Қодир кулолнинг айёрлиги

  • 09:08
  • 13,08-2019
  • 62
  • Улашинг

Қодир кулолнинг хонадонида жиноят содир бўлди: ёлғиз яшовчи хонадон соҳибининг кўзлари ожизлигидан фойдаланган талончилар унинг гилами ҳамда жамғариб қўйган пулларини ўғирлаб кетишди. Жиноятни фош этишга киришган изқуварлар туман марказида яшовчи Собир қассобга кимдир арзон нархда гилам сотганидан хабар топишди ва зудлик билан ўша хонадонга боришди. Арзон молнинг хайри бўлмас, деганларидек, ўғирланган гиламни сотиб олган Собир қассоб қилмишидан афсусланганича изқуварларга «сотувчи»нинг юз тузилиши ҳамда ташқи қиёфасини тасвирлаб берди. Шундан сўнг ходимлар гиламни жабрланувчига олиб бориб кўрсатишди. Ўғирланган молнинг у ёқ, бу ёғини қўллари билан пайпаслаб кўрган Қодир кулол «Бу гилам аниқ меники», деди.

 – Буни қандай исботлайсиз? – қизиқиб сўради изқуварлардан бири.

 – Гиламнинг бир бурчагига билинар-билинмас мато қийқимини тикиб қўйгандим. Мана ўша мато бўлакчаси, – дея гилам бурчагини кўрсатди Қодир кулол. – Ҳа, айтмоқчи, ўғирланган пулларнинг ҳам бир чеккасини буклаб қўйганман.

  Тергов-тезкор гуруҳи ходимлари шу заҳотиёқ муқаддам бир неча бор судланган С. Отабой ҳамда унинг жиноий шерикларини қўлга олишга киришишди. Гумон қилинувчиларнинг қўним топиши мумкин бўлган барча жойлар кўздан кечирилди. Аммо улар бу ерда йўқ эди. Эртаси куни Отабой уйига келгани ҳақида тезкор хабар олинди. Изқуварлар зудлик билан унинг хонадонига етиб келишди.

Афсуски, гумон қилинувчи яна изсиз ғойиб бўлганди. Хонадон соҳибаси эса турмуш ўртоғини бир ҳафтадан буён кўрмаганлигини айтиб, зорланди. Аммо унинг безовта нигоҳи изқуварларда шубҳа уйғотди. Шу боис улар хонадон соҳибаси билан суҳбатни узоқ давом эттиришди. Бир пайт ертўладан аксирган товуш эшитилди. Изқуварлар тезда ертўлага тушди ва содир этилган ўғирлик жиноятида гумон қилинаётган шахсларни қўлга олишди. Холислар иштирокида тинтув қилинганида, Отабойнинг уйидан пул ҳамда кўплаб қимматбаҳо буюмлар топилди. Улар орасида Қодир кулолнинг бир чеккаси букланган пуллари ҳам бор эди. Ўғирланган молларни ўзаро тақсимлаб олиш учун бу ерга келишган тунги талончилар режаси амалга ошмаганидан афсусланишди ва қилмишини тан олишди.

                              

                           Худойберган ЖАББОРОВ,

                                 «Postda» мухбири.