Ходимлар Андижонда малака оширади

  • 12:07
  • 15,07-2019
  • 2101
  • Улашинг

ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчилари шаҳар-туман ИИБнинг навбатчилик қисмлари катта тезкор навбатчилари, жиноят қидирув тезкор вакиллари, профилактика инспекторлари билан машғулотлар ўтказиш мақсадида Андижон вилоятига келди. Машғулотлар институтнинг ИИВ Андижон академик лицейидаги филиали аудиторияларида олиб борилади.

ИИВ Малака ощириш институти бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Нуриддин Норматов, кафедра мудирлари – полковник Баҳодир Улуғбеков ва подполковник Акмал Бабаев, катта ўқитувчилар – подполковниклар Улуғбек Туймабоев, Ўткир Гукматов ва Ботирали Тўйчиев тингловчилар билан очиқ мунозаралар ўтказишади.

Таълимнинг инновацион усулларини қўллаш ички ишлар органлари ходимининг касбий қобилиятини шакллантиришнинг асосий йўлларидан биридир. Буларнинг бари қисқа муддатга мўлжалланган қўшимча касбий таълим тизими учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўз ўрнида, ўқитувчилардан нафақат фанга оид билимлар, балки педагогик жараённи режалаштириш, таълим самарадорлигини олдиндан кўра билиш, замонавий педагогик технологиялардан фойдалана олиш маҳорати ҳам талаб этилади.

Машғулот тугагач, тингловчиларга сертификат топширилади.

Борис КЛЕЙМАН.

            Суратда: институт ўқитувчилари машғулотлар олдидан.

Муаллиф олган сурат.