Китоб кўнгилга зиё таратади

  • 10:04
  • 22,04-2019
  • 915
  • Улашинг

Борлиқ сукунатга чўмган. Шу сукунат оғушида қанча-қанча жанглар кўз ўнгингизда сассиз-садосиз гавдаланади. Аянчли тақдирлардан кўз ёш тўкасиз, изтиробларни енгиб ўтган қаҳрамонлар билан бахтли кунларни бирга яшайсиз...

Кишига руҳан ва маънан бойлик ато этадиган кутубхонани ўзга бир оламга қиёслаш мумкин. Ўқиб, ўрганган сари дунёқарашимиз кенгайиб, билимимиз юксалиб бораверади.

Мамлакатимизда китобга, китобхонликка бўлган эътибор янада кучаймоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори бунинг яққол далилидир. Қолаверса, шу кунларда кўплаб раҳбарларнинг ўзи ўқиган мактабларга китоблар совға қилиши анъанага айланиб боряпти. Шунинг­дек, Президентимиз ҳар бир раҳбар бир кунда камида эллик бет китоб ўқиши кераклигини айтганидан ҳам китобхонлик қанчалик юксак даражага кўтарилганини сезишимиз мумкин.

Мамлакатимиз ички ишлар органлари ходимлари орасида ҳам китобхонликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу халқ орасида хизмат олиб бораётган осойишталик посбонларининг муомала маданиятини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришда қўл келиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВда ташкил этилган Маърифий ва ахборот-ресурс марказидаги кутубхонадан ҳам бугунги кунда турли номдаги 6000 га яқин китоб ўрин олган. Шу ернинг ўзида китоб ўқиш учун ўн тўрт нафар фойдаланувчига мўлжалланган стол-стуллар жойлаштирилган бўлиб, бундан ташқари, электрон кутубхона ҳам ўн тўрт кишига мўлжалланган. Ижтимоий-сиёсий бадиий адабиётлар, тарихий ва бошқа китоб­ларни ўқиб, билимини бойитаётган осойишталик посбонлари яратилган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдиришяпти. Ходимлар истаган китобни олиб, хоҳласа, шу ерда ўқиши, хоҳласа, уйига олиб кетиб ўқиши мумкин. Уларнинг оила аъзолари, фарзанд­лари учун мўлжалланган адабиётлар ҳам мавжуд. Шу боис осойишталик посбонлари фарзандлари учун болалар адабиётига оид китоблар олишади. Ходимлар орасида асосан ҳуқуқий, сиёсий ва детектив адабиётларга қизиқиш кўпроқ. Шуларни инобатга олган ҳолда, Адлия вазирлигининг «Адолат» нашриёти билан шартнома тузилиб, янги чиққан қарор ва қонунлар, бошқа меъёрий ҳужжатларнинг тўплам ҳолида чоп этилганлари доимий равишда янгилаб борилади.

Қолаверса, мазкур кутубхона тармоқ орқали Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига уланган бўлиб, фойдаланувчилар шу ернинг ўзидан туриб, Миллий кутубхонадаги нодир адабиётлар, диссертация ва авторефератлар, хорижий нашрлар каби фондлардан бемалол фойдаланиш имкониятига эга. Шу билан бирга, марказга ўрнатилган 14 та компьютер орқали китобхонлар интернет тармоғидан дунё бўйи­ча чоп этиладиган даврий нашрлар билан ҳам танишишлари мумкин. Шунингдек, кутубхонада турли жанр­даги 7000 га яқин электрон манба ҳам мавжуд. Бундан ташқари, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» китоб-альбомининг ўн жилддан иборат битта жамланмаси ҳам мазкур кутубхонада мавжуд. Уч тилда чоп этилган бу каби ноёб тўплам дунёнинг турли музейлари ва шахсий тўпламларида сақланади. Ҳар бир китобга Ўзбекистон маданий меросининг дунё музейларидаги тўпламлари ҳақидаги ҳужжатли фильм ёзилган диск илова қилинган.

Ходимлар талабидан келиб чиққан ҳолда, тезкор хизмат, разведка, тиббиёт, психология каби йўналиш­ларда қарийб 20 миллион сўмлик 300 дан ортиқ номдаги Россияда чоп этилган асарлар сотиб олинди. Кутубхонага ўрнатилган иккита «Инфокиоск» монитори орқали кутубхона ва бу ердаги китоблар ҳақида умумий маълумот олиш мумкин. Келгусида бунга ҳар бир китобнинг мундарижаси, мавзуси ҳақида қисқача маълумот жойлаштириш кўзда тутилган. Бу кутубхонага кирган ходим ўзига керакли китобни тезда излаб топишида қулайлик яратади.

