Шогирдларимнинг муваффақиятидан мамнунман, –

  • 11:06
  • 24,06-2019
  • 973
  • Улашинг

дейди майор Маҳмуд Топилов

2016 йилнинг октябрь ойи эди. Хизмат вазифасини ўтаётган майор Маҳмуд Топиловнинг кўзи қўлида қора пакет ушлаганча атрофга олазарак қараётган шубҳали шахсга тушади. Ўзини ички ишлар органи ходими кузатаётганлигини сезган жиноятчи қўлидаги буюмни ташлаганча қоча бошлайди. Аммо чаққонлик билан ҳаракат қилган осойишталик посбони тезда уни қўлга олади.

Олиб борилган суриштирувлар натижасида маълум бўлишича, мазкур шахс кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини сотиш учун ўз харидорини кутаётган экан.

Шундай қилиб, кўплаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлувчи заҳри қотил мақоламиз қаҳрамонининг ҳушёрлиги сабабли ушлаб қолинди. Бундай воқеалар унинг хизмат фаолиятида тез-тез учраб туради.

Бугунги кунда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикасини мувофиқлаштириш бўлими муҳим топшириқлар бўйича инспектори лавозимида хизмат қилаётган М. Топилов 1972 йилда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида туғилган. У тоғаси, нафақадаги майор Абдукамол Ҳожимуҳаммедовга ҳавас қилиб шу соҳани танлади. Тошкент автомобиль-йўллар институтини тамомлагач, бир муддат хусусий фирмада ишлади.

Сўнгра ҳужжатларини ИИВ Транспортдаги ички ишлар бошқармасига топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтган ёш ходим илк фаолиятини мазкур бошқармага қарашли кинология марказида бош­лади. Хизматда ўзини ҳар томонлама кўрсатиб, раҳбариятнинг эъти­борига тушди, хизмат пиллапоя­ларидан аста-секин кўтарила борди. Ўтган вақт давомида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида турли лавозимларда хизмат қилди. Хизмат даврида дуч келган қийинчилик ва машаққатларни сабот билан енгиб ўтди, катта тажриба орттирди.
М. Топилов бугунги кунгача ўз касбининг сир-синоатларини ўрганишдан чарчамади, ҳамон изланишда давом этмоқда.

Қаҳрамонимиз муваффақиятларга эришишида оиласининг ҳам муносиб ўрни борлигини фахр ила таъкидлади. Чунки топшириқларни ўз вақтида бажариш учун ярим тунгача, баъзан ҳатто тонггача ҳам хизматда қолишига тўғри келарди. Навбатчилик пайтлари ҳам бу ҳолат такрорланиб, куну тун уйга бора олмас эди. Турмуш ўртоғи бундай пайтларда унинг йўқлигини билдирмасдан, фарзандлар тарбия­си билан шуғулланган, ҳеч қачон нолимаган. Бу эса унга куч-қувват бағишлаб, касбига бўлган меҳрининг янада ошишига мустаҳкам замин яратди.   

 Майор Маҳмуд Топилов узоқ йиллар мобайнида эл-юрт тинчлиги, осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат қилиш билан бирга, кўплаб шогирдлар ҳам тарбиялади. Ҳозирда уларнинг барчаси юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқда.

– Мен шогирдларимнинг муваффақиятидан қувонаман, – дейди майор М. Топилов. – Шундай кезлари уларга ўргатган билимим ва тажрибам, берган ўгитларим зое кетмабди деб мамнун бўламан.

– Устозимнинг берган маслаҳатларига амал қилиб, асло кам бўлмадим, – дейди капитан У. Тўйчиев. – Шу боисдан ҳам устозимдан умрбод қарздорман.

Хизматда ҳам, оилада ҳам ўз ўрнига эга бўлган бу ходим турмуш ўртоғи Маҳмудахон билан икки фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Катта ўғли Маъмуржон отасининг изидан бориб, ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБда фаолият юритмоқда. Икки нафар шириндан-шакар неваранинг севимли бобожони бўлган майор Маҳмуд Топилов доимо ўз касбидан фахрланади.

Михли САФАРОВ,

лейтенант.

Содиқ ҲАКИМОВ олган сурат.