Меҳр-мурувватдан кўнгиллар қувнар

  • 11:07
  • 24,07-2019
  • 4857
  • Улашинг

Қибрайлик Мирали Чориев ҳаракатчан, бир ишнинг бошини тутдими, охирига етмагунча қўймайдиган билимли, заҳматкаш инсон: турли соҳаларда ишлаб ҳурмат-эътибор топди. Аммо тақдир экан, уч маротаба инсультни бошидан ўтказиб, ногирон бўлиб қолди. Лекин инсонпарвар давлатимизда ҳеч ким эътибордан четда эмас. Отахон гапиролмаса-да, хонадонига ташриф буюрган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларини кўриб, хурсандчилигини яширолмади, кўзига ёш олди.

 – Қўшним касаллиги туфайли ногирон бўлиб қолди, – дейди тумандаги Байтқўрғон маҳалласида яшовчи Саида Исроилова. – Аммо ҳар доим давлатимизнинг эътиборини ҳис қилиб туради, маҳалла-кўй, ҳомий ташкилотлар унинг ҳолидан доим хабардор. Маҳалламиз фуқаролари ушбу тадбирни уюштирган Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Малака ошириш институти ходимларидан миннатдор бўлмоқда.

Айтиш жоизки, ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилаётган «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак» мавзусидаги маърифий тадбирлар давомида ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар, якка-ёлғиз яшовчиларнинг ҳолидан ҳам хабар олиняпти.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани Аҳиллик маҳалласида яшовчи Дмитрий Кузневский 3 ёшида эшитиш ва гапириш қобилиятини йўқотган.

Дмитрий ҳамда турмуш ўртоғи ўзларини йўқлаб келган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларини кўриб, хурсанд бўлишди. Мулоқот жараёнида ҳар доим давлатимизнинг эътиборини ҳис қилишларини, маҳалла-кўй, ҳомий ташкилотлар доимо хабар олиб турганликларини имо-ишора орқали тушунтиришди.

Институт жамоаси меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган Наманган шаҳридаги Қадамжо маҳалласида яшовчи  Б. Боннабоев, Тошлоқ туманидаги Фурқат номли маҳаллада яшовчи М. Ризақулова, Наманган туманидаги Кичик Тошбулоқ маҳалласида яшовчи Д. Жалолиддинов каби ўнлаб оилаларнинг хонадонларига бориб, ғамхўрлик кўрсатаётгани эътирофга лойиқдир.

ИИВ Малака ошириш институти

матбуот хизмати.