Ватанда ватанни соғиниб...

  • 13:08
  • 15,08-2019
  • 4413
  • Улашинг

1990 йилнинг қишида Украинанинг Киев шаҳрига бориш имконияти туғилди. Ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси эдик ўшанда. Онда-сонда дадамга эргашиб «Пахтакор»нинг ўйинини томоша қилиш учун Тошкентга келиб кетганимизни ҳисобга олмаса, вилоятдан четга чиқмаган бўз бола учун бу сафар хавотирли бир туйғу уйғотарди. Хуллас, Тошкент аэропортидан «ИЛ-86» самолётига ўтириб ҳавога кўтарилдик. Самолётда учишнинг ҳадисини олган ҳамроҳим — раиснинг ўғли ойнадан булутларни томоша қилиб кетарди. Менинг ҳам қизиқиб аҳён-аҳёнда ойна томонга қараверганимни сезди, шекилли, жойимизни алмаштиришни таклиф этди. Очиғини айтсам, бундай манзарани ҳечам кўрмагандим. Ер сатҳидан бир неча минг метр баландликда, оппоқ булутлар орасида сузиб кетаётгандек эдик гўё. Аслида ҳам шундай. Самолёт булутлар бағрини ёриб, бир маромда учиб борарди...

...Киевда бир ҳафта бўлдик. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдик. Кўп қизиқ воқеаларнинг гувоҳи бўлдик. Аммо ҳозир ёдимга муҳрланган ва ҳалигача ҳайрати мени тарк этмаган бир учрашув ҳақида гапириб бермоқчиман.

Эрталабки нонуштадан сўнг бизни саёҳатчиларга мўлжалланган автобусда шаҳар марказида жойлашган бозорга олиб боришиб, тушгача айланиш учун рухсат беришди. Ўзбекни биласиз, бозор деса, ўзини томдан ташлайди. Бир зумда гавжум бозор ичида шерикларимни йўқотиб қўйдим. Нима бўлса бўлар, дедим-да, мен ҳам имкониятдан фойдаланиб уйдагиларга совға-салом харид қилиш ниятида бозор айландим.

Бозор ҳамма юртда ҳам бозор экан-да. Бир зумда сотувчиларнинг харидорларни чорлаётган бақир-чақирлари орасида қолиб кетдим. Расталарни айланиб юрарканман, бир четда уч-тўрт жуфт эркаклар шимини тутиб турган аёлнинг менга тикилиб турганини илғадим. У ҳам буни сезди чоғи, жилмайиб мен томонга юрди.

— Из Ташкента, да, — деди аёл ёнимга келиб.

— Да,— дедим ажабланганимни яширолмай.

— Буни дарров пайқадим, — жилмайиб ўз тилида давом этди аёл. — Мен ҳам Ўзбекистонда туғилганман. Сирдарёни биласанми, Гулистон... Гулистон...

Аёлнинг кўзлари яшнаб айтган бу сўзларидан кейин ўзим ҳам ҳаяжонланиб кетдим. Негаки, Тошкент, Ўзбекистон қанчалик азиз бўлса, Сирдарё деганидан кейин ўзимни йўқотиб қўйдим.

— Ҳа, ўзим сирдарёликман, — дедим ҳаяжонланиб.

— Ай, земляк, ай-да, дорогой...— дея аёл мени қучоғлаб, юзларимдан «чўлп-чўлп» этиб ўпиб олди.

Ростини айтсам, мусофир юртда ўз ватанинг ҳақида бирор сўз эшитиб қолсанг, бошқача бўларкансан киши. Ўзини Наташа деб таништирган бу аёл чиндан ҳам Гулистонда туғилган, бундан бир неча йил олдин тақдир тақозосига кўра оиласи билан ота юртига кўчиб келган экан.

Анча суҳбатлашдик. Лекин бир гап хотирамда ҳамон сақланиб қолган, эсласам, ҳозир ҳам фахрланиб кетаман.

— Ўзбеклар билади, меҳмон келса ё уй бекаси ё хонадон вакилларидан бири эшик очиб кутиб олади. Ҳозир бу ерда айрим танишларимникига борсам, аввал унинг ити билан «кўришиш»га тўғри келади. Айт-чи, ўзбекларнинг кундалик ҳаётидаги шу оддий ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Йўқ, буни ҳеч қачон, ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Ўзбекистонда туғилиб-ўсиб шу нарсага амин бўлдимки, улар ҳатто хушламаган одамига ҳам бир пиёла чой узатиб, эъзоз кўрсатади. Ўзбекларга хос бундай бағрикенгликни бошқа ҳеч қаерда учратмадим.

Унинг гап-сўзлари, ўзини тутишидан шуни англадимки, Ўзбекистонни соғинган. Буни ўзи ҳам яшириб ўтирмади:

— Қизиқ бўларкан, ватанда туриб ватанни соғиниб юрибман...

 

Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ.