Халқ манфаатларига хизмат қилиш – барчанинг бурчи

  • 11:08
  • 09,08-2019
  • 6208
  • Улашинг

Ҳар бир давлат ўз тарихи ва маданиятига эга. Уларнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса, ҳақли равишда, шу мамлакат халқи ҳисобланади. Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, бетакрор маданий мероси бу ҳақиқатни ўзида намоён этади. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, бунёдкорлик жараёнларининг қудратли ва ҳал қилувчи кучи ҳам ҳеч шубҳасиз, кўпмиллатли халқимиздир. Шу маънода, ҳар бир давлат органи, шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлган ҳар қандай инсоннинг ҳам олий бурчи халқ манфаатларига хизмат қилишдан иборат.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар замиридаги, энг аввало, халқни рози қилиш мақсади бугунги кунда давлат идоралари, шу жумладан, ички ишлар органлари фаолиятининг асосий мезонига айланиб бормоқда.

Айниқса, сўнгги бир неча йил мобайнида мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолияти самадорлигини ошириш, уни мутлақо янги босқичга кўтариш, соҳа ходимларининг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар рўёбга чиқарилди. Натижада ички ишлар органлари жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият, давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашадиган ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширадиган халқчил органга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, ИИВ тизимида алоҳида ихтисослашган таълим муассасаси – Малака ошириш институти ҳамда вазирликнинг барча академик лицейларида ушбу институтнинг филиаллари ташкил этилди.

Ўтган қисқа давр мобайнида институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилган ўқув йиғинларида 12 мингдан ортиқ ходим иштирок этди.

Айни кунларда институт томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги туман ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма) бошлиқлари, жиноят қидирув (катта) тезкор вакиллари, тергов тизими терговчи ва суриштирувчилари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Уларда ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Машғулотлар давомида назарий билимларимизни мустаҳкамлаб, амалиётда учраётган муаммоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқдамиз, – дейди Самарқанд шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор Анжелика Ибодова. – Ички ишлар органи ходими жиноят кўчасига кириб қолган инсонларнинг қилмишларига одилона ёндашиб, оқилона ва адолатли хулоса қилиши керак. Бунинг учун юқори билим, кўникма ва тажриба ҳар биримизга асқатади, деб ўйлайман.

Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда натижадорликка эришиш кўп жиҳатдан халқ билан самарали мулоқот ўрнатишга боғлиқ.

Ушбу устувор вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бу каби тадбирларда аҳолининг долзарб муаммоларини ўрганиш, уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан кўзланган асосий мақсад эса халқни рози қилиш ва юртдошларимизнинг ўз турмушидан шукроналик билан яшашларига ҳисса қўшишдан иборат.

 

Улуғбек ТУЙМАБОЕВ,

подполковник.