Бухгалтер тунаб кетилди

  • 12:10
  • 10,10-2019
  • 278
  • Улашинг

   Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани «Хайробод» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, институтда бухгалтер бўлиб ишловчи О. Д.  жорий йилнинг 4 октябрь санасини асло унутмаса керак. Чунки бу кун унинг хотирасида фақат ёмон хотиралар билан ёдда қолади.

   Гап шундаки, 4 октябрь куни тунда унинг уйига юзларига ниқоб таққан икки нафар нотаниш киши бостириб кириб, пул ва қимматбаҳо нарсаларни талаб қилишди. Босқинчилар О. Д. ва унинг 12 ёшли қизини қўрқитиб, қўл-оёқларини мато билан боғлашди. Сўнгра ётоқхонадаги сейфдан 250 миллион 500 минг сўм пул ва 32 миллион сўмлик 11 турдаги заргарлик буюмларини олиб, воқеа жойидан яширинишди.

   Жабрланувчининг мурожаатидан сўнг мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, босқинчилар шахсини аниқлаш ва жиноятни фош этиш  чоралари кўрилди.

   Кўп ўтмай, жиноятни содир этганларнинг шахси аниқланиб, қўлга олинди. Босқинчиликни Сирдарё вилояти Боёвут тумани Зиёкор маҳалласида рўйхатда турувчи, вақтинча Жиззах шаҳар «Зилол» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н. Ж.,  шаҳарнинг Амир Темур маҳалласида яшовчи Л. В. ва Шароф Рашидов тумани «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган Н. И. содир этган экан.

Фозилжон МАМАШАРИПОВ,

“Postda” мухбири.