Одамлар рози бўлса...

  • 11:07
  • 10,07-2019
  • 75
  • Улашинг

Сайёр қабуллар қачон натижа беради? Қачонки, фуқаролар бу қабуллардан рози бўлса. Давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддилар олдига қўйилган талабларнинг замири ҳам аслида шу – одамларни рози қилишдир.

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Азиз Тош­пўлатов Тошкент вилояти аҳолиси билан сайёр қабул ўтказди. Тошкент туманида ўтказилган сайёр қабулда вилоят ИИББ ва соҳавий хизматлар ҳамда шаҳар-туман Ички ишлар бўлимлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг ички ишлар органларига ишга, ўқишга кириш, ишга қайта тиклаш, паспорт тизими, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, фуқаролик масаласи, пенсия тайинлаш, ходимларнинг ноўрин ҳаракатлари ва бошқа соҳалардаги маиший муаммоларга оид масалалар юзасидан қилган мурожаатлари тинг­ланиб, уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Масалан, кўп йиллардан буён фуқаролик паспортини олиш масаласида муаммоларга дуч келаётган тўрт кишига паспортлар топширилди. Шунингдек, айрим фуқароларга мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Сайёр қабул якунида фуқароларнинг мурожаатлари натижаси таҳлил қилиниб, ҳудудий секторлар раҳбарларига муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.

* * *

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Дониёр Қодиров томонидан Бухоро вилоятида сайёр қабул ўтказилди.

Бугунги кунда сайёр қабуллар халққа янада яқинроқ бўлиш, уларнинг дарду ташвишлари, қийнаётган муаммоларини тинглаш ва тезкорлик билан ечимини топишда мурожаатлар билан ишлаш тизимининг ўзига хос ажралмас қисмига айланиб улгурди. Когон туманидаги Тараққиёт маҳалласи марказида бўлиб ўтган сайёр қабулда ҳам айни шу масалаларга эътибор қаратилди. Қабулда бўлганлар ички ишлар органлари хизматига қайта тиклаш, суриштирув ва тергов ҳаркатлари ҳамда бошқа ижтимоий-маиший масалалар юзасидан мурожаат қилдилар.

Мурожаатларнинг кўпчилик қисми жойида ижобий ҳал этилиб, қўшимча ўрганиш талаб этиладиганлари бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.

Қабул жараёнида маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда эҳтиёжманд шахс­ларга ногиронлар аравачалари ва қўлтиқтаёқлар тарқатилиб, бир нафар фуқарога ўғлини бепул даволатиш учун ордер расмийлаштириш масаласи ҳал этилди.

Қувват ЯРАШОВ,

майор.

Бухоро вилояти.

* * *

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хатамов Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида сайёр қабул ўтказди.

Туман ҳокимлигида ташкил этилган сайёр қабул аввалида вазир ўринбосари, полковник Рустам Хатамов ва вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари Байрам Узоқов сўзга чиқиб, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил
8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот бердилар.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари иштирокида уюштирилган сайёр қабулда вилоятнинг барча ҳудудларидан фуқаролар қатнашди. Мулоқотлар давомида ички ишлар органларига ишга тикланиш, нафақа тайинлаш, ИИВ академик лицейига қабул қилиш юзасидан мурожаатлар бўлди. Ишга жойлаштириш, мол-мулк ва маблағларни ундириш, тадбиркорлик учун кредит ажратилиши, тиббий хизматдан фойдаланиш, даволаниш учун ордер олиш, уй-жойни таъмирлаш, турар жой билан имтиёзли асосда таъминлаш масалалари ҳам кўтарилди. Шунингдек, коммунал тўловларни қоплаш, электр ва газ таъминотини яхшилашга оид арз ва шикоятлар билдирилди. Тадбир натижадорлигига эришиш, фуқаролар талабларини тўлақонли қондириш, масалаларни холис ва қонунан ҳал қилиш мақсадида ҳар бир мурожаат бўйича масъуллар бириктирилиб, муаммоларнинг ечимини топиш муддатлари белгиланди.

Тадбир доирасида 5 нафар фуқаролиги бўлмаган ҳамюртимизга мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 4 июндаги фармонига мувофиқ, фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди.

— Бугун ҳаётимдаги энг қувонч­ли кунлардан бири, 24 йиллик орзуим ушалиб, Ўзбекистон Рес­публикаси фуқароси бўлишдек бахт насиб этди, — дейди Шароф Рашидов туманидаги Куёвбоши маҳалласида яшовчи Шерали Исмоилов. — Бунинг учун Президентимизга, фуқаролик паспортини шахсан топширган Ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Хатамовга ўз миннатдорлигимни билдираман.

Сайёр қабул давомида ҳудудида жиноятлар содир этилишига йўл қўймаган, қонунбузарликларнинг олдини олишда жонкуярлик қилаётган тўрт нафар маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда беш нафар профилактика инс­пектори фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Шунинг­дек, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларига маиший электр ускуналари топширилди. Хизматда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар ҳам рағбатлантирилди.

Айтиш жоизки, сайёр қабул жараёнида қайта мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилиб, рес­публика миқёсида ҳал этиладиган масалалар бўйича таклифлар тайёрланди. Бундай тадбирлар мавжуд ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни бартараф этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга, ички ишлар органлари нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

«Postda» мухбири.

Жиззах вилояти.

* * *

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Муҳиддин Жўраев томонидан Наманган вилоятининг Чуст туманида ўтказилган сайёр қабулда вилоятнинг барча туманларидан келган фуқароларнинг мурожаатлари тинг­ланди.

Вазир ўринбосари ҳар бир мурожаатчини шахсан қабул қилиб, дардига қулоқ тутди.
50 та мурожаатдан 28 таси жойида қаноатлантирилди. 4 таси маҳаллий ҳокимликларга,
1 таси суд, 1 таси Марказий банкка тегишлилиги бўйича йўналтирилди. Қолган мурожаатлар айни пайтда қонунчиликда кўрсатилган муддатларда ўрганиш ва ҳал этиш учун кўриб чиқилмоқда.

– Бир нечта ташкилотлар ҳамкорликда маҳалладаги муаммоларни ўрганиб юрган пайтда тангқулоқлик ташхиси билан касалланган онам Эркиной Асадова учун эшитиш мосламасини сўраган эдик, – дейди поплик Наргиза Низомова. – Бугун мана шу тиббий анжомни олдик. Бунинг учун мутасаддилардан миннатдорман.

– Мен ҳам жияним учун ногиронлар аравачасини олиш учун келдим, – дейди Норин туманидаги «Норинкапа» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Аҳмадали Зайниддинов.
– 14 йилдан бери тўшакка михланган Лутфулложонга жуда антиқа совға бўладиган бўлди-да, ўзиям.

Сайёр қабул нафақат аҳоли мурожаатларига ечим топиш, балки ташриф буюрувчиларга кўтаринки кайфият бағишлаши учун ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш мақсадида ташкил этилган ҳуқуқ бурчагида тарқатма материаллар жойлаштирилди. Китоб жавонидан эса адабиёт ихлосмандлари ўзлари истаган китобни харид қилиши ва ўқишига шароит яратилди.

Дилдора РАҲМОНОВА,

«Postda» мухбири.

Наманган вилояти.