Ниқобли «меҳмонлар»

  • 11:08
  • 19,08-2019
  • 795
  • Улашинг

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида яшовчи Ф. Я. 12 август куни ярим тунда чақирилмаган «меҳмонлар» шарпасидан уйғониб кетди. Не кўз билан кўрсинки, уйида юзларига ниқоб таққан уч нафар номаълум шахс юрибди. Оила бошлиғи уларга қаршилик кўрсатишга уринган эди, улардан бири кўкрагига пичоқ санчди. Бу вақтда жабрланувчининг турмуш ўртоғи Д. Я. ҳам уйғониб кетган эди. Қўрқиб кетган аёл бақириб, шовқин кўтара бошлади. Вазият бундай тус олишини кутмаган ниқобли кимсалар уйдан ҳеч нарса ололмай жуфтакни ростлашди.

Шу куниёқ Ф. Я. шифохонага жойлаштирилди. Босқинчиларни қўлга олиш учун олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида бу жиноятни содир этганлар Гулистон шаҳар Баҳор маҳалласида яшовчи М. Й., Тараққиёт маҳалласида яшовчи М. О. ва Жиззах вилояти Мирзачўл туманида яшовчи Р. М. экани аниқланди.

Ҳозирда М. Й. ва М. О. қўлга олинган, Р. М.ни ушлаш чоралари кўриляпти.

 

Иномжон РАҲИМХЎЖАЕВ,

лейтенант.