Жонивор эгасини топди

  • 09:08
  • 13,08-2019
  • 53
  • Улашинг

Болтабой бозорга олиб борган сигирини беш миллион сўмга сотди-да, рўзғорга у-бу нарса харид қилиб уйига келди. Сигирнинг яхши нарх сотилганидан хотини ҳам роса хурсанд бўлди. Хуллас, миллионларга эга бўлган Болтабой пулни сандиққа жойлаб, хотини ва кичкинтойини олиб, укасиникига жўнади. Тўйдан қайтгач, сандиқни очиб қараса, пул жойида йўқ эди. Эр-хотин ўйлаб, бир қарорга келиша олмагач, профилактика инспекторига хабар қилишди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, тергов-тезкор гуруҳи ходимлари етиб келди. Шу пайтгача бировга ёмонлик қилмаган Болтабой ҳамда унинг беозоргина хотини ҳеч кимдан гумон қилмаслигини айтди.

Деразадан тушиб, пулни олиб кетган ўғри ниҳоятда пухта режа асосида иш кўрган эди. Ўғирлик содир этилган хонадонда на бармоқ излари қолган, на бир далилий ашё. Хўш, ўғри ким? Бу савол тергов-тезкор гуруҳи ходимларини жиддий ўйлантирди. Вақт алламаҳал бўлса-да, гуруҳ раҳбари ходимларга топшириқ бера бошлади. Шу пайт тўсатдан эшакнинг ҳанграгани эшитилди. Болтабой бир сапчиб тушди-да, ташқарига отилди. Унинг безовталанганидан ҳайрон бўлган профилактика инспектори ҳам Болтабойга эргашди. Қарашса, уй олдидаги симёғочда эшак боғланиб турарди. Ҳеч нимага тушунмаган профилактика инспектори Болтабойдан сўради:

 – Нима гап ўзи? Нега бунчалик безовталаняпсиз?

 – Кўчамиздагиларнинг биронтасида ҳам эшак йўқ эди, – ҳайрон бўлди Болтабой. – Ярим кечаси бу эшак қаердан келиб қолганига тушунмай турибман.

 Бу гапни эшитган тергов-тезкор гуруҳи раҳбари бироз ўйланиб турди-да, эшакни ечиб юборишни буюрди. Жонивор кўча бўйлаб катта йўлга чиқди-да, тўғри қўшни қишлоқда яшовчи Эшмат олғирнинг уйига борди. Эшагининг овозини эшитган Эшмат суюнганидан ташқарига югурди. Ҳовлида эса уни ички ишлар органлари ходимлари кутиб туришарди.

  Чорасиз қолган Эшмат олғир Болтабойнинг сигирини сотиб олганлигини, кечқурун эса уларнинг уйида йўқлигидан фойдаланиб, сандиқдаги пулни ўғирлаганини тан олди...

                           

Худойберган ЖАББОРОВ,

«Роstdа» мухбири.