«От миниб қўй боқаётганлар» ёхуд сиз кимларни танлаяпсиз?

  • 10:08
  • 14,08-2019
  • 66
  • Улашинг

 

«Сариқ матбуот» нашрларига газетхонлар ўзларининг маиший муаммолари ҳақида ёзиб маслаҳат сўраб туриши бугун пайдо бўлган эмас. Шунингдек, интернет тармоғидаги маслаҳат сўрашлар, телевидениедаги шу йўналишдаги кўрсатувлар ҳам деярли сийқаси чиқиб, кўникиб қолинган ҳоллар ҳисобланади. Бундай вазиятда маслаҳат берувчилар руҳшунос ёки шунга яқин ваколатга эга эксперт, ҳеч бўлмаса, соҳа мутахассиси бўлганида ҳам бошқа гап эди. Аммо, афсуски, бугун айрим можароли вазиятларни ечиш учун фикр билдираётган экспертларимизнинг, аксар пайтларда эса маърифий дастурлар ҳайъат аъзоларининг савия даражаси кишини ўйга толдиради...

«Мен алдайман, кўнглинг алдамайди»

Яқинда ҳафталик нашрлардан бирида маслаҳат сўраб ёзилган бир мактубга кўзим тушди. Хатда кўтарилган масала нотаниш эмас. Қисқаси, муаллиф – ўсмир ёшдаги қиз бир йигит билан қаттиқ севишишаркан. Бироқ йигитнинг оиласини қизнинг оиласидагилар хушлашмабди-ю, қизни бошқага унаштиришибди. Энди қандай йўл тутишни билмай хат муаллифининг боши қотган.

Бир қарашда кинофильмларда кўп «чайналган» сюжетни эслатади-я? Тўғрисини айтиб қўя қолай: аввало, мактубда битилган гапларнинг мавжуд муаллиф томонидан ёзилганига шубҳа қилдим, яъни, ўқувчиларнинг эътиборини жалб қилиш учун хатни таҳририятдагиларнинг ўзлари тўқиб ёзмадимикин, деган гумонга бордим. Бордию, мактуб ҳаққоний бўлса, умрининг нозик пиллапоясида турган қизга қийин бўлгани, қолаверса, бир эмас, бир нечта оиланинг тинчлигига путур етиши кутилаётгани ҳақидаги хаёллар мени ташвишга солиб қўйди. Аммо нашрнинг ўша саҳифаси муаллифи афтидан бундай ташвишли ўйлардан йироқ эди. Унинг мактуб муаллифига маслаҳат ўрнида айтган жимжимадор гаплари кишини ўсал қилади: «Кўзларингизни бир зумга юминг-у, кўнглингизга қулоқ солиб кўринг. Кўнглингиз сизни ҳеч қачон алдамайди!..»

Эътироф топмаган рекорд

Шу ўринда қайси бир йили, янги йил арафасида телевидение орқали кўпчилик кўрган, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда танқидга ҳам учраган «Индиго» кўрсатувини бир бор эслашни лозим топдим. Ёдингизда бўлса, айнан янги йил арафасида интеллекти туғма юқори бўлган болаларни аниқлайдиган бу кўрсатувнинг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоятидан бир бола иштирок этди. У ҳамманинг кўз ўнгида ҳеч қандай технология ёрдамисиз 2 ва 3 хонали сонни 5 хонали, 5–6 хонали сонни 2–3 хонали сонларга кўпайтирди. Сўнг 7–8 хонали сонларни ҳам хотира кучига таяниб, тез ва осон кўпайтириб бера бошладики, таниқли хонанда бошчилигида телекўрсатувга ҳакамлик қилаётган уч нафар шоу бизнес вакилларидан иборат ҳакамлар калькулятор ёрдамида ҳам бола билан тенг мисол ечишга улгура олмади. Кейинчалик маълум бўлишича, бола аслида айни шу паллада жаҳон рекордини норасмий равишда янгилашга эришиб бўлган экан!

