Ҳар бир ойлик самараси билан аҳамиятли

  • 10:06
  • 03,06-2019
  • 1410
  • Улашинг

Маълумки, ички ишлар органлари ходими фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячиси, тинчлик ва осо­йишталикни таъминлашга масъул ҳисобланади. Шунинг учун ходим фуқаролар билан бўладиган мулоқотда ҳуқуқий маданият соҳиби эканлиги намойиш этиб, одоб-ахлоқ қоидаларидан четга чиқмаслиги керак. У биринчи навбатда халқ манфаатларига хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билиши, ташаббускор, ташкилотчи, жонкуяр, ҳалол, касбига садоқатли, соҳадаги ислоҳотлар мазмуни ва давр талабларидан хабардор бўлиши зарур.

Бугунги шиддаткор замонда ҳар бир ички ишлар органи ходимидан билим ва малакасини узлуксиз ошириб, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий билимларини бойитиб бориши талаб этилмоқда. Ҳозирда ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ходимларимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурига боғлиқ. Шу сабабли жамиятда ҳуқуқий онгни ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ишларини кучайтиришга, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий маданият тарғиботини янада жадаллаштиришга энг муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги
«Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонида ҳуқуқий онгни ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш долзарб эканлиги белгилаб берилди.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 30 апрелдаги 116-сонли буйруғига асосан ички ишлар органларида ҳар йилнинг март ойи «Ҳуқуқий маданият ойлиги», май ойи «Одоб-ахлоқ ойлиги» ва декабрь ойи «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2016 йил
30 майдаги «Ички ишлар органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги, 2019 йил 27 мартдаги «Ички ишлар органлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2019 йил 1 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашиш дас­турини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруқларида белгилаб берилган вазифалар мазкур ойликлар бўйича амалга ошириладиган тадбирлар учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Хўш, ушбу муҳим ҳужжатда нималарга алоҳида эътибор қаратилган?

Биринчидан, ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти Ички ишлар вазирлигининг интернет тармоғидаги ва чоп этилган шаклдаги расмий манбаларида ёритилиши лозимлиги белгиланди.

Иккинчидан, ички ишлар органлари ходимларининг муомала маданиятини юксалтириш, уларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига сўзсиз риоя қилишларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Учинчидан, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, ходимларнинг коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар ташкил этиш белгиланди.

Ҳафтанинг ҳар сешанба куни «Ҳуқуқий ахборот куни» деб эълон қилинди. Шу куни маҳаллаларда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалаларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва натижасига кўра манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, ички ишлар органларининг малакали мутахассислари томонидан ўз хизмат жойида аҳоли орасидаги турли муаммоли масалалар, хусусан, миграция, хорижга чиқиш, ички ишлар органларига хизматга ва ўқишга кириш ҳамда бошқа аҳолини қизиқтирган масалалар бўйи­ча ҳуқуқий тушунтиришлар бериш, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, шу жумладан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклатилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ва уларни ижро этиш механизмларини масъул ижрочиларга тушунтириш тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди.

Шахсий таркиб ўртасида ташкил этиладиган касбий тайёргарлик машғулотларида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни ва аҳамиятини алоҳида режа асосида ходимлар эътиборига етказилиши кўзда тутилди. Шунинг­дек, мазкур ойликлар доирасида ҳуқуқий, маънавий-маърифий тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётган ходимларни рағбатлантириш, шу жумладан навбатдан ташқари махсус унвонларга тавсия этиб борилиши кўрсатилди.

«Одоб-ахлоқ ойлиги» доирасида ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан муомала маданияти ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини таъминлаш ҳамда шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мус­таҳкамлаш, жамоада соғлом ва ишчан руҳий муҳитни яратишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар кучайтирилади.

Аввало, ходимларнинг муомала маданиятига риоя этиши, ички ишлар органига ёки ходимга мурожаат қилган ҳар қандай фуқаро зудлик билан қабул қилиниши, барча даражадаги раҳбарлар ўз ходимларини қўполлик ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашлари, ўзаро ва фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларига қатъий муносабат билдиришлари ҳамда хулқ-атвори ва муомала маданияти билан ўзлари шахсий намуна кўрсатишлари зарур.

Ички ишлар органлари ходими ҳар доим аҳоли кўз ўнгида бўлишини, ички ишлар органларининг обрўси унинг хулқ-атворига ва хатти-ҳаракатларига бевосита боғлиқ эканлигини ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиш аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришини ёдда тутиши, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиши, уларнинг мурожаатларига холисона ва виждонан ёндашиши, айниқса, болалар, аёллар ва қария­ларга алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Шунингдек, «Одоб-ахлоқ ойлиги» доирасида ички ишлар органлари фахрийлари иштирокида «Уч авлод учрашувлари» ўтказилиши кўзда тутилган. Унда ички ишлар органларининг барча ходимлари онгига қонунга қатъий амал қилиш, ҳуқуқбузарлик ва интизомбузарлик­ларга йўл қўймаслик, аҳоли билан хушмуомала бўлиш, одамларнинг муаммоларига қонун доирасида ечим топишга кўмаклашиш, ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қасамёдига содиқ бўлиш каби жиҳатлар сингдириб борилади.

Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 25 сентябрдаги 260-сонли буйруғи талаблари асосида қўл остидаги шахсий таркиб билан олиб бориладиган тарбиявий ишлар барча тоифадаги раҳбарлар томонидан доимий назоратга олинади, ижтимоий ҳимоя чоралари кучайтирилади. Ходимларнинг хизмат вақтида тўсатдан вафот этиши ёки ўз жонига қасд қилиши каби фавқулодда ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари, шарт-шароитлари ўрганиб чиқилиб, келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш, шахсий таркибнинг маънавий-руҳий ҳолати, дам олишлари, меҳнат таътилига чиқишлари ҳамда даволанишларига алоҳида эътибор қаратиш ҳам тадбирлар доирасида устувор аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, ички ишлар органларида одоб-ахлоқ ва маърифат кенг ёйилгани сари, ходимнинг маънавияти ҳам юксалиб бораверади. Аллома бобомиз Абдулла Авлоний: «... Маърифатли халқ шижоатли бўлур. Шижоат қалбнинг матонатидан, руҳнинг саломатлигидан иборатдир. Маорифдан, фунундан ва маданиятдан маҳрум бўлган халқ жаҳолат панжаларининг орасида хамир каби эзилгандек, аъфоли замирида ҳам ўз нафсининг ёқасини бўшата олмас... Зероки, жаҳолат ва қўрқинч фақир ва муҳтожликдан зиёда даҳшатли бир мусибатдир», деган эди.

Бир сўз билан айтганда, ички ишлар органи ходимлари нафақат «Одоб-ахлоқ ойлиги» доирасида, балки ҳар доим юксак профессионализм, хушмуомалалик фазилатларини намойиш этишлари, одамлар орасига кириб боришлари, халқ дарду ташвиши билан яшашлари зарур. Зеро, ходимнинг одоб-ахлоқи унинг маънавий даражасини белгилайди.

 

Азизжон ФАЙЗИЕВ,

капитан.