Ички ишлар органлари ходимларининг маънавияти

  • 10:06
  • 08,06-2019
  • 673
  • Улашинг

 

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддасига кўра, ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.

Мазкур вазифаларни оғишмай бажариш учун ички ишлар органлари ходимидан, энг аввало, юксак маънавият талаб этилади. Шунинг учун ҳам тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ходимлар маънавиятини янада юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотан, жамиятнинг ҳар томонлама янгиланишида маънавиятнинг ўрнини англаб яшаш ва хизмат қилиш ички ишлар органлари ходимининг Ватан равнақи, юрт тинчлигини асраш йўлидаги муқаддас бурчидир.

Айтиш жоизки, маънавият – ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг асосий мезони бўлиб, уларнинг дунёқарашини юксалтириш, замон талаблари асосида халқимизга муносиб хизмат қиладиган, жамиятда адолат ҳамда қонун устуворлигини таъминлайдиган фидойи касб эгалари этиб тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис улардан касбий билимларни чуқур эгаллаш билан бирга, ватанпарвар, халқпарвар бўлиш, фуқаролар ишончини оқлаш, мамлакатимизнинг маънавий хавфсизлигига таҳдид солаётган салбий иллатларга муросасизлик талаб этилади.

Бугунги кунда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар уч забардаст асос – юксак маънавият, қонун устуворлиги ва адолат негизида қад кўтармоқда. Маънавият инсоннинг иймон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган куч экан, жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, ички ишлар органлари ходимлари унинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини чуқур англаши лозим. Ходимнинг комилликка эришувида иймон
бутунлиги жуда муҳимдир. Иймонли инсон ўз хатти-ҳаракатларига масъ­улият билан ёндашади, нотўғри ишга қўл уришдан сақланади. Аслида, иймонли бўлиш маърифатдан бош­ланади, маърифатнинг илк йўли эса ибратдир.

Албатта, ички ишлар органларида ҳалол ва пок яшашни ўзи учун ҳаётий эътиқод, олий мақсад деб биладиган ватанпарвар ходимлар жуда кўп. Айнан шундай ходимлар ва уларнинг фидокорона хизматлари туфайли тизимда маънавиятнинг барқарорлиги бардавомдир.

Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси бевосита ҳар бир ходимнинг маънавияти, бой интеллекти, етук ва комил инсонлигига боғлиқ. Шу боис ички ишлар органлари ходимлари сафини Ватани, халқи ва хизмат мажбуриятларига садоқатли, замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар билан тўлдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Доно халқимиз бағрикенг, ҳалол-пок, виждонли, меҳр-оқибатли, эл-юртнинг ташвиши билан яшайдиган ходимларни бошига кўтаради ва улар жамият томонидан ҳурмат-эътибор топади. Шу боис бугунги кунда ички ишлар органларида таълим-тарбия соҳасидан бошлаб, матбуот, телевидение, интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари, театр, кино, адабиёт, мусиқа рассомлик санъатигача, бир сўз билан айтганда, ходимларнинг қалби, тафаккурига бевосита таъсир ўтказадиган барча соҳаларни замон талаблари асосида янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш орқали уларнинг маънавиятини юксалтириш масаласи тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Зотан, ходимларнинг спортга қизиқишини кучайтириш орқали саломатлигини мус­таҳкамлаш, уларда мардлик, жасурлик ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш ҳаётий заруратдир. Муҳими, спорт ички ишлар органлари ходимларининг иродасини тоблайди, қалбида ўз халқи, юрти билан фахрланиш туйғуларини кучайтиради, ғурур, фахр-ифтихор эса инсон маънавиятини юксалтиради. Ана шу мақсадда ички ишлар органлари тизимида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ҳар бир шаҳар ҳамда қишлоқда замон талабларига жавоб берадиган, зарур анжомлар билан жиҳозланган спорт майдончалари, иншоот ва мажмуаларни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Эътибор бор жойда ўсиш, юксалиш бўлади. Агар ҳар қанча истеъдод, иқтидор бўлмасин, у қўллаб-қувватланмаса, асл мақсадга эришиш мушкул. Демоқчимизки, кейинги йилларда ички ишлар органлари ходимлари, хусусан, профилактика инспекторлари жойларда болаларни жисмоний тарбия ва спортга ошно қилиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда ташаббус кўрсатишмоқда. Эндиликда ички ишлар органлари таянч пунктлари инфратузилмасидаги спорт тўгараклари маҳалла ёшларининг севимли масканига айланган. Фарзандларимизнинг жисмоний чиниқиши учун қулай бўлган бу жойларда уларнинг вақти мазмунли кечмоқда, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар кескин камаймоқда. Бир сўз билан айтганда, «Спорт ҳаётидан ҳеч ким четда қолмаслиги керак» деган шиор ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг турмуш тарзидан кенг ўрин олган.

