Шароитлар замонга мос

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 394
  • Улашинг

– 1989–2000 йилларда Тошкент вилояти ИИБга қарашли кичик бошлиқлар ва оддий таркибнинг дастлабки тайёргарлик ўқув йиғини, яъни ҳозирги ИИВ Ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш Олмалиқ шаҳар марказида бошлиқ лавозимида ишладим, – дейди истеъфодаги полковник Абдумажид Шодиев. – Ўша даврда 1 нафар катта ўқитувчи ва 5 нафар ўқитувчи билан атиги 50 нафар ёш ходимни касбга дастлабки тайёрлардик. Мутахассислар йўқлиги сабабли номигагина ўтиладиган дарсларда тингловчилар хизматга оид бирор нарсани ўргана олмасди. Чунки ҳеч қандай шароит, ўқув қўлланмалари, ҳатто спорт иншооти ҳам йўқ эди.

Шарт-шароитлар яратиш мақсадида бормаган идорам қолмаганди. Ёпиқ эшиклар ортида соатлаб тик турганман. Шундай кунларнинг бирида раҳбарият келиб, хизматларимга «раҳмат» дейишди ва тўн кийдириб, нафақага кузатишди. Шу кундан бошлаб, 2015 йилгача бу даргоҳга келмагандим.

Бир куни фарзандларим марказга чақиришаётганини айтишди. Бу ерга келиб, тўғриси, ҳайратдан лол қолдим. Ўзим ўн бир йил раҳбарлик қилган, қолаверса, 1972 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ўқув марказини таниёлмай қолдим. Тингловчиларнинг касб сирларини мукаммал ўзлаштириши учун яратилган шароитларни кўриб, «офарин, қилса бўларкан-ку!» деб юборибман.

Бошланғич тайёргарликдан ўтаётган ёшлар билан бўлган учрашувда уларнинг шижоати, танлаган касбига муҳаббатини кўриб, шундай ёшларимиз сафи кўпайса, Ватанимиз осмони доимо мусаффо ва биз ҳеч кимдан кам бўлмаслигимизга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим.

Саксон ёшни қоралаётган истеъфодаги полковник Абдумажид Шодиевнинг айтганича бор, у кишидан кейин тайинланган бошлиқлар ҳам ўқув марказини замон талабига мослаштираман, дея югуриб-елиб ҳеч нарсага эриша олмаганини бугун сир тутиб бўлмайди.

Аммо бу маскандагиларнинг йиллар давомида қалбини ўртаб келган муаммо, бошқа соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органларида ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли барҳам топди. Вазирлик раҳбариятининг хусусан, Кадрлар бош бош­қармасининг қўллаб-қувватлаши, зарур маблағ ажратиши натижасида дастлаб ўқув хоналари, ётоқхона, спорт зали, ошхона кабилар босқичма-босқич энг сўнгги русумдаги замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Айни пайтда бу ерда фаолият олиб бораётган ахборот-ресурс маркази моддий-техника базасининг бойлигидан ҳайратланишингиз, шубҳасиз. Чунки унда замонавий компьютер жамламаларидан тортиб,
4 мингдан ортиқ барча турдаги китоблар, ўқув қўлланмалари мавжуд: тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар ёки касбга оид ҳар қандай ечимни шу жойдан топишади. Шу боис куннинг исталган пайтида бу жой  илмга чанқоқ ёшлар билан гавжум.

Ҳар томонлама талабга жавоб берадиган 7 та ўқув хонаси ёш ходимнинг касбга оид дастлабки кўникмаларини шакллантиришга мослаштирилган бўлиб, махсус стенд­лар, зарур қўлланмалар билан бойитилган. Ўтилаётган ҳар бир дарс интерфаол усулда олиб борилади. Бу ёш осойишталик посбонининг нафақат билим ва дунёқарашини шакллантиришга, балки ўзи танлаган соҳани мукаммал ўзлаштиришга ҳам имкон бермоқда.

Ички ишлар органлари ходими ҳар томонлама билимли, дунёқараши кенг, фуқаролар билан мулоқотларда ибрат кўрсатадиган хислатларга эга бўлибгина қолмай, жисмонан чиниққан, жиноятчиларга тўқнаш келганда, уни зарарсизлантирадиган даражада чаққон ва чапдаст бўлиши керак. Ҳукуматимиз ва вазирликнинг эътибори туфайли ўқув марказида ана шу жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилган. Ёшлар асосий машғулотлардан ташқари, бўш вақтини махсус спорт зали, стадион ва бошқа чиниқиш майдонларида руҳий жанговарликни оширишни канда қилишмайди. Муҳими, шуғулланиш учун яратилган шароитлар ҳар қандай кишини ўзига жалб қилмасдан қолмайди. Ваҳоланки, яқин-яқинларгача ҳам спорт залию, стадионлар зарур анжомлар йўқлигидан ҳувиллаб ётарди.

