Дорихона сотувчиларига тушунтириш берилди

  • 17:08
  • 12,08-2019
  • 71
  • Улашинг

Жиззах вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги дорихоналарнинг сотувчилари иштирокида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбир аввалида жорий йилнинг ўтган даврида фош этилган бир қатор жиноятлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш, ташиш, сақлаш, истеъмол қилиш, тарқатишга оид жиноятлар учун жазо чоралари тўғрисида сўз юритилди.

Таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган дорилар ва прекурсорларни мамлакатимизга олиб кириш, сақлаш ҳамда сотишнинг тартиб ва меъёрлари хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Чунончи, дорихоналарда хавфсизлик ва санитария талабларига амал қилиш, қалбаки ва сифатсиз дори воситалари ҳамда синтетик гиёҳванд моддаларнинг сотилишига йўл қўймаслик бўйича тушунтириш ва тавсиялар берилди.   

 

Йиғилиш иштирокчиларига юртимиз тиббиёт тизимида қўлланилаётган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхати тақдим этилди. Вилоятда 336 нафар фуқаронинг гиёҳванд ташхиси билан рўйхатга олингани, улардан 20 нафари аёллар эканлиги маълум қилинаркан, фармацевт ва сотувчилар ўз вазифаларига янада масъулият билан ёндашишлари зарурлиги уқтирилди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роstdа» мухбири.

Жиззах вилояти.

                  Cуратларда: тадбир жараёни акс этган.