Она қизалоғини сотмоқчи бўлди

  • 22:06
  • 15,06-2019
  • 1113
  • Улашинг

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТЭҚКББ, Тошкент шаҳар ИИББ ва туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида Тошкент вилоятининг Бекобод туманида рўйхатда турувчи, вақтинча, Авиасозлар 2-даҳасида яшовчи Ў.Т 2018 йил 24 июнь куни туғилган қизини Авиасозлар 2-даҳа 56-уйда жойлашган “Маржон” миллий таомлар ошхонасида Юнусобод туманида яшовчилар  Ш.Ш ва унинг турмуш ўртоғи Т.Хга 4500 АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Босқинчилар ниятига ета олмади

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида босқинчилик жинояти содир бўлди. 11 июнь соат 18:15ларда икки нафар номаълум шахс 10-даҳада яшовчи фуқаро Н.Қга ўзларини кадастр хизмати ходимлари деб таништирди ва уй бекаси эшикни очган вақтида уйга бостириб кириб, уни ўткир тиғли жисм билан қўрқитиб, пул талаб қила бошлади. Бироқ Н.Қ шовқин кўтариб, қўни-қўшниларни ёрдамга чақира бошлагач, босқинчилар воқеа жойидан қочишга мажбур бўлишди.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Р.А ва Чилонзор туманида яшовчи Ш.Шлар содир этганлиги аниқланиб, ушланди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Терговни ИИБ олиб бормоқда.

“Арматура олиб бераман”

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 14 июнь куни туман ИИБ ТБдан тушган ҳужжатлар тўпламига кўра, 2018 йил 25 март куни Янгийўл туманида яшовчи К.М Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи Л.Қга арматура маҳсулотларини олиб беришини ваъда қилиб, 98000000 сўм пулини олиб ваъдасини бажармасдан, пулни ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборганлиги кўрсатилган. К.М ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

 Заргарлик дўконидаги ўғирлик

12 июнь куни Кармана тумани Арҳун маҳалласида яшовчи фуқаро “ADXAM GOLD” хусусий корхонаси раҳбари Б.О Навоий шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилди. У ўз мурожаатида шу йил 10 июнь соат 17:30ларда номаълум шахс Навоий шаҳрида жойлашган буюм бозоридаги ўзига тегишли дўконга ҳаридор сифатида кириб, унинг чалғиганлигидан фойдаланиб, умумий қиймати 170000000 сўмлик турли хилдаги сариқ металдан ясалган заргарлик буюмларини ўғирлаб кетганлигини билдирди.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Наманган шаҳар “Меҳнатобод” МФЙ Баланариқ кўчасида яшовчи, муқаддам судланган М.С содир этганлиги аниқланиб ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.