Истиқболли соҳа равнақини кўзлаб

  • 11:05
  • 27,05-2019
  • 1225
  • Улашинг

ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бош­қармасида Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида Хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Маданият, Ички ишлар, Транспорт, Ташқи ишлар вазирликлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, шунингдек, бир қатор қўмита ва ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбирни комиссия раиси, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Ш. Мавлонов очиб, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизга хориждан ташриф буюрган меҳмонлар сони ўтган йилнинг 4 ойига қараганда, жорий йилнинг шу вақтида 42 фоизга ошганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий шартларидан бири юртимизда кўрилаётган хавфсизлик чоралари эканлигига эътиборни қаратди.

Анжуманда кун тартибидаги масалалар юзасидан ИИВ Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, майор Абдурашид Алишеров, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Хавфсиз шаҳар департаменти бошлиғи Улуғбек Куланов ва бошқаларнинг маърузалари тингланди.

Тадбир якунида соҳа ривожида учраётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.

Абу КЕНЖАЕВ олган сурат.