Тоғда йўқолган қизалоқ оиласи бағрига қайтди

  • 13:08
  • 20,08-2019
  • 1172
  • Улашинг

    Жорий йилнинг 17 август куни Жиззах вилояти Фориш тумани Чоштепа қишлоғида яшовчи Замира Қуролова тўрт ёшли қизини йўқотиб қўйганлиги тўғрисидаги хабар барчани сергак торттирди. Чунки тоғ шароитида ёлғиз адашиб қолган болани қандай хавф-хатар кутишини маҳаллий аҳоли яхши биларди.

   Дарҳол тезкор қидирув чораларини кўришга киришган ҳудудий профилактика инспектори, катта лейтенант Дилмурод Раҳматовнинг суриштирувларидан маълум бўлишича, Замира Қуролова чорва молларини боқиш учун тоққа отланаётиб тўрт ёшли қизини ўзи билан бирга олиб кетган. Соат 17.00 лар атрофида анча олислаб кетган қорамолларини қайтариб келиш учун қизини бироз муддатга ёлғиз қолдирган. Қайтиб келгач, уни топа олмаган она фарзандини тахминан икки соат давомида қидирган. Уринишлари бесамар кетгач, профилактика инспекторига воқеа ҳақида хабар беришга шошилган.

   Инспектор зудлик билан қидирувга аҳолини жалб қилиб, белгиланган тартибда Фориш тумани ИИБга вазият юзасидан ахборот берди. Воқеа жойига етиб келган туман ИИБ тергов-тезкор гуруҳи вакиллари қизчани излаш бўйича аниқ йўналишларни белгилаб, фуқаролар билан бирга ҳудудни кўздан кечиришга киришишди. 

   Тунги соат ўн иккидан 20 дақиқалар ўтганида қизалоқни йўқолган жойидан 4–5 километр узоқликдан топишга муваффақ бўлинди. Бир неча соат давомида ёлғиз қолган қизча қаттиқ қўрқиб кетганлиги юз-кўзидан билиниб турарди.

   Айни пайтда оиласи бағрига қайтган Кумушбибининг соғлиғига ҳеч қандай зиён етмаган.   

 — Қизимни йўқотиб қўйгач, анча вақт уни қидирдим. Топа олмагач, хавотирдан ўзимни йўқотиб қўйдим, – дейди Замира Қуролова. – Яхшиямки, тезроқ профилактика инспекторига мурожаат қилишим кераклиги ёдимга тушди. Болам топилгунча ўтган дақиқалар мен учун йилларга чўзилгандек бўлди. Оғир вазиятда ёрдамга келган қишлоқдошларимдан, айниқса, ички ишлар органлари ходимларидан миннатдорман.

   Маълум бўлишича, бола ёлғиз қолганидан сўнг онасини қидириб, боши оққан томонга кетаверган. Шунинг учун уни излаётганларнинг иши янада мураккаблашган.

– Қизчанинг топилишига унинг қўрқиб йиғлаганлиги ёрдам берди. Тоғ шароитида жуда паст овозни ҳам илғашга одатланганман, – дейди уни топиб олган профилактика инспектори, катта лейтенант Дилмурод Раҳматов. – Чунки ярим тунда ҳар қанча ёритиш мосламаларидан фойдаланилса ҳам, қоронғилик имкониятларни чеклаб қўяди. Шу сабабли қидирувга жалб этилган гуруҳ аъзоларига биринчи навбатда ҳар бир овозни диққат билан тинглаш зарурлигини тушунтирдим. Энг катта хавотиримиз тоғда кўп учрайдиган бўрилардан эди. Хайриятки, қизалоққа ҳеч қандай зарар етмасдан топишга муваффақ бўлдик.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Роstdа» мухбири.

Жиззах вилояти.