ИИВ таълим муассасаларида «Академия ёшлари» радиостудияси бир ёшда

  • 10:05
  • 31,05-2019
  • 765
  • Улашинг

Бир йил олдин ИИВ Академиясида «Академия ёшлари» радиостудияси фаолият бошлаган эди. Айни пайтда курсантларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда турли мавзулардаги эшиттиришлар муҳим ўрни тутяпти.

Айтиш жоизки, дунё ахборот маконида воқеа-ҳодисалар кун сайин ўзгаряптики, улардан ўз вақтида бохабар бўлиш давр талабига айланди. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида ҳаётимизни оммавий ахборот воситаларида узатилаётган тезкор хабарларсиз тасаввур этиш қийин. «Академия ёшлари» радиостудияси ҳам курсантларнинг бу борадаги талаб ва эҳтиёжларини тўла қамраб олган. Шунингдек, унинг атрофига иқтидорли ёшлар жамланган. Улар томонидан «Дунё янгиликлари», «Спорт ҳаёти», «Психолог маслаҳати», «Ижод ва илҳом», «Заковат уммони» рукнлари остида туркум эшиттиришлар эфирга узатилмоқда.

– Тезкор хабарлар орқали юртимиз ва жаҳонда юз бераётган янгиликлар билан мунтазам танишиб борамиз, – дейди курсант Гулҳаё Камолова. – Қолаверса, «Менинг фикрим», «Шеърият шайдолари», «Арчазор ҳазиллари» сингари қизиқарли рукнларнинг ташкил этилгани, бўш вақтимиз мароқли ўтишига хизмат қилмоқда.  

Радиостудия фаолиятининг бир йиллигига бағишланган тадбирда сўзга чиққанлар ижодкорлар фаолиятига ижобий баҳо беришди.

Нилуфар АҲМЕДОВА,

лейтенант.