– Фарзандим Анваржон Аҳмедов мазкур ўқув марказига уч ой аввал келганди. Битириш арафасида унинг қувончига шерик бўлиш ниятида Фарғона вилоятидан келдим. Асосий тантана бош­ланишидан олдин таълим муассасасида яратилган шароитлар билан танишдик. Таъкидлаш керакки, фарзандларимизга шундай шароит ва имкониятларни яратгани учун ҳукуматимизга мингдан-минг раҳмат.

Бир қанча чет давлатларда ҳам бўлганман. Демоқчиманки, марказда таҳсил олувчиларнинг ётоқхонасига кириб, кўзларимга ишонмадим. Хоналар худди хориж меҳмонхоналаридек бири-биридан гўзал жиҳозланган. Ўқув хоналари ва бошқа шароитларни кўриб, шундай давлатда яшаётганимизга шукроналар айтдик, – дейди марказни яқинда битирган ёш ходимнинг онаси Зулфияхон Аҳмедова.

Дарҳақиқат, эндиликда умумий ётоқхоналар бўлмаларга ажратилган, замонавий юмшоқ мебеллар, телевизор ҳамда бошқа зарур ашёлар билан жиҳозланган.

Ўқув биносининг ташқи ва ички томонлари ҳар томонлама талаб даражасига келтирилгач, тасарруфдаги майдонни ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мавжуд
2,9 гектар майдонда мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди: ташландиқ бўлиб ётган ерларга ишлов берилиб, бод­ринг, помидор, ошқовоқ, булғор қалампири сингари сабзавот ва полиз экинлари экилди. Ерга меҳр берилса, у ўз саховатини аямаслигини эндиликда ўқув юртидаги доимий ва ўзгарувчан шахсий таркиб дилдан ҳис қилмоқда. Гап шундаки, ўзлари экиб, парваришлаган маҳсулотлар кундалик эҳтиёж­га яраяпти. Ҳосилга кирган мевалардан эса чанқовбости ичимликлар тайёрланиб, дас­турхонга тортиқ қилинмоқда, ортгани қиш мавсумига ғамлаб қўйилади.

– Уч ойда бир ташкил этилаётган ўқув жараёнлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида фақат дарсликлар билан чекланишдан воз кечиб, кўпроқ устозлар томонидан тайёрланаётган қўлланмаларга таяняпмиз ва бу дастлабки босқични ўтаётган бўлажак ходимларнинг хизматда мустаҳкам кўникма ҳосил қилишида муҳим ўрин тутяпти, – дейди марказ бош­лиғининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари, майор Хуршиджон Акмалов. – Соҳавий хизматлар, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ шаҳар филиалидан тажрибали мутахассисларни жалб этаётганимиз ҳамда ўқув жараёнларининг туман ва шаҳар ИИБларидаги амалиёт билан чамбарчас олиб борилаётгани мақсадга эришишимизда қўл келмоқда.

Шахсий таркибнинг билим ва тажрибасини янада мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг малакасини ошириш ҳамда жойларга хизмат сафарларига юбориб, ўқув курсларига келаётган ходимларнинг қайси жиҳатларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги ўрганилиб, дарс­ларни ўтиш пайтида қўлланилмоқда. Шунингдек, марказни битириб кетганларнинг хизматлардаги фаолиятини таҳлил қилиб бориш йўлга қўйилди.

Хулоса шуки, давлатимиз осойишталик посбонларининг заҳматли ва беминнат хизмати қанчалик масъулиятли эканлигини ҳисобга олиб, уларнинг ҳар томонлама мукаммал, эл-юрт учун фидойи бўлиши, танлаган касбига чин дилдан ихлос қўйиб, фуқаролар ишончини оқлаши йўлида барча шароитни яратиб бермоқда. Буни ИИВ Ички ишлар органлари ходимларини бош­ланғич тайёрлаш ва  малакасини ошириш Олмалиқ шаҳар маркази мисолида кўриш мумкин. Албатта, таълим муассасасида сўнгги уч йилда қилинган ишларга яна тўхталса бўлади. Муҳими бу эмас, балки амалий ишлар рўёб топиб, қанот ёзаётганидадир...

Абдусами ҲАҚБЕРДИЕВ,

«Postda» мухбири.