Анъаналар ва илғор тажрибаларга таяниб

  • 09:08
  • 21,08-2019
  • 884
  • Улашинг

Мустақиллик бизга, аввало, мамлакат ва миллат тақдири билан боғлиқ барча жабҳаларда мутлақо эркин ҳаракат қилиш, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини собит туриб ҳимоялаш, сиёсий, иқтисодий, мафкуравий, маданий-маънавий соҳаларда тенглараро тенг бўлишдек бахтни насиб этди. Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган аниқ вазифа ва йўналишлар юртимизда тинчлик-осойишталикни, барқарор тараққиёт ва миллатлараро тотувликни сақлаш, миллий армиямизни янада такомиллаштириш, мамлакатимизнинг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш борасида пухта ўйланган, изчил саъй-ҳаракатларни амалга оширишда дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳарбий хизматни ўташ учун муносиб шарт-шароит яратиш, ҳарбий хизматчилар ва улар оилаларининг ижтимоий ҳимояси ва фаровонлигини таъминлашга давлатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда миллий армиямиз тарихий ва миллий анъаналарини сақлаган ҳолда, ҳарбий қурилиш ва ҳарбий санъат соҳасида дунёдаги илғор тажрибаларни ўзлаштириб, юртимиз хавфсизлигини таъминлаб келмоқда.

Жумладан, ИИВ Қоровул қўшинларини замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ, махсус алоқа воситалари ва компьютер техникалари билан таъминлаш, ўз касбини профессионал даражада эгаллаган, ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қила олиш қобилиятига эга бўлган ҳарбий кадрлар билан жамлаш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Бир сўз билан айтганда, қўшинларимизда ҳарбий ислоҳотлар талаблар даражасида олиб борилмоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш ҳамиша қўмондонликнинг диққат марказида.

Шуни фахр ва ғурур билан айтишимиз мумкинки, вакилларимиз нафақат республика, балки Осиё миқёсида ўтказилаётган спорт мусобақаларида ҳам фаол қатнашиб, етакчи ўринларни қўлга киритмоқда. Жумладан, Қоровул қўшинларининг шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Суннатилло Исмоилов жорий йилнинг 6–8 июль кунлари Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида енгил атлетика бўйича бўлиб ўтган халқаро турнирда эстафета йўналиши бўйича биринчи ўринни, 100 метр масофага югуриш бўйича эса иккинчи ўринни, 2019 йил 12–14 июль кунлари Қирғизистон Респуб­ликасининг Бишкек шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни, 100 метр масофага югуриш бўйича иккинчи ўринни эгаллади. Мазкур мусобақада Қоровул қўшинларининг шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Андрей Резниченко енгил атлетиканинг узунликка сакраш тури бўйича иккинчи ўринни эгаллади.

Шахсий таркибнинг самарали хизмат қилиши унинг ижтимоий ҳимояси, маънавий-руҳий ҳолати билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боис, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун замон талабларига жавоб берадиган Андижон вилоятида битта, Тошкент шаҳрида иккита хизмат уйлари ва Наманган вилоятининг Поп туманида ҳарбий шаҳарча қурилиши амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2019 йилда узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида 41 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзоларига квартира сотиб олиш ёки қишлоқ ҳудудида намунавий уй-жой қурилиши учун 25 фоиз бошланғич бадал пули тўловлари амалга оширилди.

Бугунги кунда хизматда юксак натижаларга эришган намунали ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилмоқда. Уларнинг ота-оналарига ташаккурномалар эълон қилинмоқда. Шунингдек, кўп йиллар давомида бенуқсон хизмат қилиб, шахсий таркиб ўртасида ҳурмат-эътиборга эга бўлган ҳарбий хизматчиларни тантанали равишда пенсияга кузатиш яхши анъанага айланган. Хизмат вазифаларини виждонан бажариб келаётган ҳарбий хизматчиларнинг 51 нафар фарзандига ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида ногирон ёки ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг 20 нафар фарзандига 2019/2020 ўқув йилида республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома тақдим этилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг оила  аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини ёйишга, турли тадбирларни ўтказишга алоҳида эътибор бериляпти. Соҳа фахрийлари тез-тез ҳарбий жамоалар шахсий таркиби билан учрашиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда, ёш аскарларни ватанпарварлик, бурчга садоқат руҳида тарбия­лашга муносиб ҳисса қўшишяпти.

Шартнома асосида хизматга қабул қилишда биринчи галда номзодларнинг пухта жисмоний тайёргарлиги, интеллектуал салоҳияти, психологик жиҳатлари, юксак маънавияти ҳисобга олиняпти. Танловнинг ошкоралик руҳида ўтказилаётгани, соғлом рақобат муносиблар ичида энг муносибларни танлаб олиш имконини беряпти.

Офицерлар, аскар ва сержантларнинг ўз устида ишлаши учун ҳарбий қисмларда зарур шарт-шароитлар мавжуд. Махсус адабиётларга эга кутубхоналар, спорт майдончалари, тренажёр заллари улар ихтиёрида.

Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда ҳафтанинг ҳар жума куни Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни этиб белгиланган. Шу куни таниқли фан, маданият, санъат ва адабиёт, дин арбоблари, соҳа йўналиши бўйича илғор мутахассислар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳарбий қисмларда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликдаги режага асосан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда мактаб ва коллеж ўқувчилари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкиллаштирилмоқда.

Шахсий таркиб ўртасида китобхонлик кенг тарғиб қилиняпти. Ҳарбий қисм ва бўлинмалар кутубхоналарини бойитиш ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида «Шарқ зиёкори» ва «Китоб олами» китоб дўконлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда китоб ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида ҳарбий интизом ва қонунийликни мустаҳкамлашга ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қараляпти. Ҳафтанинг пайшанба куни Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни этиб белгиланган. Шу куни барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларда ҳарбий прокуратура, ички ишлар органлари ходимлари, Маънавият ва маърифат маркази вакиллари ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида тарбиявий-профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси орқали эфирга узатилаётган ҳуқуқбузарликлар профилактикасига бағишланган телекўрсатувлар шахсий таркибга намойиш этиб келинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, Ватанни ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифаларни бажараётган ИИВ Қоровул қўшинлари шахсий таркибининг маънавиятини ошириш, хизматини муносиб рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида барча зарур чоралар кўриляпти.

Ихтиёр ХУДАЙНАЗАРОВ,

полковник.