Ўксик қалбларга қувонч улашиб

  • 18:09
  • 09,09-2019
  • 322
  • Улашинг

Ўксик қалбларга малҳам бўлиш халқимизга хос олижаноб қадриятлардан саналади. Шу боисдан Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан турли тадбирлар ўтказиш анъанага айланган.

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 100-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ходимлари томонидан турли кўргазмали чиқишлар ва маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ ходимларининг хизмат жараёнида фойдаланиладиган транспорт воситалари: автомашина ва скутер, шунингдек, жанговар қуроллар намойиши болажонларнинг шодон қийқириқларига сабаб бўлди. Мактаб-интернат тарбияланувчилари бундан ташқари, кинология хизмати ходимларининг хизмат итлари ёрдамида хавфли жиноятчини қўлга олиб, қуролсизлантириш бўйича машғулотларини томоша қилишди. Шунингдек, тезкор ҳаракатланиш ва қўлга олиш гуруҳлари ҳамда отлиқ отрядлар ходимларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

– Бундай тадбирларнинг болажонларга хурсандчилик улашишда ўрни катта, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ бошлиғи, полковник М. Алиқориев. – Шу боисдан кўргазмали машғулотларни ҳар йили уч-тўрт марта ўтказиб турамиз. Асосий мақсадимиз – болаларга қувонч улашиш орқали, уларнинг қалбида ватанпарварлик ва юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, эътибордан четда эмаслигини юракдан ҳис этишига ёрдамлашиш.

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри актёрлари томонидан намойиш этилган «Мадагаскар» спектакли ҳамда Ўзбек давлат цирки актёрларининг томошалари ҳам болажонларда катта таассурот қолдирди. Тадбир якунида болажонлар учун байрам дастурхони ёзилиб, миллий таомлар, ширинликлар ва турли ноз-неъматлар тортилди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Содиқ ҲАКИМОВ олган суратлар.