Ўзга юртни орзу қилманг, қизлар!

  • 12:09
  • 03,09-2019
  • 776
  • Улашинг

Яқинда ижтимоий тармоқларда тўкис ҳаёт умидида хорижлик фуқарога турмушга чиқиб, орзулари саробга айланган қизнинг изтироблари акс этган видеога кўзим тушиб қолди. Унинг ўзга юртда кечираётган кунлари  дийдаси қаттиқ одамнинг ҳам кўзига ёш келтирадиган даражада аянчли эди. Ҳа, айтганча, ўша видеотасвирда жабрдийда келинчакнинг элчихонамиз томонидан қутқарилганидан кейинги бахтиёр ҳолати ҳам ифодаланган. Лекин бу енгил ҳаётни кўзлагани туфайли шармандали ҳолга тушган қизнинг қилмишини оқламайди, назаримизда.

Тўғри, кимга турмушга чиқиш ҳар кимнинг ўз ҳуқуқи. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида (14-модда) никоҳ тузишнинг ихтиёрийлиги белгилаб қўйилган. Барча фуқаролар оилавий муносабатларда тенг ҳуқуққа эгадирлар. Қонунларимизга кўра, никоҳ тузиш чоғида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи ҳамда бошқа ҳолатларга қараб, ҳуқуқларни муайян тарзда бевосита ёки билвосита чеклашга, бевосита ёки билвосита афзалликлар белгилашга ҳамда оилавий муносабатларга аралашишга йўл қўйилмайди.

Шундай бўлса-да, масаланинг маънавий томони ҳам борлигини, миллатимиз шаънини сақлаш даркорлигини унутмаслигимиз лозим. Чунки ўзбек қизлари нафақат чиройи, балки ҳаё-ибоси билан дунё аҳлини лол қолдирган, ҳавасини келтирган. Афсуски, кейинги пайтларда очиқ-сочиқ кийинадиган, уят гапни айтишдан истиҳола қилмайдиган қизлар пайдо бўлди. Уларнинг туриш-турмуши, тутумларини кўриб, халқимиз фарзанди эканлигига шубҳаланиб қоласан киши. Ахир, бизнинг қизларимиз отасининг юзига тик қарашга ийманарди. Бугунги айрим ўзбек қизлари эса шармандали ҳаёти ҳақида кўп миллионлик (балки ундан ҳам ортиқдир...) аудиторияга жар соляпти. Шукрки, ҳалиги қиз қутқарилди. Аммо унутмаслик керакки, бундай имкониятга, омадга, бахтга эриша олмаганлар ҳам бўлиши мумкин. Хорликда-зорликда кун кечираётганлар қисмати енгил ҳаёт умидидагиларнинг кўзини очиши, ўз юртининг қадрига етишга ундаши лозим.

(Ушбу мақоланинг давомини газетамизнинг навбатдаги сонларида ўқишингиз мумкин).