“Каптива” сотиб, чув тушган фуқаро

  • 12:06
  • 21,06-2019
  • 1058
  • Улашинг

Бугун орамизда яхши ниятда мисқоллаб йиққан маблағлари, мол-мулки ёки автомашинасини бировларнинг алдовига ишониб, қўш-қўллаб бериб юбораётганлар, ишлари битмагач, ўз маблағларини қайтариб ололмай, ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам сўраб боришга мажбур бўлаётганлар талайгина топилади.

Фирибгарлар жуда устамон жиноятчилар саналади. Улар бировнинг ишончини қозониш учун турли алдов йўлларидан фойдаланадилар. Ўзларини ҳожатбарор, жуда ҳалол одам қилиб кўрсатишади. Натижада содда фуқароларимиз уларга ишониб қоладилар. Амалда эса бунинг акси бўлиб чиқади. Аввал унга ишонганлар кейин алданганларини билиб, унинг ортидан чопишга мажбур бўлади.

Олтиариқ туманида ҳам шунга ўхшаш воқеа юз берди. Шу туманда яшовчи фуқаро М.Раҳмон “Каптива” русумли автомашинасини сотмоқчи бўлиб, тўппа-тўғри фирибгарга рўбарў келди.

Фуқаро У.Қосим унинг ишончига кириб, алдаб автомашинасини 29. 850 АҚШ долларига савдолашиб, сотиб олади. Аммо унинг қўлига бор йўғи 4.700 АҚШ доллари пул беради, холос. Қолган пулларни эса икки ойда тўлашга вада беради.

М.Раҳмон автомашинани яхши ниятда сотаётганида пулини ололмаслигини қайдан ҳам билсин. У.Қосим “Каптива”ни Фарғона туманидаги автомобил бозорига олиб бориб, бошқа шахсга 30. 000 АҚШ доларига сотиб, бу пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. М.Раҳмонга эса ваъда қилган муддатида пулини бермай, қочиб юраверади.

Натижада чув тушганини билган фуқаро ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Суд органлари текин ва мўмай даромад топаман деб, фирибгарлик жиноятини содир этган У.Қосимга нисбатан  тегишли жазо тайинлади.

Б.МАХАММАТОВ,

  Фарғона  шаҳар   ички   ишлар   органлари    фаолиятини

  мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ИИБ ҳузуридаги

  тергов бўлинмаси терговчиси, лейтенант.