Жиноятчиликдан холи маскан

  • 12:08
  • 31,08-2019
  • 777
  • Улашинг

Лейтенант Нурилло Мухторов Марғилон шаҳрида камолга етган. Олий ўқув юртини тугатиб, ички ишлар органлари сафига ишга киргач, фаолияти Фарғона шаҳри билан чамбарчас боғланди. Ҳозирда у шаҳарнинг Ўзбекистон маҳалласида жойлашган ички ишлар органи таянч пунктида ҳуқуқбузарлик­лар профилактикаси инс­пектори бўлиб хизмат қилмоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида барча сафдошларим қатори мен ҳам хизмат уйига эга бўлдим, имтиёзли кредит асосида «Матиз» русумли автомашина сотиб олдим, – дейди лейтенант Нурилло Мухторов. – Албатта, бундай қулайликлар хизматда бизга жуда қўл келди, ишимни енгиллаштирди. Профилактика инспекторларининг ёрдамчиси лавозими жорий қилингач, ишимиз янада осонлашди.

Дарҳақиқат, лейтенант Нурилло Мухторов ўзининг ёрдамчиси Алишер Тожибоев ҳамда маҳалла фаоллари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради. Бу эса ўзининг самарасини кўрсатмоқда. Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон маҳалласида бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам сезиларли даражада камайиб бормоқда.

Маҳаллада беш минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар асосан кўп қаватли уйларда яшайди. Маҳалла ёшлари турли спорт ва касб-ҳунар тўгаракларига жалб этилган. Бу ишларда, албатта, лейтенант Нурилло Мухторовнинг алоҳида ҳиссаси бор. У маҳалла фаоллари, кўчабошилар, уйбошилар билан бирга, ҳар бир оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитни мунтазам ўрганиб туради. Муаммоли оилаларга маҳалла фаоллари ёрдамида зарур кўмак беришга ҳам имкон топяпти. Ўшларни ҳеч қачон бўш қолдирмасликка ҳаракат қилади. Маҳаллага кираверишда жойлашган «Жамоатчилик назорат маскани»да эса туну кун навбатчилик йўлга қўйилган.

— Ўзбекистон маҳалласи Фарғона шаҳрининг энг гавжум ҳудуди ҳисобланади, – дейди профилактика инспекторининг ёрдамчиси Алишер Тожибоев. – Ҳудудимизда доимий яшовчилардан ташқари, келиб-кетувчи меҳмонлар жуда кўп. Бу эса бизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Аммо ҳамкорликда барча ишларга улгуряпмиз. Натижада маҳалламизда тинчлик ва осойишталикнинг бардавом бўлиши таъминланмоқда.

 

Абдувосит СИДИҚОВ,

«Postda» мухбири.

Фарғона вилояти.

Суратда: лейтенант Нурилло Мухторов ёрдамчиси Алишер Тожибоев билан.

Муаллиф олган сурат.