Саломатликлари кўрикдан ўтказилди

  • 11:05
  • 13,05-2019
  • 46
  • Улашинг

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ИИВ тизимида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ички ишлар органларида хизмат қилган фахрийлар ва уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш яхши анъанага айланган.

Байрам арафасида вазирлик Тиббиёт бошқармаси вакиллари бир гуруҳ уруш фахрийларининг хонадонларида бўлди. Улар билан дилдан суҳбатлашиб, саломатликлари кўрикдан ўтказилди.

– Илгари кексаларнинг ички аъзолари ҳолатини тўлиқ ташхислаш учун уларни, албатта, тиббиёт муассасасида стационар ша­роитда текширувдан ўтказиш лозим бўларди. Бугунги кунда замонавий портатив ускуналар ёрдамида бу жараён уларни ортиқча уринтирмасдан, хонадоннинг ўзида амалга оширилиши мумкин, – дейди ИИВ Тиббиёт бошқармаси бўлим бош­лиғи, подполковник Моҳира Позилхонова.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида истиқомат қиладиган уруш фахрийси Тожибой бобо Азизов бу йил 97 ёшни қаршилади. Суронли уруш йилларида фашизмга қарши жангларда иштирок этган бу инсон бугун невара-эваралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Мудом тинчлик улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб, бугунги осойишта кунларнинг қадрига етмоқлик кераклигини уқтирадиган Тожибой бобо ўзи каби уруш фахрийларини алоҳида эъзозлаб, қўллаб-қувватлаётган давлатимиз раҳбарига ўзининг самимий миннатдорлигини билдирди.

Махсус тиббий ускуналар билан таъминланган шифокорлар ҳар бир уруш фахрийсининг хонадонида бўлиб, уларнинг саломатлигини кўрикдан ўтказди. Аниқланган муаммолар бўйича тегишли муолажалар олиш бўйича кўрсатмалар берилиб, зарур дори-дармонлар тарқатилди.

Санжар ҚУРБОНМУРОТОВ.