Эркинлик ҳаммаси мумкин дегани эмас

  • 11:09
  • 09,09-2019
  • 335
  • Улашинг

Одамларга нимадир бўлган. Бугун ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, шундай хулосага келишингиз тайин. Ота ўғлини пичоқлаган, фарзанд отасига қўл кўтарган, аёл боласини пулламоқчи бўлганида ушланган, она жигарбандини ҳожатхонага улоқтирган. Пул илинжида бутун бошли оиланинг ёстиғи қуритилган, ўқувчи қиз эрмак учун дугонасини калтаклаган.

Бундай тошбағирлик, нафрат ва меҳрсизликнинг боиси нимада? Жазо чораларининг енгиллаштирилаётгани сабабми бунга ёки ўнлаб, юзлаб одамлар жонига зомин бўладиганлар кинофильмларда қаҳрамон сифатида талқин қилинаётганими? Пул топиш, ҳеч қачон тўлмайдиган рўзғорни бутлаш дардида чопавериб, бола тарбиясини эътибордан қочирганимиз оқибатидир, балки бу? Кўлами тобора кенгаяётган ҳуқуқий эркинликлар бизни «ҳаммаси мумкин» деган хулосага ундаб қўймаяптими?

Қисқаси, нимадир юз беряпти. Афсусланарлиси, ўша нимадир туфайли бошқаларни ҳимоя қилиши керак бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, хусусан, ҳар қадамда аҳоли билан юзма-юз бўладиган ички ишлар органлари ходимлари баъзида ноқулай вазиятга тушиб қолаётир. Аниқроғи, уларга қаршилик кўрсатиш, куч ишлатиш, фаолиятига халақит бериш, обрўсизлантиришга уринишлар ортган. Аниқ рақамлар тили билан айтадиган бўлсак, биргина Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 20 дан зиёд ана шундай ҳолат қайд этилган.

Чунончи, 2019 йилнинг 2 июнида ижтимоий тармоқларда Тошкент – Термиз йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтган қисмида вазифасини бажараётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига нисбатан ҳайдовчининг норозилиги акс этган видеотасвирлар тарқалди. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшовчи, асли қашқадарёлик киракаш ушбу тасвир орқали ходимнинг фао­лиятини қарийб ноқонунийга чиқариб қўйган. У кўчма радар қонунга зид ўрнатилгани, ҳудудда «Радар» белгиси йўқлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимининг хизмат гувоҳномаси ҳамда фоторадарга тегишли ҳужжатда камчилик борлигини иддао қилган.

Бу жараёнда унинг «муваффақият»ини йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимининг рус тилини яхши билмаслиги таъминлаган. Яъни, ходим ўзига ва фойдаланувидаги ускуналарга тегишли ҳужжатларни кўрсатаяпти-ю, бироқ ҳақлигини рус тилида исботлаб беришнинг уддасидан чиқмаган. Тан бериш керак, «томоша» муваффақиятли уюштирилган.

Ушбу ҳолатни атрофлича ўрганганлигим сабаб иккиланмасдан айта оламанки, ҳайдовчининг гаплари мутлақо нотўғри. «Радар» йўл белгиси ўрнатилган. Ходим ва унинг кузатувидаги ускунага доир ҳужжатлар жойида бўлган. Энг қизиғи, ҳайдовчини ҳеч ким тўхтатмаган, аксинча, киракаш шахсий «суриштирув» ўтказиш йўли билан ходимнинг фао­лиятига халақит берган, ёлғон иддаолари акс этган «ижод маҳсули»ни ижтимоий тармоқларга жойлаб, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари обрўсини тўкишга уринган.

Шу ўринда айтиш керакки, ушбу киракаш сўнгги 7 ой давомида 7 марта тезликни белгиланган меъёрдан ошириш билан боғлиқ қоидабузарлик содир этиб, яхшигина жарима тўлаган. Айнан жарима алами уни ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот тарқатишга чоғлантирган бўлса, ажаб эмас.

Яна бир мулоҳаза, ҳеч кўз олдингизга келтира оласизми, Россия, Германия, АҚШ ёки бошқа бирор давлат полицияси ходимига ўзбек тилида мурожаат этишни? Кейин бу мулоқотни ижтимоий тармоққа жойлаштира олармидингиз? Агар шундай қилсангиз, дарров қайси заминда эканлигингизни ёдингизга тушириб қўйишарди, шундай эмасми? Фик­римча, давлат ҳокимияти вакилига давлат тилида мурожаат қилиш керак. Бу билан бошқа мамлакат тилини билмасликни ютуқ дейишдан йироқман. Аммо юртимизнинг номи Ўзбекистон эканлигини ҳеч қачон унутмаслик зарур. Ҳалиги киракашга келадиган бўлсак, у ўзбек тилини ҳам яхши билади, чунки бу тил унинг она тили.