Ички ишлар органлари ходимларига китоб ўқиш, билимларини бойитиш учун шунча шарт-шароит, қулайликлар яратилган экан, булардан унумли фойдаланаётган ходимлар талайгина. Маърифий ва ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси Нилуфар Собирова билан суҳбатлашиб, ИИВ ходимлари ўртасида китобга бўлган муносабат қай даражада эканига қизиқдик.

— Ходимларда бадиий адабиётга иштиёқ юқори, — дейди у. — Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Кадрлар бош бош­қармаси, Тергов департаменти, Тезкор-маълумотлар, Ўз хавфсизлиги каби бошқармаларнинг раҳбарлари ва ўринбосарлари жуда кўп китоб олишади. Айниқса, Тезкор-маълумотлар бошқармасидан подполковник Суннатулла Шеранов детектив асарларга жуда қизиқади, фарзандларига ҳам турли жанрдаги адабиётлардан олиб кетади. Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасидан подполковник Алишер Сарабеков, майор Артукбек Юсупов, майор Фахриддин Муҳаммедов каби китобсевар осойишталик посбонлари борлиги қувонарли. Шу ўринда Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси ҳузуридаги Алоҳида қўриқлаш отряди ходимларининг китобга бўлган муҳаббатини эътироф этиш жоиз. Энг кўп фойдаланувчиларимиз ҳам улар орасида, десак, муболаға бўлмаса керак. Масалан, майор Ўткир Назаров, сержант Дилшод Эшов, катта сержантлар Аъзамжон Мажидов, Равшан Исмоилов, сафдор Бейсенбай Жўрабековларни ҳақиқий бадиий адабиёт ихлосмандлари, дейиш мумкин.

Осойишталигимиз посбонлари орасида китобсеварлар кўплиги барчамизни қувонтиради. Зеро, китоб билан ошно тутинган одамдан ёмонлик чиқмайди. Улар ҳақиқий ватанпарвар, юртини севадиган бурчига содиқ, қалби пок инсонлар бўлишади. Вазирлик ҳовлисида эса мўъжазгина китоб дўконидан ходимлар истаган китобини шахсий кутубхонаси учун сотиб олишлари мумкин. Борди-ю, излаган китобингизни бу дўкондан топа олмасангиз, сотувчиларга буюртма қиласиз ва улар тез кунда олиб келишади. Дўконга кирганимизда, китобларни бирма-бир кўздан кечираётган ходимлар кўпчилик эди. Улардан бирини суҳбатга чорладик.

– Менга кўпроқ тарихий китоб­лар ёқади, — дейди ИИВ Алоҳида қўриқлаш отряди бўлинма командири, кичик сержант Одилхўжа Аҳролов. — Айниқса, мамлакатимиз тарихига оид, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк бобокалонларимиз жасоратлари акс эттирилган тарихий романларни севиб ўқийман. Чунки улар бизга маънавий озуқа бериш билан бирга, юртимиз тарихини, аждодларимиз жасоратини ўргатади.

Вилоятлардаги ички ишлар органларида ҳам шу каби кутубхоналар ташкил этилган бўлиб, барча осойишталик посбонлари орасида китобхонликни ривожлантириш кенг тарғиб қилинмоқда. Шунингдек, ходимларнинг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида ИИВ Кадрлар бош бошқармаси Ёшлар иттифоқининг бош­ланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи етакчилар кенгаши билан қабул қилинган қўшма қарор асосида ёш ходимлар ўртасида «Энг яхши китобхон» кўрик-танлови эълон қилинди. Айни кунларда танловнинг ҳудудий босқичлари ўтказил­япти. Якуний босқич эса май ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Дунёда китобдан яхшироқ дўст йўқ, дейишади. Масалан, бирор тилни ўрганмоқчимисиз, бирор соҳа ҳақида маълумот олмоқчимисиз ёки бирор мамлакатнинг тарихи билан қизиқдингизми, албатта, китоб орқали барча истаганларингизни топасиз. Қандайдир муаммоларига китоб орқали ечим топган инсонларни ҳам кўп кўрганмиз. Оилаларни мустаҳкамлаш бўладими, соғлом турмуш тарзи дейсизми, ўзингиз истаган барча маълумотларни шу соҳага мўлжалланган китоблардан топишингиз шубҳасиз. Мақоламиз сўнгида А. Чеховнинг қуйидаги фик­рини келтириш ўринлидир: «Китоб­лар қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб қолади», дейди буюк ёзувчи. Дарҳақиқат, ҳақиқий асарни ўқир экансиз, ҳеч нарса қалбингизни ундан таралган зиёчалик ёрита олмайди.

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

«Postda» мухбири.