Хаёлда жонланар барча-барчаси…

  • 13:10
  • 10,10-2019
  • 179
  • Улашинг

   Бугун тонг бошқача туюлди менга... Табиат куйига ўйнаётган БАРГ бехосдан эслатар сирли дунёни. Атрофда жаранглар қушлар овози, уларга қўшилиб куйласам дейман, ёнимга қарайман ҳеч ким йўқ ўзимдан ўзга. Хаёлда жонланар барча-барчаси: қўлда гул мактабга борган чоғларим, тупроқ кўчаларни чангитганиму қўшнининг боғидан олма узганим ва сўнгра онамнинг даккилари ҳам.

   Хаёллар каттариб боради секин... Таниш қийин бўлди олийгоҳни рост, лекин ўзгармабди ўша ўриндиқ (орадан ўн йилча вақт ўтса ҳамки!). Эслагим келяпти, билмадим, нени. Таъқиб этяпти таниш қиёфа, бирдан пайдо бўлди кўзим ўнгида, нима қилаётган экан ҳозир У?..

   Ҳар нега қодирдай сезаман ўзни, қўшилгандай бўлар кучларимга куч, ёрдам берай, айтинг, кимга, нимадан? Отамнинг сочига қўнган қирову Онамнинг юзига тушган ажинлар, менга эслатади ожизлигимни…

   Билмадим, қай ерда турибман ҳозир, қайси манзил сари одимлаяпман. Ўмғир ёғса керак, менимча, энди, осмонда айланар қушлар галаси, ҳайтовур, шундай деб айтганди бобом. Машина сигнали келтирар ўзга, ёдимга тушади уйга боришим. Кўчалар тирбандмас эди-ку бунча, дақиқалар ичра буюк ўзгариш – оёғим остида бир тўда ХАЗОН, уларнинг юзига оёқ қўйишни, ўзимча ўйлайман, бу – катта гуноҳ. Ўзга йўл топаман манзилим сари, қўшнимнинг қизчаси чиқади чопиб, эртага боғчага боргиси келмас, мактабга боришни истаяпти у, зумда улғайсам дер, йиғлама десам…

Хаёлимдан ўтар шундай мисралар, ёзган бўлса керак, қайсидир шоир:

Олтин куз бағрингга маҳкам бос мени,

Ҳис қилай ёнимда ҳамроҳлигингни.

Ўлғиз қолдирмагин, майли, тўқсон кун

Менга эслатиб тур гумроҳлигимни.

Шерзод АБДУСАМАДОВ.