Сайёр ўқув йиғинлари доирасида

  • 17:08
  • 01,08-2019
  • 1979
  • Улашинг

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш масалаларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган, якка-ёлғиз кексалар, ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилган ва бугунги кунда пенсияда бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олинмоқда.

– Бу йил 75 ёшга тўлдим. Хонадонимга вилоят ИИБ фахрийлар кенгаши аъзолари мунтазам келиб туришади. Соғлиғим ёмонлашиб, бир оёғимдан айрилиб, ногирон бўлиб қолдим. Адабиётни, санъатни яхши кўраман, шу билан ўзимни чалғитаман, – дейди Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи, ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги подполковник Очил Ражабов. – Бугун эса пойтахтимиздан бир гуруҳ ходимлар уйимга кириб келганидан бошим осмонга етди. Ўзим узоқ йиллар Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият кўрсатганман.  Биз каби фахрийларнинг холидан хабар олаётганликлари учун вазирлик раҳбариятига ва Малака ошириш институти профессор-ўқитувчиларига самимий миннатдорлик билдираман. 

ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда соҳа ходимларининг малакасини ошириш бўйича сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда кам таъминланган оилалар, якка-ёлғизлар, ногирон фуқаролар ҳолидан хабар олишдек эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

 

ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.