Найранг тузоғи

  • 10:06
  • 08,06-2019
  • 476
  • Улашинг

Африка қитъасининг ёввойи табиатида йиртқич ҳайвонларнинг яшаб қолишида улар овлайдиган ўлжасининг аҳамияти катта. Йиртқичлар одатда  ожиз ва ҳолдан тойган ҳайвонларнигина овлайди. Негаки, кам ҳаракат эвазига ўлжага эга бўлишни хоҳлайди. Бекорга жиловланмаган Африканинг ёввойи табиатини эсламадик. Бугун орамизда шундай одамлар борки, уларнинг нияти жонини койитмай кимнидир чув тушириш ҳисобига ўткинчи дунё ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиш ҳамда оиласига ҳаром луқма едиришдир. Улар ниятини амалга ошириш учун кўпинча содда, ишонувчан одамларни танлайди.

 

«Касбим – менинг бойлигим»

Журналист касби энг нозик, машаққатли ҳамда заҳматли касблардан биридир. Бу соҳа вакиллари орасида «Журналистиканинг нонини емоқ учун темирдан тиш керак», деган гап бор. Аслида ҳам шундай.

Ўз шаънига, мисқоллаб йиққан обрўсига доғ туширмай, давлат ва халқ хизматига камарбаста бўлаётган журналистлар талайгина. Босма оммавий ахборот воситаларида бир-иккита мақоласи чиқиб, журналистман дея кўкрак кераётган баъзи «мухбир»ларнинг қилиб юрган ишлари эса кишини ранжитади. Гоҳида ғазаблантиради.

Афсуски, журналист ниқоби остида инсонларнинг ишончига кириб, бу ишонч­ни суиистеъмол қилаётган Соҳиб Собировга (исм-шарифи ўзгартирилди) ўхшаган инсонларни бир сўз билан фирибгар дейиш кифоя. £ашқадарё вилоятида ўз муштарийларига эга бўлган масъулияти чекланган жамият муассислигидаги «Мўъжизавий дунё» газетасида мухбир бўлиб ишлаб келаётган Соҳибнинг қилиб юрган амалларини эшитиб ёқа ушлайсан.

У дастлаб журналист сифатида касб этикасига риоя қилиб, фаолияти давомида турли корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан учрашиб, мақолалар тайёрлаб, анча-мунча таниш орттирган эди. Кейинроқ касби ортидан топаётган ҳалол насибасига қаноат қилмасдан, пул топишнинг қинғир йўлларини излай бошлади.

Даставвал бирор муассасага бориб, тирноқ остидан кир қидириб, танқидий мақола ёзиб, газетага чоп эттираман, дея қўрқитиб, тамагирлик йўли билан пул ундиришга ўтди. Ке­йинчалик муайян тажриба орттиргач, нафси ҳакалак отиб, эҳтиёжлари учун топаётган пуллари ҳам етмаётгандек туюлди унинг назарида.

 

Бойлик талвасаси ёхуд «ов мавсуми»

Овчилар овга чиқишдан олдин етарлича тайёрланиб, ўзига керакли барча нарсаларни олишади.

С. Собировнинг «ов мавсуми»га тайёрланиши учун эса фақат хизмат гувоҳномаси ва сўзамоллиги кифоя эди. Ўлжалари билан унинг орасида ҳамиша воситачиларнинг бўлиши фирибгарнинг ишини осонлаштирарди.

2013 йилнинг февраль-май ойларида қайнотаси воситачилигида Ж. Дамировнинг 1993 йилда Тожикистон Республикаси Душанбе давлат педагогика университетини тамомлаганлиги ҳақидаги бакалаврлик дипломини нострификация қилдириб бераман деб ваъда беради. Ж. Дамиров фирибгарнинг ширин ёлғонларига ишониб, 1800 АҚШ доллари ҳамда дипломини бериб юборади. Пулларни ўзлаштирган «овчи» кўздан ғойиб бўлади-қолади.

2016 йилда китоблик Б. Равшановнинг солиқдан 5 миллион 600 минг сўм миқдоридаги қарздорлигини бир танишидан эшитиб, унинг муаммосини ҳал қилиб бераман деб, 2 миллион 800 минг сўм пулларини олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Солиқдан қарздорлигини ёпиш Б. Равшановнинг ўз гарданида қолади.

