ШИРОҚ ёхуд Наполеонни тўхтатган ҳийла

  • 13:08
  • 25,08-2019
  • 1016
  • Улашинг

Бани башар аҳли орасида шундай одамлар яшаб ўтганки, уларнинг жасорати ва матонати минг йиллар аввал ҳам мангуликка дахлдор бўлган. Бу инсонларнинг асрларни қаритган қаҳрамонликлари тилдан-тилга, дилдан-дилга кўчиб, яна юзлаб, минглаб жасоратларнинг туғилишига доялик қилган. Бир ўзи енгилмас қўшин деб таърифланган бутун бошли лашкарни маҳв этган оддий чўпон Широқнинг афсонавий жасорати фикримиз тасдиғидир.

Ҳиндистонга очилган дарвоза

Ёшгина генерал Наполеон Бонапарт музаффар фотиҳ Александр Македонскийга болалигидан таассуб қиларди. Унинг зафарли юришлари, тарихий жанглари, абадиятга муҳрланган номи Наполеонга тинчлик бермасди. Бирда бирон марта мағлубият аламини тотмаган Александр Македонскийни ўзига ғойибона устоз деб билса, бирда ундан ўзиб кетиш, бутун
дунёга ҳокими мутлақ бўлиш орзу­си оромини ўғирларди. Шунинг учун ҳам унинг зафарли юришлари тарихини синчиклаб ўрганар, Македониядан Гангагача бўлган жанглар солномасини сатрма-сатр ёд оларди. Ниҳоят, Наполеон бир тўхтамга келди: у Ҳиндистонга бориш учун йўлидаги энг катта довон – Москвани эгаллаши керак.

Франциядан Москвагача бўлган жангларни Наполеон ва унинг ғолиб қўшини учун кетма-кет зафар шаробини сипқориш дейиш мумкин. Мана, Россиянинг юрагига ҳам бир неча чақирим қолди, холос. Саноқли кунлардан сўнг Наполеон Бонапарт азалий орзусига эришади. Зеро, Москвани эгаллаш Ҳиндистон учун кенг очилган дарвозадир...

Гарчанд, давлат бошқаруви соҳасида анча ожиз бўлса-да, яхшигина китобхонлиги боис тарихий асарларни кўп ўқиган Александр I Наполеоннинг шум ниятини аллақачон англаб етган эди. Шунинг учун ҳам бўлажак муҳорабаларга пухта ҳозирлик кўрди. Энг яхши деб топилган чет эллик генераллар ҳам, рус армиясининг фахрига айланган миллий қаҳрамонлар ҳам французларнинг мўр-малахдай ёпирилиб келаётган сон-саноқсиз аскарларига дош бера олмади. Александрнинг бир неча бор лашкарбошиларни алмаштиргани ҳам, аскарларни шахсан ўзи жангга бошлаб боргани ҳам ҳеч қандай наф бермади. Мағлубиятнинг муқаррарлигини дилдан ҳис қилган подшоҳ юрагини чангаллаганча саройга қайтди. Энди уни бу муҳташам саройнинг метин деворлари ҳам қутқара олмаслиги аниқ. Ахир, беаёв душман Москва остонасида турибди...

Чўпоннинг жасорати

Александр болалигидан кўп китоб ўқирди. Айниқса, тарихий китоблар, турли жангномалар унинг жони-дили эди. Ҳозир ҳам мавҳумликдан бошқа ҳеч нарса йўқ юрагига қил ҳам сиғмаса-да, оёқлари беихтиёр кутубхонага бошлади. Туйқус стол устида ёнма-ён турган Геродотнинг «Тарих» ва Полиэннинг «Ҳарбий ҳийлалар» китоби диққатини тортди. Иккинчи китобни қўлига олиб, тик турганча ўқий бошлади:

«Ахоманийлар давлати асосчиси Гастаснинг ўғли Доро I (521–485) милоддан аввалги 517 йилда Марказий Осиёга қарши босқинчилик урушини бошлади. Дастлаб, Хоразм, Бақтрия ҳамда Амударё ва Сирдарё оралиғидаги айрим ҳудудларни ўта қийинчиликлар билан бўлса-да, эгаллашга эришди. Ҳатто, сакларнинг Скухан исмли йўлбошчисини асир олишга ҳам муваффақ бўлди.

Лекин у сакларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Айниқса, саклар чўпони – Широқнинг содда ва айни пайт­да табиий ҳарбий ҳийласи натижасида Доро I ўзининг сараланган қўшинининг катта қисмини жанг қилмасданоқ йўқотади, озиқ-овқат, қурол-яроғдан ажралади, мукаммал ва енгилмас деб ҳисобланган қўшинларнинг руҳи синадики, бунинг натижаси ўлароқ, Доро I Марказий Осиёга қайта уруш қилиш ниятидан воз кечади.

Аслида, Доро I саклар ва массагетларнинг серсув ва унумдор ерларига, қиру адирларни тўлдириб турган қўй ва йилқиларига осонгина эга бўламан, деб ўйлаган эди. Зеро, унинг мукаммал ва енгилмас деб ҳисобланган ва тиш-тирноғигача асл қурол-яроғ билан жиҳозланган қўшини ҳали бирон марта мағлубият аламини тотмаган эди.

