Оила бахт маскани бўлиши керак

  • 11:09
  • 04,09-2019
  • 812
  • Улашинг

Инсон, аввало, оилада бахтли бўлади. Ўз уйида ҳаловати бўлмаган одамга бошқа хурсандчиликлар татимайди. Маълумки, миллий қонунчилигимизда ҳам, муқаддас динимизда ҳам оилада тинчлик ва аҳилликни сақлашга катта эътибор қаратилиб, эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари қатъий белгилаб берилган. Ҳар бир оилавий келишмовчиликни тинч йўл билан ҳал этиш, юзага келган муаммони ақл билан бартараф қилиш лозим. Агар муросага келишнинг имкони бўлмаса, катта ҳаётий тажрибага эга инсонлардан маслаҳат, йўл-йўриқ сўраш керак.

Шу маънода айрим оилалардаги эр-хотин, қайнона-келин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Негаки, оиладаги ўзаро келишмовчилик сабабли ўз жонига қасд қилиш, одам ўлдириш, оғир тан жароҳати етказиш каби жиноий ҳолатлар кузатилмоқда. Бу борада ОАВнинг барча тармоқлари орқали хабардор қилиб борилмоқда.

Ўзини жазолаган аёл

Бундан бир ойча муқаддам ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган Навоий вилояти Нурота туманида содир этилган бир мудҳиш воқеа ҳақидаги хабар кўпчиликни қайғуга, ташвишга солгани, ўйга толдиргани аниқ. Маълумотларга кўра, Муниса (исмлар ўзгартирилди) анчадан буён турмуш ўртоғи Равшан билан ўзаро келиша олмаганидан асабий бўлиб қолган. Кейинги пайтлардаги узлуксиз уруш-жанжаллар сабаб оилада меҳр-оқибат, хотиржамлик кўтарилгани, эри билан ҳеч бир муросага кела олмаётгани унга кучли руҳий зарба бўлаётганди. У ҳар гал эри билан уришиб, ундан калтак еганида жанжаллардан безиб кетганидан кўнглида қандайдир туйғу ғалаён кўтарарди, ғазабдан бутун вужуди ўртанарди. Эрига кўзи тушганида кўнглида нафрат, қасос ҳисси уйғонарди.

Муниса шундай жанжалларнинг биридан сўнг ортиқ бундай яшай олмаслигини англади. Эридан қасд олишни режалаштирди. У сабрсизлик билан атрофга тун чўкишини кутди. Бир муддат хаёлидан шу пайтгача тортган азоблари, изтироблари, ғам-ташвишлари ўтди. Боягина қаттиқ калтаклаб, энди ҳузур қилиб ухлаб ётган эрига ғазаб билан бир пас тикилиб турди-да, сўнг ташқарига чиқди. Бироқ ичидаги аллақандай бир овоз «Айни пайти, ўлдир уни!» дегандек қасосга ундайверди.

Муниса эс-ҳушини йўқотган кўйи қўлига болтани олди. Уйга шахт билан кириб, эрининг боши, бўйни ва кўкрагига зарб билан болта урди. Равшан тўсатдан келиб тушган тиғ оғриғидан жонҳолатда бақирди. Ўғлининг ингроқли овозидан Ботир ака хонага отилиб кирди. Қараса, Равшан қонга беланиб ётарди.

Муниса қонга бўялган қўлларини кўйлаги этагига артиб, қўрқувдан титраб борарди. У ҳозиргина эрини ўлдириб қўйганини ўйлаб, қилмишидан гангиб қолганди. Яхшиям, опаси шу маҳаллада яшайди. «Ҳозир уникига бориб бекинаман», деб ўйлади. Бироқ нима гаплигини опасига ҳам айта олмаслигини ўйлаб, хаёллари ҳар томонга тўзғиб, нима қилишини билмай довдиради. Пешонасига уриб, қисматини қоралади. Юзларини аччиқ кўзёш ювди. Руҳини ваҳимали ўйлар эгаллади. Опасига қўшни бўлган ҳовли ёнидан елдек ўтиб бораркан, ногаҳон оғилхонага кўзи тушди. Гўё бир чора топилгандек, ичкарига қараб юрди. Оғилхона деворига қоқилган қозиқда осилиб турган арқонни қўлига оларкан, юраги орқага тортиб кетди. Бошини кўтариб, шифтга қараркан, ўзига шу жазони лойиқ деб билди...

Ҳаёт – бебаҳо неъмат

Шу ўринда айтиш лозимки, ҳаёт инсонга Яратган томонидан берилган энг буюк неъмат. Унинг нафақат ўзгалар ҳаётига, ҳатто ўз жонига қасд қилишга ҳам ҳаққи йўқ. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам таъкидланган. Бундан англанадики, инсон ўзини ўлдириши мумкин эмас. Фоний ҳаётда бошидан ҳар қандай қийинчилик ўтса ҳам, на бировни ва на ўзини ўлдириши қатъиян тақиқланади. Бу ҳам гуноҳ, ҳам ношукрлик ҳисобланади.

Ҳозирги тезкор ва мураккаб замон оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш, ҳудудларда кам таъминланган ва нотинч оилаларни аниқлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, манзилли профилактик тадбирлар ўтказишни тақозо этмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ҳудудий профилактика инспекторлари, хотин-қизлар кенгашлари, кенг жамоатчилик ўзаро ҳамкорликда аҳоли, жумладан, оилаларнинг яшаш тарзи, муаммолари билан қизиқиб, лозим бўлганда, ёрдам берса, ҳеч ким бефарқлик ва лоқайдликка берилмаса, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олди олинади.

Гулсум ШОДИЕВА,

журналист.