Шаффоф ва очиқлик асосида

  • 11:06
  • 24,06-2019
  • 850
  • Улашинг

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Навоий академик лицейи шу кунларда доимгидан ҳам гавжум. Яхши ният ва бир олам орзулар билан лицейда ўқиш истагида ҳужжат топширган ёшларнинг юз-кўзидан ҳис-ҳаяжонини илғаш қийин эмас. Бўлғуси осойишталик посбонлари билан бирга уларнинг ота-оналари ҳам тўпланишган.

– Янги 2019–2020 ўқув йили учун танлов жараёнлари бўлиб ўтди. – дей­ди вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси инспектори, капитан Низомиддин Ҳасанов. – Маълумки, ушбу нуфузли ўқув масканида таълим олиш бугун кўплаб ўғил-қизларнинг орзусига айланган. Бу йил 1579 нафар ёшлар ўқишга кириш учун ҳужжат топширган. Танловдан кўзланган асосий мақсад – энг муносиб ёшларни танлаб олиш. Шу мақсадда ИИВнинг «Ўзбекистон Республикаси ИИВ академик лицейларига ўқувчиларни қабул қилиш бўйича танловлар ўтказиш тўғрисида»ги буйруғи талаблари асосида ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Дарҳақиқат, лицейга қабул жараёнларида шаффофликни таъминлаш мақсадида зарур тадбирлар амалга оширилди. Диктант ёзаётган ўқувчиларнинг ота-оналари монитор орқали жараённи кўриб туришди.

– Ўқитувчилар билан бирга, биз – ота-оналар ҳам кузатувчи сифатида иштирок этиб, ушбу жараённинг гувоҳи бўлдик, – дейди Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Дилором Ҳакимова. – Бизни хурсанд қилган асосий жиҳат – танлов шаффоф ва очиқлик асосида ўтди. Ўғлим Бунёджон лицейда ўқиш ниятида биринчилардан бўлиб ҳужжат топширган эди. Дастлабки тест синовларидан муваффақиятли ўтди. Ҳозир диктант ёзиб чиқди.

– Танлов икки босқичда ўтказилди, – дейди лицей директори, подполковник Ёдгор Аҳмедов. – Дастлабки жараёнда иштирокчилар билан суҳбат ўтказилиб, психологик тест синовлари олинди. Сўнгра болалар диктант ёзишди. Бу жараёнга вилоят халқ таълими бошқармаси билан келишган ҳолда малакали педагоглар жалб этилди. Билимли, орзу-интилишлари баланд, келгусида ички ишлар органи ходими бўламан, деган қатъиятли ёшлар ўқувчиларимиз сафидан жой олишини истаймиз.

Ҳа, кўзлари порлаб турган, умид ва иштиёқ билан танловда қатнашган ўғил-қизлар катта ҳаётга қадам қўйишга шай. Келгусида эл-юртга садоқат билан хизмат қилишни қалбига жо этган ёш авлоднинг қадамлари қутлуғ бўлсин!

 

Нигора РАҲИМОВА,

«Postda» мухбири.

Навоий вилояти.