Шунинг учун ҳам қулоқ бурни кесилган, уст-боши абгор оддий чўпоннинг чўпчакнамо гапига унчалик ҳам ишонмади. Бироқ Широқ нафақат чўпон, балки халқ достонлари ва термаларининг ҳам моҳир ижрочиси эди. Унинг шарқона фалсафага йўғрилган гап-сўзлари қабиладошлари қалбига тез етиб борарди. Ҳозир ҳам қаршисида ўтирган калондимоғ подшоҳга шундай сўзларни айтдики, у чўпоннинг оқилона қурган тузоғига қандай илинганини билмай қолди.

Унинг қулоқ-бурни кесилишига сабаб нелигини сўраганида, Широқ шундай жавоб қилган эди: «Жанобларига хайрихоҳ бўлганим туфайли қабиладошларимдан қаттиқ ситам кўрдим. Уларга мен: «Шоҳи Эрон билан урушаман, деб чиранманг, сизларни бир ҳамлада зеру забар қилгай, яхшиси, итоат камарин боғлаб бориб, ул зоти бобаракотнинг этакларидан ўпинг», дедим. Бу гапдан хабар топган ҳукмдоримиз Рустак ғазабга минди ва менинг қулоқ-бурнимни кестирди. Мен энди сизнинг ёрдамингиз билан ундан ўчимни олмоқчиман. Агар ижозати олий бўлса, енгилмас қўшинингизни ёлғиз подачилар биладиган сўқмоқлар билан сак лашкарларининг орқасидан олиб чиқар эдим, кейин уларни қилич дамидан ўтказмоқ қийин эмас...»

Доро Широқнинг ҳамма гапига ҳам ишонмаса-да, агар жанговар сак қабилалари шу йўсинда яксон қилинса, Ўкуз билан Яксарт ўртасидаги серунум ерларни босиб олган Эрон лашкарларининг бехатарлиги таъмин этилган бўлишини ўйлаб таваккал қилишни дилига тугди. Шунинг учун ҳам аламзада чўпоннинг қабиладошларидан ўчини олишга ёрдамлашишни ҳам жанг санъатидан яхшигина хабардор бўлган сакларни орқа томондан зарба бериб ер тишлатишни ўйлаган подшоҳ бош саркардасига энг сараланган қўшин ва етти кунга етадиган озиқ-овқат билан дарҳол йўлга отланишни буюради.

Орадан етти кун ўтгач, Роносбат бошчилигида қўшин кимсасиз саҳронинг қоқ ўртасига келиб қолади. На егулик, на ем-хашаги қолган, сувсизлик ва очликдан одамларнинг ҳам, отларнинг ҳам силласи қуриб, кўзига саробдан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолган бир пайтда, Широқнинг чақиндай овози ҳаммани ҳушига келтирди: « Мен енгдим, Доро қўшинини бир ўзим енгдим! Сизларни алдаб, саҳронинг қоқ ўртасига олиб келдим, — қўли билан кунчиқиш ва кунботиш томонни кўрсатди. — Буёғи ҳам етти кунлик йўл, буёғи ҳам. Истаган томонингизга бораверинг! Менинг гўрим шу ерда, деб оёғи остини кўрсатди».

Александр I мутолаани охирига етказишга ҳам сабри чидамай, Кутузовга чопар юборишни буюрди. Машҳур лашкарбоши етиб келганида подшоҳнинг душманни чалғитиш мақсадида ортга чекиниш ва унинг орқа томонига ўтиб қақшатқич зарба бериш режаси хаёлан пишиб бўлган эди. Кутузовнинг жузъий ўзгартишлари билан ишлаб чиқилган режа асосида зудлик билан бошланган муҳораба натижасида французларнинг музаффар армияси ҳалокатга учраб, Наполеоннинг азалий орзуси абадий армонга айланди.

Шундай қилиб, 2300 йил олдин оддий чўпон томонидан ўйлаб топилган ҳарбий ҳийла Россияни ва нафақат Россия­ни, балки Сариқ денгизгача бўлган бошқа давлатларни ҳам муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди.

Хулоса ўрнида

Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Шу маънода ота-боболарининг покиза хок­лари ила шарафланган масканда туғилиб ўсган оддий чўпон Широқ ҳам Ватан деб аталмиш боғни ўз юрак қони ила суғорган содиқ фарзанддир.

 Шунинг учун ҳам унинг номи асрлар ўтса-да, фахр билан эсланиб, ўз миллатининг қаҳрамони сифатида мадҳ қилинади, хотираси эъзозланади. Зеро, Широқ ўз жони эвазига қанча-қанча юртдошларини муқаррар ўлимдан, ёвга қул бўлишдан, шаҳар-қишлоқларни эса вайронагарчилик, талон-торож қилинишдан сақлаб қолди. Энг муҳими, у ўз қаҳрамонлиги орқали чўпонигача ватанпарвар бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмаслигини, халқнинг мард фарзандлари бунга асло йўл қўймаслигини исботлади.

Оддий чўпони ҳам буюк ватанпарвар бўлган бетакрор юртда яшаётганимдан туйилган ғурур назмий сатрларга кўчади:

Юртим, сендан йироққа кетсам,

Юрак ўртар фироқларинг бор,

Ҳеч кимда йўқ

«Шашмақом»у, «Савт»,

«Гиря», «Чўли ироқ»ларинг бор.

Минг йилларки сўнишни билмас,

Зиё берар чироқларинг бор,

Ватан учун жонини нисор –

Этишга шай Широқларинг бор.

 

Темир ҚУРБОН.