Билим – маънавиятни ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўз навбатида, маънавият билимни бошқаради. Гап шундаки, инсонда кучли билим бўлса-ю, маънавият бўлмаса, у яратувчанликка эмас, аксинча, буз­ғунчиликка хизмат қилади. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Инсон яратган барча нарсалардан – компьютер, машина, интернет, атом энергиясидан яхшилик ёки ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин. Айнан маънавият билимни яратувчанликка йўналтиради, инсон хизматига сафарбар этади. Ҳатто ҳокимиятнинг қандай бўлиши ҳам маънавиятга боғлиқ.

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятларга қарши муросасиз бўлишда ходим ўта маънавиятли, ҳар нарсани тезкор ҳал қиладиган даражада бўлиши лозим. Бунга эришишда китоб мутолаасининг алоҳида ўрни бор. Айни пайтда тизимда ходимлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича истиқболли ишлар қилинмоқда. Чунончи, ходимларнинг интеллектуал ва маънавий эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида ички ишлар органларининг барча бўғинларида, шу жумладан, таълим муассасаларида замонавий кутубхоналар ташкил этиш ва уларни янги асарлар билан бойитиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Муҳими, китоб мутолааси инсон қобилияти ва руҳиятини бойитади, уни тарбиялаб, тўғри йўлга бошлайди, ёт иллатлардан сақлайди.

Маълумки, инсон қалбига йўл, аввало, таълим-тарбиядан бошланади. Бу тушунча уларни бир-биридан ажратиб бўлмаслигини билдиради. Бу ғоя ҳар бир давлат хизматчиси, шу жумладан, ички ишлар органлари ходимлари фаолиятининг ҳам ўзагини ташкил этади. Чунки маънавият ҳақида ҳар қанча даъватлар, фикрлар билдирилмасин, агар уларни жамият онгига сингдириш учун ходим ўз фаолиятини ҳар томонлама пухта ўйланган, тизимли равишда амалга оширмаса, ҳеч қачон мақсадига эриша олмайди.

Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деб таъкидлагани бежиз эмас. Буюк маърифатпарварнинг бу сўзлари ўз вақтида миллатимиз учун қанчалик муҳим бўлса, ҳозирги кунда ҳам шунчалик долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугунги замон ҳар бир инсондан, жумладан, ички ишлар органлари ходимларидан давр талаб­ларига жавоб бериш учун билим ва малакасини узлуксиз оширишни кун тартибига қўймоқда. Ходим билим доираси кенг, дунёқараши шаклланган, эгаллаган лавозимига муносиб бўлса, ўша жойда ўзи ҳам, ўзгалар ҳам камолотга эришади.

Ички ишлар органларида бугунги кунда маънавиятли, халқнинг дарду ташвиши билан яшайдиган раҳбар ходимларга бўлган эҳтиёж янада ортмоқда. Буюк мутафаккир бобомиз Абу Райҳон Беруний: «Идора қилиш ва бошқаришнинг моҳияти азият чекканларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятнинг тинчлиги йўлида ўз тинчлигини йўқотишдан иборат», деб бежиз айтмаган. Шундай фазилатларга эга ходимларни тайёрлаш, юқори касбий тайёргарликка эга, инсон қалбига йўл топиб, халқ ишончини қозонадиган янги авлодни тарбиялаш, уларни маънавиятли, Ватанга садоқатли, ҳалол ва хушмуомала бўлишга ўргатиш олдимизда турган долзарб вазифалардандир.

Хулоса шуки, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ички ишлар органлари ходими тимсолида оғир дамда ёрдам беришга тайёр бўлган жонкуярини, ўзининг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳар қандай тажовузлардан муҳофаза қила оладиган ҳимоячисини кўриши ҳамда ўзининг хавфсизлиги кафолатланганлигини ҳис қилиши зарур.

 

Баҳром САИДОВ,

юридик фанлар номзоди, доцент.