КИЧИК ҚАБРНИНГ КАТТА САБОҒИ

  • 15:07
  • 09,07-2019
  • 461
  • Улашинг

Қарши шаҳридаги қабристонлардан бирида кичкинагина қабр пайдо бўлди. Унда ётган одам 2011 йилда туғилиб, 2019 йилда вафот этган. Бу ёруғ дунёда бор-йўғи саккиз йил яшаган, холос. Ваҳоланки, унинг ҳам олам-олам орзулари бор эди. Унинг ҳам ота-онаси ўқитишни, келажакда катта одам бўлишини ният қилиб юрарди. Бироқ болакайнинг ширин орзулари, ота-онасининг умидлари бевақт тупроққа кўмилди.

Бу қабрнинг бизга берадиган сабоқлари бор. Болакайнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисани ўқир экансиз, ундан қандай сабоқ олиш, қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

...Ота-бола битта корхонада ишлайди. Азим ака (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳайдовчи, ўғли Суннат оддий ишчи. Азим ака юк машинасини ҳайдаб хизмат сафарига кетаркан, ўзига тегишли «Нексия»ни ишхона ҳовлисида қолдириб, калитини қоровулга бериб кетди. Отасининг машинасини бошқариш учун ишончномаси бўлмаса-да, Суннат қоровулдан калитни олиб кўчага отланди. Ҳамкасбларига тушлик олиб келиш баҳонасида машинани елдек учириб кетди.

Хуллас, Суннат машинани катта тезликда бошқариб борар экан, тезлик чекланганини англатувчи белгиларга ҳам парво қилмади. Оқибатда Қарши шаҳридаги Ислом Каримов ва Насаф кўчалари кесишган ҳудудда «Спарк» билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Аслида шу жойда тўхтаб, ҳодиса бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши лозим эди. Аммо у жуфтакни ростлаб қолиш мақсадида газни янада қаттиқроқ босди...

Эндигина биринчи синфга қадам қўйган Исроил эрталаб мактабга кетаркан, ота-онаси йўлнинг чеккасидан юришни, машиналарга эҳтиёт бўлишни, яхши ўқиб беш баҳо олиб қайтишини тайинлаган эди. Кун ярмигача ота-онасининг айтган гапидан чиқмай юрган болакай беш баҳо олганидан хурсанд ва кечқурун отасини ҳам хурсанд қилишини ўйларди. Ниҳоят, дарслар тугаб уйга қайтадиган вақт бўлди. Ўқитувчи болаларни сафлаб ташқарига олиб чиққач, ўзи катта йўл ёқасида қизил байроқча кўтариб турди. Бу ишорадан сўнг машиналар қатнови ҳам тўхтади. Ўқувчилар бирма-бир катта йўлни кесиб ўта бошлади. Каттагина сумкасини елкасига осиб олганча Исроил ҳам йўлнинг бир томонидан ўтиб олди. Иккинчи томоннинг қатнов қисмига чиққан ҳам эдики...

Ҳаммаси бир зумда, кўз очиб юмгунча содир бўлди. Болакай шу йўл бўйида умри якун топишини, орзулари армонга айланишини, беғубор қалби беғуборлигича абадий тин олишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. У бақиришга ҳам, оғриқни ҳис этишга ҳам улгурмади.

Суннат болани машинаси билан уриб юборганидан кейин тўхтаб ҳам ўтирмади. Тезликни ошириб воқеа жойидан ғойиб бўлди.

Ўқитувчилар ярим очиқ қолган кўзларида икки томчи ёши қотиб қолган Исроилни бағрига босганча фарёд чекишарди. Болани йўловчи машинада шифохонага олиб боришди. Минг таассуфки, кўрсатилган тиббий муолажалар кор қилмади.

Ички ишлар органлари ходимларига Суннатни қўлга олиш қийинчилик туғдирмади. Гувоҳлар, жабрланувчининг қонуний вакили тингланди. Суннат айбига пушаймонлигини, кечиришларини сўради. Азим ака ҳам ўғли хато қилганини таъкидларкан, унга қонуний енгиллик беришларини илтимос қилди.

...Қарши шаҳридаги қабристонда пайдо бўлган кичкина қабр, бизга ҳаёт ўткинчилигини, ўлим фурсат ва ёш танлаб ўтирмаслигини англатиш билан бир қаторда, жамиятда ўрнатилган қонун-қоидаларга риоя этиш турли аянчли воқеаларнинг олди олинишида омил бўлишини ҳам ўргатса ажабмас.

Ортиқ ҲАМИДОВ,

капитан.

Қашқадарё вилояти.