Фирибгар қўлга тушди

  • 17:06
  • 28,06-2019
  • 1069
  • Улашинг

           Ўзганинг  ҳаққига  хиёнат  қилиш, бировни  алдаб фирибгарлик   йўли  билан пул  ундириш – жиноят  эканлиги,  бунинг учун қонуний  жазога  тортилишини  хар  бир  фуқаро  яхши  билади. Аммо  шундай  бўлсада,  ҳозирги  кунда  фирибгарлик  жиноятлари  урчиганлиги, юртдошларимиз  орасида  фириб  тўрига  тушиб  қолаётганлар  тез-тез  учраб  турганлиги  ушбу  мақола ёзилишига  туртки  бўлди. 

           Ғиждувон  туманида  яшовчи  Шерали (исмлари  ўзгартирилди)  айни  ишлаб  чарчамайдиган, навқирон  ёшда. Аммо   осон  йўл  билан  пул  топиш пайида ўзини “ҳожатбарор” кўрсатган  бу  йигит бир  зумда  таксида кетаётган  ҳамроҳининг  ишончига  кирди. Унинг “Ички ишлар органларида  ишлайдиган танишларим  бор, хоҳласангиз сизни Навоийдаги  жазони ижро этиш  муассасасига  ҳайдовчи қилиб  ишга  жойлаштириб  қўяман”  деган алдовига  учган  Алибек  фириб  қурбонига  айланди. Ҳатто “Эвазига 600 доллар берсангиз  бўлди”  дея пора  сўраётганида ҳам ўзининг  чув  тушаётганини илғамади. Ҳожатбарорга қўл телефонини  бераркан,  иши  хамирдан   қил  суғургандек  осон  битаётганидан  қувонди.

           - Орадан бир-икки  кун  ўтиб  таксида  ўзини “Шерали” деб  таништирган киши менга  қўнғироқ  қилиб, олдиндан   уч  юз  доллар  беришимни, қолганини  иш  битгач  олишини  билдирди,- дейди  Алибек воқеа  юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари  ходимларига маълум  қиларкан. - Навоий  шаҳридаги “Малика”  дўкони  қаршисида  учрашиб,  унга  сўраган  пулини бердим. Аммо  орадан  бироз  вақт  ўтгач, у  яна  юз  доллар  беришимни сўраб  қўнғироқ  қилди. Очиғи  ҳали  иш  ҳал  бўлмасдан  туриб   яна  пул  сўрагани  шубҳага  қўйди...

          Ушбу ҳолат  юзасидан  Департаментнинг Навоий  вилояти бошқармаси  ва ДХХ ходимлари  томонидан  ҳамкорликда  ўтказилган  тезкор тадбир  чоғида  фирибгар келишилган пулни  олаётган  вақтида  ашёвий  далил  билан  қўлга   тушди.

          - Қилган  ишимдан  афсусдаман,-  деди  у суриштирув  жараёнида  надомат  билан. – Ўзимнинг  эҳтиёжим,  шахсий  манфаатимни  кўзлаб,  жиноятга  қўл  урдим. Оқибатини  ўйламай  хато  қилдим...

          Ўтказилган  суриштирув  жараёнида  у  бир  неча  бор қилмишидан қаттиқ  пушаймон  эканлигини  бирдирди. Аммо, энди  афсус-надоматдан  фойда  йўқ.

          Шу  ўринда турли  кўринишда  фириб  чангалига  тушиб  қолаётган  юртдошларимизни огоҳ  этиш  ниятида  айрим  мулоҳазаларимизни билдиришни  лозим  топдик: Ёлғон  ваъдаларга  учиб, меҳнат  билан  йиллаб  йиққан  маблағингизни  бировнинг  қўлига  тутқазишдан  олдин  чуқурроқ ўйлаб  кўринг,  жиноятга шерик  бўлиб  қолмаяпсизми?  Ноқонуний  ҳатти-ҳаракатни  кўра-била  туриб, лоқайд  қараш,  эътиборсизлик  - фирибгарлик  ва  бошқа  жиноятларнинг  илдизига  сув  қуйиш  билан  биробардир.      

           Афсуски,  аксарият  ҳолларда  ўзганинг  алдов  ва  ёлғонларига  учиб, “куйиб”  қолганлар "ўзим  ҳам  сезгандим-а”  дейишади. Аммо, ўз  вақтида  ҳатти-ҳаракатларининг  оқибатини  ўйлаб, иш тутсалар,  қонунларимизни  яхши  билган  ҳолда  унга  тўла  амал  қилишса,  муқаррар  жиноятнинг  олди  олиниши  шубҳасиз.

 

                                                                                             Фарҳод Сафаров,

                                                             Навоий   шаҳар   ИИО   ФМБ 2-сонли

                                                             ИИБ ҳузуридаги ТГ катта терговчиси

                                                         капитан.