Ниҳоят, ғайритабиий қобилият эгаси бу даражага қониқмасдан 9 хонали сонни 1 хонали сонга кўпайтириши учун ҳакамлардан рухсат сўради. Бола ўз онгига таяниб бажараётган арифметик амалларнинг тўғри-нотўғрилигини калькулятор билан аниқлаб келаётган ҳакамлар эса энди бироз мушкул вазиятга тушиб қолди. Чунки, афсуски, 9 хонали сонларни калькулятор ёрдамида кўпайтиришнинг имкони йўқ экан...

Ачинарлиси, телекўрсатув «ҳакамлари» жаҳон рекордини норасмий равишда янгилаган, мукаммал ахборот технологиясини ортда қолдирган зеҳнли боланинг ўрнига раққос болакайнинг интеллектини юқори дея эътироф этишди...

«Эрингиз эркакми, ўзи?!»

Ижтимоий тармоқдаги гуруҳда ўзгалардан маслаҳат сўраган келиннинг мурожаатида айтилишича, оила қурганига тўрт ой бўлибди. Қайнонаси уни тўй-ҳашамларга олиб бормас, қизлари билан бирга кетса ҳам, келин индамай чидаб келмоқда эмиш. Аммо расман эрининг номида бўлган ҳовлини сотиш, оила аъзолари эса «дом»га кўчиши ҳақида гап чиқиб қолибди-ю, келин бунга тоқат қила олмабди. «Энди мен қандай йўл тутай?» дейилганди ўша мурожаат якунида.

Кўриб турганингиздек, уқувсизлик ила ёзилган мурожаатдан вазиятни тўла англашнинг асло имкони йўқ. Хатни ўқиб сиз каби менда ҳам «Ҳовлининг сотилишини айнан ким истаяпти?», «Нега тўсатдан шуни истаб қолишди?», «Қайнона билан қайнота кейин қаерда яшамоқчи?» сингари саволлар туғилди. Аммо негадир мурожаат юзасидан фикр билдираётганларни бундай саволлар сира қизиқтирмас, деярли ҳамма ўзини келинчакка ҳамдард санаб, уни эри ва қайнонасига қарши қайрамоқда эди. Ахир, муаммонинг туб моҳиятини яхши англашга улгурмасдан «Эрингиз эркакми, ўзи, нега ўз номидаги уйнинг сотилишига йўл қўйиб беради?!» ёки «Кўриниб турибди, аввалбошдан қайнонангизга бўш кетибсиз...» қабилидаги «маслаҳат»ларини бошқа қандай баҳолаш мумкин?

Хулоса ўрнида

Гапни мухтасар қилишдан олдин бир кўҳна шарқ ривоятини келтириб ўтиш ўринли, деб ўйладим. Ўша ривоятда одамлар чўпон йигитдан «Сени қози қилиб сайласак, нима қиласан?» деб сўраганида, йигит «От миниб қўй боқаман» деб жавоб беради. Бу ерда кимнинг устидан кулишни билмайсан: ҳаётни қўй боқишдан иборат деб биладиган фикри тор чўпоннингми ёки бундай чўпонни ўзларига қози қилишга уринган нодон одамларнингми?!

«Сариқ матбуот» доирасидаги нашрлардан илтимос қилардим: сизнинг карнайчидан битта «пуф» дегандай ҳар хил вазиятлар юзасидан ўйламай-нетмай билдираётган бемулоҳаза мулоҳазаларингизни деб кимнингдир, аниқроғи, кимларнингдир ҳаёти остун-устун бўлиб кетмасин!

Теледастурлар муаллифларидан илтимос қилардим: дастурингизга таклиф қилаётган эксперт ва ҳайъат аъзоларингиз савияси ҳамда касбий вазифасига эътиборли бўлсангиз!

Яна интернет тармоғида дардини дастурхон қилаётганларга ҳам айтар гапим бор: ҳар бир маданиятли инсон учун муқаддас саналмиш шахсий ҳаётингизни кимлиги ва асл мақсади, энг ачинарлиси, хулқи номаълум бўлган аллакимларга эрмак қилдириб қўясиз-у, ён-атрофингиздаги катта ҳаёт тажрибасига эга ишончли одамлар билан фикрлашишга нега ор қиласиз?! Бу билан сиз ўзингиз ва оилангизни ҳақорат қилдириб қўймаяпсизми?.. Ўйлаб кўринг, илтимос.

 

Байрам АЛИ.