Юракда тоғдайин жасорати бор,касбга садоқатда ҳамиша сардор

  • 09:08
  • 21,08-2019
  • 828
  • Улашинг

Жорий йилнинг 12 августга ўтар кечаси Янгиер шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлди. Ўн учинчи хонадонда истиқомат қилувчи Меҳринисо Бобобекова зудлик билан ёнғин хавфсизлиги хизматига қўнғироқ қилди. Ўт ўчирувчилар етиб келгунга қадар олов турар жой майдонининг катта қисмини эгаллади.

Соат чамаси тунги уч, вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ навбатчиси, катта сержант Сардор Хўжаназаров бақир-чақирни эшитиб, воқеа жойига етиб келди ва ўт ўчирувчилар иккинчи қаватда авж олган оловга қарши курашаётганини кўрди.

– Худди шундай тутунга тўлган бошқа хонадонларда ҳам одамлар бўлиши мумкин-ку, деган фикр мени юқори қаватга кўтарилишга ундади, – дей­ди катта сержант С. Хўжаназаров. – Қоронғида зина аранг кўринарди. Аланга қоплаган иккинчи қават ортда қолди. Учинчи қаватдаги қичқириқ эшитилаётган биринчи эшикни мўлжалга олиб, олдинга илдамладим. Хонадонни қоплаган аччиқ тутун кўришга халақит қиларди. Тахминан пайпаслагандим, кимнингдир бошига қўлим тегди. Уни пастга қандай олиб тушганимни эслай олмайман. Кейин яна зина, яна олов ичида қолган иккинчи қават... Миямда фақат бир фикр ғужғон ўйнарди – тўртинчи қаватдагиларни қутқаришга улгуриш керак. Олов юқори қаватларга ета олмаслигини англаб турардим, негаки, у билан ёнғин ўчирувчилар кураш олиб борарди. Бироқ тутун бу – кўринмас ажал.

– Тез орада у боши халатга ўралган болани кўтариб тушди, – ҳикоя қилади шоҳидлар. – Жуда қоронғи эди. У болани бизга тутқазиб, яна йўлакка кириб кетди. Бироздан сўнг у бир аёлни етаклаб чиқди. Бу йигит одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун уларнинг бошини ўраб олиб чиқар, ўзи ҳақида эса мутлақо ўйламасди.

Катта сержант С. Хўжаназаров юқори қаватдаги хонадонларда ҳеч ким қолмаганига, қутқарилганларнинг ҳеч бири тан жароҳати олмаганига ишонч ҳосил қилгач, тиббий ёрдам олиш учун касалхонага боришга розилик билдирди. Сўнгра қайтиб келиб, навбатчилигини давом эттирди.
У эрталаб навбатчиликни топшириб, соғлиғи ёмонлашгани туфайли касалхонага ётқизилди.

Маълум бўлишича, ёнғин «Шодлик» маҳалла фуқаролар йиғини Шукур Бурҳонов кўчасида истиқомат қилувчи Меҳринисо Бобобекова хонадонидаги электр симда юз берган қисқа туташув туфайли келиб чиққан. Ички ишлар органлари ходимининг бурчга садоқати фожианинг олдини олди. Осойишталик посбони фуқароларимизнинг тинчлик ва осойишталиги ўз Ватанини жонидан ортиқ кўрувчи, пухта тайёргарликдан ўтган ва ҳар нарсага шай ёшларимизнинг ишончли ҳимояси остида эканини исботлаб берди. Унинг саъй-ҳаракати билан йигирма тўрт ёшли Моҳимбону Обидова ва уч ёшли ўғлининг ҳаёти қутқариб қолинди.

С. Хўжаназаров болалигидан осойишталик посбони бўлишни орзу қиларди. Бу истак уни ИИВ Академиясига бошлаб келди. Сардор 2010 йилда Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларини тугатиб, вилоят ИИБнинг турли бўлинмаларида фаолият юритди, чинакамига тобланди. Ўтган йилдан буён эса вилоят ИИБ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида хизмат қиляпти.

У қаерда ишламасин, ҳамиша маҳорат сирларини тез ва пухта эгаллаган, спортга ошно, барча алоқа воситалари, қурол-яроғ, техникадан фойдаланишни яхши билади, шахсий таркиб ўртасида алоҳида ҳурмат қозонган.

Ҳозирда катта сержант Сардор Хўжаназаров Сирдарё вилояти шифохонасида даволаниб чиқиб, ўз хизмат вазифасини давом эттирмоқда.

 

Ўз мухбиримиз.

Фурқат ТОШМАТОВ

олган суратлар.