2017 йил С. Собиров учун ниҳоятда «баракали» бўлди. Бир йўла 5 нафар содда, ишонувчан инсонларни чув тушириб, мўмай даромад орттирди. 2017 йилнинг августида яккабоғлик Н. Шодиевга «Ўғлингни суперконтракт асосида ўқишга киритиб қўяман», деб ваъда берган С. Собиров ундан

24 миллион сўм миқдоридаги пулларини қуртдай санаб олади. Октябрь ойида эса шаҳрисабзлик В. Мардоновни шу тарзда 24 миллион 234 минг сўмга чув туширади. Декабрда тумандоши Ш. Зариповнинг қизини тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўяман деган ваъда билан 800 АҚШ долларини чўнтакка уради.

 

Саробга айланган орзулар

Халқимизда «Ўз уйинг – ўлан тўшагинг», деган мақол бор. Дарҳақиқат, шундай. Ҳар бир инсон ўзининг бошпанасига, уй-жойига эга бўлишни хоҳлайди. Не-не орзу-ҳаваслар билан йиққан-терганини жамлаб, уй-жойли бўламан деган орзуда юрганлар талайгина. Бироқ баъзи олғир «ҳожатбарор»ларнинг ҳийла-найрангларига учиб, орзулари саробга айланаётганлар ҳақида эшитиб ўйга толасан. Г. Жабборова ҳам кўпдан буён йиғиб қўйган пулларига азим Тошкент шаҳридан бир хонадон сотиб олишни ўйлаб юрган эди. Сезиб турганингиздек, С. Собировнинг қармоғига  бу сафар катта «лаққа» илинди. Г. Жабборованинг пойтахтдан уй олиш нияти борлигини билган фирибгар фурсатни бой бермай «отни қамчилади». Ўзининг журналист эканлигини, пойтахтда таниш-билишлари кўплигини айтиб, содда аёлнинг кўнглига йўл топган «шоввоз»нинг бу сафар ҳам «омади» чопди. Ширинсухан, сўзамол, барваста йигитнинг сўзларига ишонган Г. Жабборова унга 3700 АҚШ долларини бериб, ширин хаёллар оғушида қолади. Аммо кўп ўтмай Г. Жабборованинг ширин хаёллари туман янглиғ тарқаб кетди. Ҳожатбарор С. Собировнинг дабдурустдан йўқолиб қолганидан аёлнинг ичини ит тирнарди.

«Бирни кўриб шукур қил, бирни кўриб фикр қил», деб бежиз айтишмаган. Фирибгарларнинг найрангига учиб, оғзидаги ошни олдириб қўяётганларни кундалик ҳаётимизда тез-тез учратиб турамиз. Лекин баъзида ўзимиз ҳам шу ҳолга тушиб қолишимизни билмаймиз. Тошкентдан уй оламан деб юрган Л. Давронова ҳам С. Собировнинг тузоғига илинган жабрдийдалардан. Уни        1000 АҚШ долларига чув туширган ҳожатбарорнинг кейинги «қурбони» З. Розиқова бўлди. З. Розиқованинг пойтахтдан уй олиш нияти борлигини билган С. Собиров ўзининг ёқтирган усулидан фойдаланиб, уни авраб 1300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини олиб, жуфтакни ростлаган. Ўзгалар ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан даромад орттириб чўнтак қаппайтириш энди С. Собиров учун оддий иш эди, холос.

Кунида синган кўза

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади. С. Собировнинг қармоғига илинган жабрдийдалар оҳ-додини кимга айтишни билмай юрган вақтлар эди. Ҳожатбарор фирибгарнинг эса ўрганган кўнгли ўртаниб қўймас эди.

Кунларнинг бирида С. Собиров тиш оғриғидан азият чекиб шифохонага боради. Шифокор қабулига кирган «ҳожатбарор» суҳбат давомида шифокорга ўзини журналист эканлигини, «£ашқадарё ҳақиқати» газетасида ишлашини айтади. Шифокор яна бир ҳамкасби билан бир зумда фирибгарнинг тузоғига илинади-қолади. Лўттивоз Ш. Раҳимов ва И. Акромовани алдаб, уларга бир неча маротаба газеталарда мақолаларингизни чиқариб бераман деб, сўзларига ишонтиради. Ш. Раҳимовдан 4 миллион 200 минг сўм, И. Акромовадан эса 2 миллион  350 минг сўм пулларини олиб, шифохонадан ҳам тишини даволатиб, ҳам ҳамёнини қаппайтириб чиқиб кетади.

Кўздан ғойиб бўлиш эса С. Собировнинг энг севимли машғулоти эди. Хайриятки, бу сафар фирибгарнинг ортидан «из» қолганди. Жиноятга жазо муқаррар. Найрангбоз ҳам қилмишига яраша жазосини олди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача. С. Собировнинг қочган жойи эса панжара ортигача бўлди.

 

                                                                                                          Лутфулла МАМАРАЖАБОВ,

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди раиси. Қашқадарё вилояти.