эътироф этилишини таъкидлади.

   Семинар давомида иштирокчилар одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида ўзаро фикр алмашишди.

   Семинар иштирокчиларда катта таассурот қолдириб, келгусида бу каби учрашувларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳам ўтказиш ҳақида келишиб олинди.

Отабек ВАЛИХОНОВ,

капитан.