Қора олтин ишқибозлари

  • 12:06
  • 21,06-2019
  • 995
  • Улашинг

Орамизда шундай кишилар борки, улар давлат ва халқ мулкини ўзлаштириб, текин даромад топишдан асло уялмайдилар. Аммо ҳар қандай қинғир иш куни келиб фош бўлиши, жиноят қилганлар эса муқаррар жазога тортилиши тайин.

Фарғона вилоятининг Қува туманида ана шундай нопок кимсалар – магистраль қувурлардан нефт ўғирлашга уринган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

– Устамонлар магистраль нефть қувурини махсус пармаловчи асбоб ёрдамида тешиб, унга махсус тайёрланган жўмрак ўрнатишади, – дейди туман ИИБ тергов бўлими терговчиси, капитан С. Абдусаломов. – Сўнгра қувурдан умумий баҳоси 10 миллион сўмга яқин миқдордаги нефть маҳсулотларини ўмариб, 136 дона полиэтилен қопга жойлашади. Аммо уларнинг қинғир иши охирига етмай қолди. Туман ИИБ ходимларининг сергаклиги туфайли жиноий гуруҳ воқеа жойида қўлга олинди.

Олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув ишлари давомида ҳодиса жойидан 136 дона полиэтилен қопга жойланган нефть маҳсулотидан ташқари, шланг, белкурак, тасмали қотиргич, омбур, икки дона пичоқ ва бир дона қувватлантирувчи мослама ашёвий далил тариқасида олинди.

Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ.

Фарғона вилояти.