ВАТАН ДИЙДОРИ нигоҳларда чақнар табассум

  • 12:06
  • 10,06-2019
  • 466
  • Улашинг

«Уларни Ватанга олиб келиш жуда қийин бўлди. Қанча давлатлар билан гап­лашдик. Самолётни у ёққа қўндириш, террористларнинг қўлидан олиб чиқиш осон эмас. Лекин қайтардик — нима бўлгандаям улар бизнинг ватандошимиз. Энди нима қилиш керак? Нуронийлар, жамоатчилик қаёққа қараяпти? Ким буни тушунтиради? Бундай нарсалар ҳаммамизни ўйлантириши, қийнаши керак».

Шавкат Мирзиёев

«Ширин туш эмасми?»

Сайтлардаги янгиликлар билан танишиб ўтиргандим. Мониторда яқиндагина нишонланган Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилган тадбирларни акс эттирувчи суратлар намоён бўлди – кенг ва равон кўчалар, кўркам иншоотлар, анвойи гулларга бурканган файзли хиёбонлар, рангин фавворалар, офтоб нурларида камалакдай товланган зилол томчилар, завқланиб қийқираётган болажонлар, чеҳраларида бахтиёрлик табассуми жилва қилган ота-оналар, набираларини бағрига босиб, дуога қўл очган момолару боболар...

Ўтган ҳафтада қатор интернет сайтларининг асосий мавзуси бўлган, Президентимиз ташаббуси билан Яқин Шарқ мамлакатларидаги оловли нуқталардан қайтариб келинган 156 нафар ўзбекистонлик аёл ва боланинг суратлари дийдаси қаттиқларни ҳам зир титратгани бор гап. Уларга қараб бир нарсани ҳис қиласиз: мудом ўқ ва портлашлар, таҳдиду тазйиқлар овозларига ўрганган қулоқлар дабдурустдан алёрлар, алқашлар, ардоқларга қандоқ қовушсин? Зулматга ўрганган кўзлар бундай чароғонликдан қамашмасинми?!

Ҳамон хавотиру ҳадик акс этаётган бу нигоҳлардан яхлит бир нарсани уқиш мумкин: «Бу ширин туш эмасмикан? Уйғониб кетсам, нима бўлади?»

Бу уйда ҳам тўйлар бўлгандир

Компьютер тугмасини сайтнинг навбатдаги файли номи устига босдим. Кўз ўнгимда ҳозиргина кўрганларимнинг бутунлай акси бўлган даҳшатли манзаралар суратлари гавдаланди. Бояги аёл ва болалар эсон-омон чиқиб келган дунёнинг оловли нуқталаридан олинганди бу тасвирлар... Бир пайтлар гуллаб-яшнаган тамал тоши қўйган юртларнинг бугунги қиёфаси эди булар...

Харобага айланган кўча манзарасига узоқ тикилиб турдим. Портлаш зарбидан олд қисми ўйилиб, қолган деворлари қорайиб қолган манави уйда ҳам бир пайтлар ширин ташвишлари билан одамлар яшагандир. Ҳовлисида болалар қийқириб ўйнагандир. Хайрли умидлар, эзгу ниятларга бешик бўлгандир-а, бу хонадон?! Бу уйнинг тандирида ҳам тонг саҳардан иссиқ нонлар ёпилгандир?! Эрталаб дастурхон атрофида оиланинг барча аъзоси жам бўлиб, кундалик турмуш ташвишлари ҳақида сокин суҳбатлар қуришгандир?! Қўллар дуога очилиб, диллардаги шукрона тилларга ҳам кўчгандир?!

Энди-чи?!

Қайда экан ҳозир бу шўри қуриган одамлар? Соғ-омонмиканлар?!

Қанча ширин орзу-ҳаваслар, эзгу ниятлар қовжираб, армонга айланди экан бу манзилда?..

«Насиб этса, келар шому ироқдан»

Юрагим увишди. Кўз ўнгим қоронғилашиб кетди. Нафасим оғирлашди... Сабрим чидамай, компьютер тугмаларини чиқиллатиб, яна фараҳбахш юртимиз манзаралари суратларига қайтдим.

Нигоҳларда табассумлар чақнайди. Ҳаётдан розилик, миннатдорлик, мамнунлик яққол акс этиб туради...