 2019 йилнинг 10 июнь куни Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозори қаршисида хизмат вазифасини бажараётган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимини маст пиёда дўппослаган. Бу воқеа сабаб ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилди. Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрининг Қассоблик маҳалласида яшовчи фуқарога йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимида бодикамера йўқлиги ёқмаган. Тан олиш керакки, мазкур вазиятда ходим ўзини ҳимоялай олмаган. Ҳайдовчилар эса жанжалга аралашмаган, бир қисми томошабинлар қаторидан жой олган, бошқалари йўлида давом этган.

 Шунчалар лоқайд бўлиб кетдикми? Туну кун иссиқ-совуқ демасдан, йўлларда ҳаракатни тартибга соладиганларнинг хизмати шундай муносабатга лойиқми? Айтганча, бу ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаро қилмишини «Ўзимни билмайдиган даражада маст эдим, нима қилганимни эслай олмайман», дея изоҳлади.

2019 йилнинг 11 июнь куни соат 21:20 да Зарбдор туманида тўрт нафар ички ишлар органлари ходими «Зил-130» русумли автомашинасида 8 қоп ғалла бўлган ҳайдовчини тўхтатди. Зарбдор тумани «Тошкесган» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи бу фуқаро буғдойни фермердан меҳнат ҳақи сифатида олганлигини айтди. Ходимлар фермер режани бажармагунча ғаллани олиш мумкин эмаслигини тушунтиришларига қарамасдан, буғдойни қайтаришдан бош тортди. Шундан сўнг тегишли тартибда чора кўришга киришган ходимларга қаршилик кўрсатиб, икки нафарига тан жароҳати етказади, бирининг кийимини йиртади.

2019 йилнинг 15 июнь куни соат 24 дан ўтганида профилактика инс­пектори Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов хиёбонида тўрт нафар фуқарони учратди. Улардан бири пиво ичаётганди. Инспектор жамоат жойида спиртли ичимлик истеъмол қилиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини тушунтириб, баённома расмийлаштириш мақсадида ўзи билан бирга таянч пунктига боришини сўрайди. Қоидабузар қонуний талабга бўйсунмагач, ходим унинг хатти-ҳаракатларини уяли алоқа воситасида тасвирга ола бош­лади. Шундан сўнг­гина фуқаро боришга рози бўлди, бироқ йўлда ходимнинг уяли телефонини синдириб, бўйни ва қўлига жароҳат етказди.

Мақоламизда тафсилотлари келтирилган қонунбузарликларни содир этганларга нисбатан тегиш­ли жазолар тайинланди ёки энди та­йинланади. Шу боис уларнинг қонун­бузарликка қайта қўл урмасликларига ишонамиз. Аммо бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар акс этган видеоматериалларнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилиши кимларнидир ана шундай безорилик ва «машҳур»ликка руҳлантириши ачинарли. Бу фикр­лар билан ички ишлар органлари ходимларининг ҳеч бири қонун доирасидан четга чиқмайди, деган фикрдан йироқмиз. Ҳамма соҳалардаги сингари, бу тизимга ҳам адашиб кириб қолганлар бор. Баъзида малака, тажриба, салоҳият етишмаслиги, айрим ҳолларда, нопок­лик ички ишлар органлари ходимлари обрўйига путур етказаётгани ҳам бор гап.

Аммо мазкур жиҳат ҳеч кимга тизим вакилларининг фаолиятига халақит қилиш, қонуний талабига бўйсунмаслик, ижтимоий тармоқлар орқали обрўсини тўкиш ваколатини бермайди. Агарда қайсидир қонун посбонининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлсангиз, тегишли органларга мурожаат қилиш энг тўғри йўл эканлигини унутманг. Ички ишлар органлари ходими хатога йўл қўядиган бўлса, тегишли тартибда жазога тортилиши аниқ. Шу маънода бугунги ҳуқуқ-тартибот посбони ҳар жиҳатдан профессионал бўлиши шарт.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Жиззах вилояти.