Ҳар икки сайтдан ҳам биттадан сурат олиб, компьютер мониторида ёнма-ён жойлаштирдим. Суратларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига синчиклаб назар солдим. Сўз билан тушунтириш мушкул бўлган ўзгача бир муқоясага гувоҳ бўлдим. Кўз ўнгимда мана бу манзаралар таққоси намоён бўлди: зулмат ва зиё, уруш ва тинчлик, ёвузлик ва эзгулик, эрксизлик ва эркинлик, таназзул ва тараққиёт, хароблик ва ободлик, бузғунчилик ва бунёдкорлик, қашшоқлик ва фаровонлик, жаҳолат ва маърифат, изтироб ва табассум, қайғу ва шодлик, фарёд ва алёр...

Ҳа, Рамазон ҳайити арафасида бир юз эллик олти нафар ватандошимиз ўз юртига, ўз уйига, ўлан тўшагига қайтди. Телевизорда бу аёллардан бирининг отаси кўзида ёш билан айтди: «Ота-онаси кечирмаганни ҳам Ватани кечирди». Улар қандай қирғинбаротларни, ақлга сиғмаган ёвузликларни кўриб қайтишди. Аллоҳга айтганлари бор экан, шунча шўришлардан Ватаннинг иссиқ қучоғига соғ-омон қайтишди. Ҳали она юртдан насибалари, ризқлари узилмаган экан. Тавба-тавба, дейсиз, беихтиёр, халқимиз билиб-билиб айтади: «Насиб этса, келур Шому Ироқдан, насиб этмаса, кетур қошу қабоқдан...».

Ҳа, куни кеча қарши олганларимиз юртдош­ларимизга улуғ бахт насиб этди, эскичасига айтганда, «суягини хўрламайдиган султон»га, фарзандларини ҳамма жойда ва ҳар қандай шароитда кечиришга ва қўллашга тайёр волидага монанд Ватаннинг дийдори, куюнчак яқинлар ардоғи, бағрикенг юрт сийлови... Жаҳаннамдек урушлар бағридан қайтган бу болаларни энди улуғ тақдир, нурли келажак кутаётгани тайин.

Биз шундай халқмиз

Донишларимизнинг айтишича, яхшилик, яхши ният бор жойдан илоҳий нур тараларкан. Бу нур бошқаларга ҳам татир экан. Минг шукур, ана шундай нурафшон ва тинч-осойишта манзилда яшаш бахти бизга насиб этган. Бахтимиз яна шундаки, барча эзгу, савобли ишларимизга раҳнамолик қилаётган одил ва оқил Юртбошимиз бор. Дунёнинг кўплаб халқлари орзу қиладиган бундай бахтни ҳар дақиқа, ҳар сонияда асрашимиз зарурлигини яхши биламиз.

Биз шундай халқмиз, ота-боболаримиз бизга шундай таълим беришган, бу туйғу, бу удум қонимизга сингиб кетган – уйимизда тансиқ таом тайёрланса, боғимиз мевага кирса, бир товоқ ош ё бир сават мевани қўни-қўшнимизга, маҳалладошимизга илинамиз. Ҳали-ку, ўз боласи, уруш қаъридан юртимизга кўчирилган ўнлаб ўзга миллат фарзандларига ҳам ўзи емай едирган, киймай кийдирган Шомаҳмудовларнинг авлодимиз. Минг йиллар аввал «Авесто»да битилган «эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал» ғояси қон-қонимизга сингиб кетган. Жаҳолатга қарши қурол кўтариб эмас, маърифат билан курашишга ўрганган элмиз...

Кўнгилда яна бир тилак бор – юртимиздаги барча яхшиликларни дунёга ҳам илинайлик, эзгу ниятларни, эзгу амалларни кўпроқ қилайликки, унинг нури башариятга таралсин! Кексаларимиз айтганидай, аввало, дунёмиз тинч бўлсин! Жондай азиз неъматимиз – осойишталигимизга кўз тегмасин! Юртимизга ярашиб турган тинчлик, фаровонлик, бунёдкорлик, тараққиёт, бағрикенг­лик ва тотувлик шукуҳи бошқаларга ҳам насиб этсин!

Нуриддин ЭГАМОВ,

журналист.